Спорт | 20:10 / 26.03.2021
22743
2 дақиқада ўқилади

Ўртоқлик учрашуви. Ўзбекистон миллий жамоаси Ганани мағлуб этди

Ўзбекистон миллий жамоаси тарихида илк марта Наманганда ўтган ўртоқлик учрашувида Вадим Абрамов жамоаси Гана Б миллий жамоасини мағлубиятга учратди.

Минглаб томошабинлар қаршисида ўтган учрашувнинг 4-дақиқасидаёқ Отабек Шукуров жарима майдони чизиғи устидан ажойиб зарбаси билан ҳисобни очди – 1:0.

72-дақиқага келиб эса меҳмонлар кутилмаганда ҳисобни тенглаштирди. Иссаҳаку Абдул Фатаву томонидан жарима зарбасидан йўлланган зарбани қайтаришда дарвозабон Жавоҳир Илёсов хатоликка йўл қўйди – 1:1.

Ушбу голдан тўрт дақиқа ўтар-ўтмас, Намангандаги «Марказий» стадион иккинчи бор ларзага келди. Ўйиннинг энг фаол ўйинчиларидан бири Жалолиддин Машарипов яккама-якка вазиятга чиқиб, ўз голи билан миллий жамоамизга ўртоқлик баҳсида ғалаба келтирди – 2:1.

Миллий жамоамиз навбатдаги ўртоқлик ўйинни 29 март куни Тошкентда Ироққа қарши ўтказади.

Ўртоқлик учрашуви. 26 март (жума)
Ўзбекистон – Гана Б – 2:1

Голлар: Отабек Шукуров 4, Жалолиддин Машарипов 76 - Иссаҳаку Абдул Фатаву 72.
Ўзбекистон: Жавоҳир Илёсов, Анзур Исмоилов, Азимжон Аҳмедов, Иброҳимхалил Йўлдошев, Фаррух Сайфиев (Мурод Холмуҳаммедов, 82), Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков, Остон Ўрунов (Жавоҳир Сиддиқов, 69), Сардор Рашидов (Ойбек Бозоров, 59), Жалолиддин Машарипов (Ҳожимат Эркинов, 86), Элдор Шомуродов (Игорь Сергеев, 84)
Гана Б: Ж.Аддо, Йиадом Конадоу, Кристофер Нетей, Муҳаммад Ал Ҳассан, Диавусие Тэйлор (Даниэль, 64), Моро Салифу, Мичель Отоу (Персиус Боа, 82), Иссаҳаку Абдул Фатаву, Рашид Нортей (А.Боатенг, 65), Самуэль Куайе, Кваме (Максвел Куайе, 87).

Мавзуга оид