Ўзбекистон | 21:21 / 23.03.2021
24323
1 дақиқада ўқилади

Давлат ва банк хизматларини кўрсатишда ЖШШИР шахсни тасдиқловчи ягона идентификатор деб белгиланди

Ўзбекистонда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаро шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор деб белгиланди.

Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган алоҳида рақамларни юритишга йўл қўйилмайди.

Бу – «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қабул қилинган президент фармонида белгиланди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 июлдан солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш ЖШШИРдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

2021 йил 1 июлга қадар:

  • Ўзбекистон фуқароларининг ҳамда Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг СТИРи ЖШШИР билан ўзаро бирлаштирилади;
  • СТИР мавжуд бўлмаган фуқароларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ЖШШИР орқали солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўяди.

Маълумот учун, ЖШШИР 14 та рақамдан иборат бўлиб, фуқаролик паспортида акс этган.

Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини аниқлаш тартиби 1996 йилда тасдиқланган.

Мавзуга оид