Ўзбекистон | 17:56 / 17.03.2021
5143
4 дақиқада ўқилади

Фото: AstraZeneca вакцинасининг биринчи партияси Ўзбекистонга топширилди

17 март куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бўлимида мамлакатимизга БМТнинг COVAX дастури асосида етказиб берилган AstraZeneca вакциналари тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, доктор Лианн Куппенс, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамедзаде, БМТнинг Ўзбекистондаги вакили Ҳелена Фрейзер, шунингдек, Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Кувайт, Япония, Саудия Арабистони ва бошқа давлатларнинг элчилари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан ССВ биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев COVAX дастури орқали мамлакатимизга ажратилган вакциналар ўзбек халқи учун катта хурсандчилик эканини айтиб, бунинг учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, вакциналар альянси, ЮНИСЕФ ва донор мамлакатларга миннатдорчилик изҳор қилди. Вазир ўринбосари, шунингдек, вакциналарни эмлаш пунктларига стандартларга мос ташишни ташкиллаштириш учун 17та рефрижираторли юк машиналари, 206та минивэнлар харид қилинганини айтиб ўтди.

Баҳодир Юсупалиевнинг сўзларига кўра, бугунги кунга келиб 3000дан ортиқ эмлаш пунктлари иммунизация ва вакцинацияга шай ҳолга келтирилган, мобил бригадалар ташкил этилган, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида омборхоналар қурилган ва тегишли совуқлик занжирини ташкил этиш бўйича барча чоралар кўрилган. Буларнинг бари, аҳолининг барча қатламлари, шу жумладан, узоқ жойлардаги яшаш пунктлари аҳолисини ҳам қамраб олиш учун қилиняпти.

ССВ вазири ўринбосаридан кейин сўзга чиққан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Мамедзаде бугунги воқеани «коронавирусга қарши вакциналарни бутун дунёда одилона тақсимлаш мақсадига эришиш йўлидаги тарихий қадам» деб атади. «Вакциналарга тенг ва одилона эга бўлиш пандемияга барҳам беришда ўта муҳимдир, шу боис вакцинага ҳамма эга бўлишини таъминлашимиз зарур», дея таъкидлаган Мамедзаде.

«ЖССТ коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинасини фавқулодда ишлатиш мумкин бўлган вакциналар рўйхатига киритгани уни COVAX орқали глобал миқёсда тарқатишга имкон берди. Ўзбекистон AstraZeneca вакцинасини татбиқ этадиган 49-мамлкат бўлди. Вакциналарнинг сифати, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш ЖССТнинг устувор йўналишларидан биридир», деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги вакили доктор Лианн Куппенс.

GAVI, CEPI, ЮНИСЕФ ва ЖССТ ҳамкорлиги бўлмиш COVAX паст ва ўрта даромадли 92 мамлакат учун вакциналарга тенг асосда эга бўлиш имконини берди. Камида 1,3 миллард доза вакцина дастур орқали ушбу мамлакатларга етказиб берилиши кўзда тутилган.

COVAX’нинг донор мамлакатлари орасида АҚШ, Германия, Испания, Канада, Саудия Арабистони, Япония каби давлатлардан ташқари Bill & Melinda Gates Foundation (BMGF), Mastercard, Shell, Nikkei Inc каби ташкилот ва компаниялар ҳам бор. Донор давлатлар, ташкилот ва компанияларнинг қайси бири қанчадан маблағ ажратгани ҳақидаги маълумотни ушбу ҳавола орқали олиш мумкин.

Тадбир давомида Баҳодир Юсупалиев иштирокчи ва меҳмонларни вакциналарни сақлаш учун қурилган махсус омборхона ва совуқлик занжири объекти билан таништириш учун кичик пресс-турга таклиф қилди.

Тадбир сўнгида иштирокчилар ташкилотчиларга ўзларини қизиқтирган саволларни бердилар ва ўзаро ташриф қоғозини алмашдилар. 

Мавзуга оид