Жамият | 17:54 / 11.03.2021
18157
6 дақиқада ўқилади

Оилада қиз фарзандга нисбатан муносабат ва уларнинг таълим ҳуқуқи. 8 мартдан сўнг

Доимгидек, 8 март – халқаро хотин-қизлар кунида аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш жоизлиги ҳақида гапирилди. Байрам ўтди ва тан олиб айтишимиз керакки, жамиятимизда хотин-қизларни қийнаётган масалалар ҳамон долзарблигича қоляпти.

INTELLEKT рукнининг бу галги сони хотин-қизларнинг шахс сифатида шаклланиши ва ривожланиши йўлидаги имконият ва тўсиқларга бағишланди. Рукн меҳмонлари – кинорежиссёр Мухлиса Азизова, блогер Шаҳноза Соатова ва ҳоким ўринбосари сифатида фаолият юритаётган Дурдона Раҳимова.

«Энг муҳими, қизларни ўқитиш ва ўз-ўзини қадрлашни ўргатиш»

Мухлиса Азизова, Ўзбекистон миллий кинокомиссияси раиси, режиссёр:

— Назаримда, қизларнинг ҳаётга бўлган мотивацияси болалигидан бошланади. Қиз учун энг катта авторитет бу – унинг отаси. Улар келажакда ҳам турмуш ўртоқ сифатида ўз отасидек феъл-атворли инсонни танлаши психологлар томонидан исботланган. Ота қиз фарзанднинг ҳаётида, унинг руҳиятида жуда катта аҳамиятга эга.

Шу сабабли қизлар ва аёллар муаммолари ҳақидаги аксарият ижодий ишларимда оталарга катта урғу бераман. Оталар аёлини хўрлаб, қизини эркалатса ва қизимга яхши тарбия беряпман деб ўйласа, хато қилади.

Мухлиса Азизова

Қизларга ўзлигини, ўз ҳиссиётларини танишни ўргатиш керак. Қиз бола, келин доим жилмайиб туриши керак деган нарса – стереотип. Унга нимадир ёқмаётган бўлса-ю, у зоҳиран кулиб турса, бу нарса қачондир портлашга олиб келади.

Қизларни ўқитиш шарт. Улар шахс сифатида шаклланганидан кейингина турмушга бериш керак. Чунки турмуш қурди дегани ҳаёти яхши бўлишига кафолат эмас, эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Ҳаммаси яхши бўлишига ишонганимизда ҳам, оила қураётган қиз мустақил ва шаклланган шахс бўлишига эътибор қилиш керак.

Кузатувларга кўра, ҳар бир оилада муайян пайт кризис даври бўлади. Яъни эр-хотин ўртасида зиддият пайдо бўлади. Ана шу кризисдан айнан шахс сифатида шаклланиб улгурган инсонлар яхшироқ ўтиб кетишади. Бунда эр ва хотин ўртасидаги диалог муҳим аҳамиятга эга.

«Биз хотин-қизларнинг энг оддий, элементар ҳуқуқларини сўраяпмиз»

Шаҳноза Соатова, адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, блогер:

Шаҳноза Соатова

— Бугунги кунда аёлларимизнинг ҳуқуқлари етарли даражада таъминланмагани сабабли ҳам бу масалани муҳим деб биламан.

Аёлларимизнинг айниқса таълим олиш, ўз ҳаётини ўзи белгилаш, ишлаш ҳуқуқлари кўпроқ бузиляпти. Иш жойида ҳам айнан аёл бўлгани учун камситишлар тез-тез учрайди.

Шунинг учун ҳам 2019 йилда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» ва «Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» 2 та муҳим қонун қабул қилинди. Булар – тарихий қонунлар. Чунки биз мустақил бўлганимизга қарийб 30 йил бўлган бўлса, бу қонунларни эндигина қабул қилдик. Яъни хотин-қизлар ҳуқуқлари масаласига давлат даражасида эътибор қаратиб, шу ерда муаммоларимиз борлигини тан олиб, уни қонун даражасига олиб чиқдик.

