Ўзбекистон | 10:11 / 11.03.2021
5170
3 дақиқада ўқилади

«Финляндия ўқув дастурлари ўрганилмоқда» — Улуғбек Тошкенбоев

Жорий йилнинг 10 март куни Таълим инспекцияси ва Финляндия Миллий таълим агентлиги вакиллари ўртасида олий таълим тизимида ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш масаласига бағишланган онлайн семинар ташкил этилди.

Унда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев, инспекциянинг тегишли бўлим ва бошқарма бошлиқлари, «Эрасмус+»нинг Ўзбекистондаги Миллий офиси раҳбари Азиза Абдураҳмонова ҳамда Финляндия Миллий таълим агентлиги эксперти Анника Сундбек-Линдроос иштирок этди.

Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев таълим сифатини оширишда халқаро илғор тажрибалар, хусусан, Финляндия тажрибасининг ўрганилиши, бу борада амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди.

«Таълим инспекцияси, тегишли вазирликлар ҳамда Финляндия вакиллари билан ҳамкорликда мамлакатимиз таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган вақт давомида Финляндия тажрибасини ўрганиш ва уни республикамизда жорий этишга қаратилган тизимли вазифалардан иборат «Йўл харитаси» лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, финляндиялик ҳамкорлар билан ўтказилган мунтазам мулоқотлар натижасида ушбу мамлакатда бугунги кунда қўлланилаётган ўқув дастурлари ўзбек тилига таржима қилинди ва изчиллик билан ўрганилмоқда.

Бунда мавзулар учун ажратилган ўқув соатлари, таълим жараёнларида ўқитувчи ва ўқувчига қўйиладиган талаблар ҳам фан йўналишлари бўйича тақсимланган экспертлар гуруҳлари томонидан қиёсий таҳлил қилинмоқда.

Мазкур жараёнда Финляндия таълим тизимининг маҳаллий шароитга мос жиҳатлари янгиланадиган ўқув дастурларига сингдирилади», – деди Улуғбек Тошкенбоев.

Мулоқот давомида финляндиялик эксперт Анника Сундбек-Линдроос Финляндияда таълим жараёнлари ташкил этилишида ўқитувчиларни тайёрлаш ва уларни танлаб олиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашган.

«Финляндияда ўқитувчилик касби учун қўйилган энг асосий талаблардан бири - улар магистрлик даражасига эга бўлиши керак. Чунки ўқитувчи, аввало, жамиятнинг йўналтирувчи кучи ҳисобланади. Шунингдек, ушбу касб илмий тадқиқот билан мунтазам боғлиқдир.

Умуман, Финляндия таълим тизимида кадрлар тайёрлаш тизими икки йўналишга бўлинади: касбга ва тадқиқотга йўналтириш. Шу нуқтайи назардан қаралганда, мамлакатда таълим тадқиқот билан узвий боғланган ҳолда олиб борилади.

Педагогика йўналишида фаолият юритиш истагидаги талабгорлар ўрта махсус маълумотга эга бўлиши лозим. Уларнинг саводхонлик даражаси ва тил билиш салоҳиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, битирув имтиҳонлари вақтида ҳар бир талабгор билан алоҳида лаёқат суҳбатлари ўтказилади. Битирувчиларнинг ушбу касбни қандай мақсадда танлагани ва таълим тизимини ривожлантириш бўйича келажакдаги режаларига аниқлик киритилади», – деди Финляндия Миллий таълим агентлиги эксперти.

Мавзуга оид