Ўзбекистон | 09:30 / 19.03.2021
2304
2 дақиқада ўқилади

Журналист ва блогерлар учун семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Konrad adenauer stiftung фонди ҳамкорлигида Фарғона шаҳрида водий журналистлари ва блогерлар учун “Қизиқарли мултимедиа яратиш ва уни ижтимоий тармоқларда оммалаштириш”  мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда. 

Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директори Саидахон Сулаймонова ва IT мутахассиси Эмил Фахриев “Аудитория учун қизиқарли контентни қандай яратиш мумкин?”, “Мултимедиа воситалари ёрдамида қизиқарли контент яратиш” каби бир қатор мавзуларда семинар қатнашчилари учун мастер-класс ўтишмоқда.

“Бу медиа-мактабга қўйилган асосий мақсад водийлик журналист ва блогерларга замонавий медиа технологиялар борасида янги билим ва кўникмалар бериш. Медиа-мактаб қатнашчиларда янги форматлар тўғрисида тасаввурни шакллантиради, янги имкониятлар беради ва бунинг натижасида, ўйлаймизки, катта медиа лойиҳа яратилса асосий мақсадга эришдик деб ҳисоблаймиз.

Биринчи медиа-мактаб Фарғона вилоятида бўлиб ўтмоқда. Иккинчи медиа-мактаб эса куз фаслида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши кўзда тутилган бўлиб, унда Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоий журналист ва блогерлари иштирок этишади,” — дейди замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директори Саидахон Сулаймонова.

Дастурга кўра, 17 мартда бошланган семинар-тренинг 19 март куни якунланади.

Мавзуга оид