Бугунги муаммолар – хотин-қизларнинг энг оддий, элементар ҳуқуқлари. Олий таълимдаги талабалар орасида барибир йигитлар кўпроқ. Оилада ўғил ва қиз фарзандлар бўлса, ота-оналар ўғил болани ўқитиш керак деб ҳисоблашади, «қиз бола барибир турмушга чиқиб кетади», дейишади.

Аёл киши ишни ҳам, оилани ҳам мувофиқлаштириб олиб бора олади, деб ўйлайман. Ҳатто кун бўйи ишласа ҳам. Албатта, ишловчи аёлларга қўллаб-қувватлаш керак. Тарихдаги буюк аёллар ҳам, бугунги кундаги фаол, катта-катта касбий ютуқларга эришган аёллар ҳам аввало она, улар фарзанд тарбиялашган. Ҳатто фарзандлари билан хорижда ҳам ўқиб келишяпти.

Технологиялар ривожланиб, овқат пишириш, кир ювиш кабилар кўп вақт оладиган юмуш бўлмай қолди. Ҳозир ҳар кимга асосийси мулоқот, кўнгилдан гаплашадиган яқин одам керак бўлиб қолди. Оилада эр учун шундай одам аёл бўлиши керак. Бунинг учун аёл албатта ўқиган бўлиши керак, албатта фаҳм-фаросатли, илмли ёки қўлида ҳунари бор бўлиши, яъни ўзини мустақил шахс сифатида тақдим эта оладиган бўлиши керак.

Ажралишлар сони ортяпти, деймиз. Лекин шунда ҳам қизларимизга билим бермаяпмиз, уларга касб ўргатмаяпмиз. Аёлларимизни ҳар қандай ҳаётий вазиятларга тайёрлаб боришимиз керак, чунки аксар ҳолларда ажралишларда фарзанд онаси билан қолади. Шундай экан, аёлнинг билимсиз бўлишга, ҳунарсиз бўлишга ҳаққи йўқ. Бу – соғлом, билимли авлодни тарбиялаш масаласи.

«Ишончни оқлай олмасам, раҳбар аёллар ҳақида нотўғри хулоса қилишлари мумкин»

Дурдона Раҳимова, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари:

Дурдона Раҳимова

— Бизнинг оилада қизларни бирор таълим муассасасига кирмасдан турмушга узатишмаган, бу жуда тўғри анъана деб ўйлайман.

Карьера қилиш истагидаги қизлар турмуш қуришидан аввал танлов қаршисида қолишади. Бир томондан оила қуриш, келинлик, фарзандли бўлиш орзуси, бошқа томондан эса жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш мақсади туради.

Оиланинг ўзи билан бўлиб, жамиятдан узилган аёл ҳам, фақат карьерада ютуқларга эришиб, оилада ўзини топа олмаган аёл ҳам бахтсиз бўлиши мумкин. Аёлнинг тўлақонли бахти деганда мен ҳам жамиятда, ҳам оилада муносиб ўрнини топишни тушунаман.

Раҳбар аёл сифатида айтишим мумкинки, агар менга юкланган вазифани тўлақонли бажара олмасам, билдирилган ишончни оқлай олмасам, ишимга масъулиятли бўлмасам, бу атрофимдаги инсонларда раҳбар аёл феноменига нисбатан бошқача тасаввур қолдиради. Мендан кейин бу ўринга аёл кишини тайинлашлари эҳтимоли ҳам камайиши мумкин. Чунки айтишади: «Мана, бу лавозим аёл кишига ишониб топширилганди, лекин ўзини оқламади, кейинги сафар эркак кишини қўйганимиз яхшироқ», деган фикр бўлишидан қўрқаман.

Мавзуга оид