Фан-техника | 01:12 / 23.03.2021
13663
2 дақиқада ўқилади

Twitter асосчисининг илк твити 2,9 миллион доллардан кўпроққа сотилди

Фото: Reuters

Twitter ижтимоий тармоғида унинг асосчиси Жек Дорси қолдирган илк твит 2,9 млн доллардан кўпроққа сотилди. Аввалроқ Дорси ушбу твитни кимошди савдосига қўйганди.

Кимошди савдоси твитлар олди-сотдиси учун яратилган Valuables онлайн-аукционида ўтказилган.   

NFT токени кўринишидаги лот соҳиби Bridge Oracle компанияси директори Хакан Эстави бўлди. Эстави у учун 2 млн 915 минг 835 доллар тўлаган.
 
Дорси Twitter’даги илк твитни 2006 йил 21 март куни жойлаштирган. Унда “just setting up my twttr” (“шунчаки твиттеримни созлаяпман”) деган ёзув бўлган. 

Дорси ушбу твитни 1 доллар бошланғич нарх билан 15 декабрда сотувга қўйган. 6 мартгача унга таклиф қилинган энг юқори сумма 3500 долларни ташкил этганди. Дорси ўз саҳифасида аукцион ҳаволасини жойлаштирганидан сўнг таклифлар кескин кўпайган.

Твитни сотиб олган Эстави аввалроқ унга 2,5 млн доллар таклиф қилган, бироқ савдолар охирида нархни 400 минг доллардан қўпроққа оширишга қарор қилган.

Аввалроқ Дорси савдолардан олинадиган барча пулни GiveDirectly жамғармасининг пандемия шароитида Африка аҳолисига ёрдам кўрсатишга қаратилган дастурига хайрия қилишини айтган.

Маълум қилинишича, харидор твитнинг ўзини эмас, балки твит муаллифи имзоси бўлган рақамли сертификатни қўлга киритади. Твитнинг ўзи платформада қолади. 

Рақамли сертификатда твит эълон қилинган кун ва вақт, унинг мазмуни ва муаллиф криптоҳамёнининг рақамли имзоси бўлади.

NFT токенлари виртуал мулкни сотиб олиш ёки уни бирор кимга топшириш учун қўлланади. 

Мавзуга оид