Жаҳон | 20:30 / 23.03.2021
4839
1 дақиқада ўқилади

Мянмалик ҳарбийлар намойишлар вақтида 164 киши ҳалок бўлганини тан олди

Мянмалик ҳарбийлар мамлакатда намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ходимлари ўртасидаги тўқнашувларда камида 164 намойишчи ҳалок бўлганини тан олди. 

Фото: Reuters

Ҳарбийлар вакили Зо Мин Тун намойишчиларнинг ҳалок бўлганидан афсусдалигини, “чунки улар Мянма фуқаролари бўлганини” айтган.

Унинг таъкидлашича, тўқнашувлар вақтида, шунингдек, хавфсизлик кучларининг 9 ходими ҳалок бўлган.

Бироқ Мянмада сиёсий маҳкумларга ёрдам уюшмаси маълумотларига кўра, 1 февралдан бери ҳарбийларга қарши давом этаётган намойишларда 250 киши ҳалок бўлган.

Мянмада ҳарбийлар 1 февралда давлат тўнтаруви амалга ошириб, мамлакат раҳбариятини ҳокимиятдан четлатганди.

Аввалроқ Мянмада интернет ўчириб қўйилгани ва газеталар сотилиши тақиқлаб қўйилгани маълум қилинганди. Жумладан, қўшни Таиланд билан чегарадаги оптик-толали интернет кабеллари узиб ташланган. Шу сабабли мамлакат ичидаги ахборотни текшириш тобора мураккаблашиб бормоқда.

Мавзуга оид