Ўзбекистон | 17:30 / 30.03.2021
21569
5 дақиқада ўқилади

Чегара, контрабанда ва блокпост – Нанай ҳудудида нималар ўзгариши керак?

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани қўшни Қирғизистон билан чегара ҳудудда жойлашган. Туманнинг қўшни давлат билан чегараси 84 километрни ташкил этиб, ундан 56 километри Нанай қишлоғи атрофига тўғри келади. Чегараларнинг катта қисми сим тўсиқлар билан ўралмагани, кўплаб аҳоли хонадонлари чегара ҳудудга тўғри келиши оқибатида муаммолар юзага келган.

Блокпост

Чегара ҳудуди маҳаллаларига олиб борувчи йўлда «Қизилёзи» блокпости ўрнатилган. Бу мақола тайёрланишига ҳам шу блокпост асосий сабаб бўлди.

2018 йилгача паспорт режими амал қилиб, Нанай ҳудудида жойлашган маҳаллаларга ўтиб-қайтувчи фуқароларнинг паспортлари постда битталаб текширилган.

2018 йили президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи натижасида блокпост тугатилган эди.

2020 йил коронавирус пандемияси даврида блокпост карантин пости сифатида ўз фаолиятини тиклади ва карантин чоралари юмшатилиб, қолган блокпостлар олиб ташлангандан кейин ҳам бу маскан ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Kun.uz ушбу пост нима сабабдан ҳозиргача тугатилмагани билан қизиқди.

Постда фаолият олиб бораётган ҳарбийлар бу масалада маълумот бера олмасликлари, бу бўйича Янгиқўрғон ҳарбий қисмидан тўлиқ маълумот олиш мумкинлигини айтишди.

Постдан ўтаётган ҳайдовчилар ушбу блокпост бўйича фикрларини айтишди. Улардан бири постнинг ҳайдовчиларга зарари тегмаслигини, бошқа бири бу пост кераклигини, яна бири эса пост айрим ноқулайликлар келтириб чиқаришини айтиб ўтди.

Постдан ўтиб қайтувчилар бир давлат фуқароси бўлса, нима сабабдан назорат кучайтирилиши керак?

Ўзини чегара қўшинлари вакили сифатида таништирган ҳарбийнинг сўзларига кўра, чегаралар тўлиқ белгиланмагани сабабли шу ерга блокпост қўйилган.

Унинг сўзларига кўра, ҳар куни кўплаб контрабанда маҳсулотлари шу ерда тўхтатиб қолинади. Чегарачининг айтишича, ҳудуднинг катта қисмида чегара тўсиқлари йўқлиги ва сим билан ўралмагани сабабли контрабанда ҳолатлари ҳар куни кузатилади.

Чегара

Чиндан ҳам Янгиқўрғоннинг катта қисми чегара сим билан ўралмаган ва ҳатто битта кўчанинг бир томонида Ўзбекистон фуқаролари, бир томонида Қирғизистон фуқаролари истиқомат қиладиган ҳудуд ҳам мавжуд. Ҳатто аҳоли истиқомат қилмайдиган чегара ҳудудларида ҳам чегара тўсиқлари ўрнатилмаган. Бу эса ўз-ўзидан контрабандага кенг йўл очади.

Мамай маҳалласининг чегара кўчаси аҳолиси билан суҳбатлашганимизда улар чегаралар тезроқ аниқ бўлишидан, чегара тўсиқлари ўрнатилишидан манфаатдор эканини айтиб ўтишди.

«Кўчамизга бир кунда 10 марта кириб чиқсак, 10 марта машинамизни текширишади. Чегарадан кўчиришларини билганимиз учун, уйимизни таъмирлашга ҳам ўйланиб қолганмиз. Тезроқ ҳал бўлса яхши бўларди», – дейди маҳаллада яшовчилардан бири.

Биз кўрган чегара кўчада ҳар 100 метрда бир ҳарбий туради. Аслида ҳарбийлар аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, чегара бузиш ҳолатларининг олдини олиш учун қўйилган бўлса-да, аҳолига ноқулайликлар туғдиради.

Тасаввур қилинг, уйингиздан эрта тонгда кўчага чиқсангиз, ҳовли олдида қурол кўтарган аскар турса, бунинг устига, кўчангизга ҳар кириб чиқишингизда машинангиз текширилса.

Контрабанда

56 километр узунликдаги чегаранинг катта қисми сим тўсиқлар билан тўсилмаган, чегаранинг у тарафига бир қадам қўйиб ўтиш имкони бўлганидан кейин, табиийки, контрабанда учун шароит ҳосил бўлади.

2020 йил мобайнида айнан ушбу ҳудуд орқали ўтказишга уринилган 25 млрд сўмлик товар-моддий бойликлари тўхтатиб қолинган. Бу эса ўз навбатида, чегара симлари ўрнатилмаган ҳудудда назорат қилишнинг қандайдир чорасини кўришга сабаб бўлган.

Назорат ўрнатиш усули сифатида Қирғизистон чегарасининг Ўзбекистон ҳудудига икки тарафлама торайиб кирган қисмидан ўтган ва туман марказига олиб чиқувчи ягона йўлга қўйилган блокпост бўлмоқда.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида президент Шавкат Мирзиёев тегишли мутасаддиларга уч ойда чегара масалаларини ҳал қилиш бўйича топшириқ берган эди.

24-25 март кунлари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Тошиев икки мамлакат делегацияларининг Тошкентдаги учрашувларида ўзаро чегарадаги барча баҳсли ҳудудлар масаласи ҳал қилингани ва қандай шартлар асосида келишувга эришилгани ҳақида маълумот берди.

Kun.uz мухбири Қирғизистон расмийлари эълон қилган ушбу маълумотлар юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Вазирлик вакили Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари томонидан эълон қилинган маълумотлар ишчи гуруҳ фаолияти давомида тузилган лойиҳалар экани, якуний келишувлар икки давлат бош вазирлари томонидан тасдиқлангач эълон қилиниши ҳақида маълум қилганди.

Балки, нанайликларни қийнаётган муаммолар ҳам шу ишлар орасида ҳал этилар...

Мавзуга оид