«Банклар таклиф қилаётган аксар шартномаларда мижоз манфаати бир томонлама бузилган» - ИҲҲҚЖФ
Банклар томонидан таклиф этилаётган кредит шартномаларининг аксари фақат банк манфаатини кўзлаб, бир томонлама тузилган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ижрочи директори Иномжон Тоғаев Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда шу ҳақда маълум қилди.
Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда Kun.uz мухбири Федерация монопол ташкилотларга нисбатан қандай муносабатда эканлигига қизиқди. Хусусан, UzAuto шартномаларида бир томонлама манфаат акс этгани, автомобиль қийматининг 85 фоизини олдиндан қабул қилаётгани истеъмолчилар ҳуқуқларини қанчалик поймол қилишига қизиқди.
«Тўғриси, жаҳон автомобил сотиш амалиётида 85 фоиз пулини олиб, кейин 15 фоизини олиш қоидаси амал қилмайди. Пулини тўлайсиз, автомобилингизни олиб кетасиз. Айрим компаниялар, ҳатто, автомобилнинг маълум бир қисмини тўлаб, қолганини кейин тўлаш шарти билан маҳсулотларини сотмоқда.
Олдиндан 85 фоиз пулини тўлаб, маълум бир муддат кутиб, кейин қолган суммани тўлаб, автомобил харид қилиш амалиёти фақат Ўзбекистонда бўлса керак. Монополия ўзи эркин бозор иқтисодиётининг кушандаси. Бу нуқтайи назаридан биз ўз муносабатларимизни билдирганмиз, Монополияга қарши кураш қўмитасининг судга беришидан (Ўзавтосаноат ва ЎзАвто компанияларини – таҳр.) кўпчиликнинг хабари бор.
Қачонки, эркин рақобат бозор тамойили асосида ривожланар экан, шундагина бу ҳақда гапирса бўлади. Лекин, ҳозирча, монопол ташкилотларнинг қилаётган иши “истасанг шу, бўлмаса катта кўча” қабилида бўлмоқда», - деди Иномжон Тоғаев.
У, шунингдек, банклар ва мижозлар ўртасидаги шартномаларнинг аксариятида шартнома бир томонлама банклар фойдасига тузилаётганига ҳам эътибор қаратди.
«Биз банкларни ўрганганмиз. Уларнинг кредит бўйича мурожаат қилаётган мижозларга тақдим этаётган шартномаларининг аксарида банк манфаатлари биринчи ўринда, яъни истеъмолчи манфаати бир тарафлама бузилган. Кредит олувчи ҳам, олсам бўлди, дейди. Таҳлил қиладиган бўлсак, қонун бўйича истеъмолчилар манфаатлари кўп бандларида бузилган. Шу ҳақда Марказий банк бошқармасига ўз тавсияларимизни берганмиз. Бу борада катта иш қилинмоқда», - деди ИҲҲҚЖФ ижрочи директори.
Мавзуга оид
19:03 / 16.12.2024
Маҳалла банкирлари фаолияти йўлга қўйилади
10:41 / 30.11.2024
Банкдаги танишлари орқали тадбиркорга 10 млрд сўм ажратиб беришини айтган шахслар ушланди
08:51 / 29.11.2024
Банклар балансидаги иссиқхона ва цехлар тадбиркорларга берилиши мумкин
09:59 / 23.11.2024