Ўзбекистон | 22:56 / 01.04.2021
22118
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда боғча тарбиячилари директордан норози бўлиб автомобиль йўлини тўсиб қўйди

Қорақалпоғистоннинг Қонликўл туманидаги боғча тарбиячилари собиқ директор лавозимига қайтганидан норози бўлиб, 31 март куни автомобиль йўлини тўсиб қўйди.

Воқеа видеолари ижтимоий тармоқларда ёйилгач, Kun.uz ҳодиса тумандаги 1-сонли давлат боғчасига оидлиги, боғчанинг муқаддам ишдан бўшатилган раҳбари суд қарори асосида лавозимига тиклангани ҳақида хабар берди.

«Бизга Бекбергеновадай раҳбар керак эмас! Биз суд қароридан норозимиз», дея ёзилганди йўлни тўсган тарбиячилар кўтарган баннерларда.

1 апрель куни Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати Қонликўлдаги 1-сонли МТТ директори лавозимига тикланган Элмира Бекбергенованинг фуқаролик иши юзасидан расмий ахборот берди.

Маълум қилинишича, даъвогар Элмира Бекбергенова жавобгар Қорақалпоғистон Мактабгача таълим вазирлигига нисбатан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш, ички меҳнат тартиби қоидаларини тасдиқлаш тартиби бузилган деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари буйича Нукус туманлараро судининг 2021 йил 24 мартдаги ҳал қилув қарори билан, даъвогар Бекбергенованинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, Қорақалпоғистон МТВнинг 2020 йил 21 декабрдаги К-182-сонли буйруғи бекор қилинган, Бекбергенова лавозимига тикланган.

Иш ҳужжатларига кўра, Бекбергенова билан тузилган меҳнат шартномаси ходим ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузгани учун иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган (Меҳнат кодекси 100-модда 2-қисм 4-банди асосида).

Шартнома бекор қилинишига вазирлик томонидан 2020 йил 18 декабрда боғчада ўтказилган текширув натижалари бўйича тузилган маълумотнома асос қилиб келтирилган.

Суд бу маълумотномада келтирилган ҳолатлар исботланмагани, ҳолат юзасидан олиб борилаётган суриштирув ишлари бўйича Бекбергенованинг айбини тасдиқловчи суд ҳукми йўқлиги ва меҳнат шартномасини бекор қилиш чоғида касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги олинмаганини инобатга олиб, иш берувчининг буйруғини ноқонуний деб топган ва бекор қилган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан Элмира Бекбергенова 1-сонли давлат боғчаси директори лавозимига тикланиб, ФПКнинг 266-моддаси 4-бандига асосан, дарҳол ижрога юборилган.

«Ҳозирги кунда фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2021 йил 24 мартдаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмаган бўлиб, ушбу фуқаролик иши бўйича тарафлар мазкур ҳал қилув қарори устидан қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоят қилишга ҳақлидир», – дейилади Олий суд ахборотида.

Kun.uz мухбири расмийлардан изоҳ сўраб, Қонликўл тумани ҳокимлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан боғланди.

Ҳоким ёрдамчисига кўра, Вазирлар Кенгаши рухсатисиз боғча мудираси ҳақида маълумот бермаслик айтилган.

Мактабгача таълим вазирлиги юристи Равшан Aбдуллаеванинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, 1 апрель куни Элмира Бекбергенова иши бўйича қайта Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ва Қорақалпоғистон Республикаси Олий судига қайта даво аризаси киритилган.

Равшан Aбдуллаеванинг қўшимча қилишича, суднинг 24 мартдаги ҳал қилув қарори вазирликка бугун, 1 апрель куни берилган.

Мавзуга оид