Жамият | 20:45 / 06.04.2021
16274
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: Effect.uz сайтининг икки мухбирига қидирув эълон қилинган

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Effect.uz сайти ходимларига эҳтиёт чораси сифатида сиртдан қамоққа олиш чораси қўллангани ҳақидаги хабар юзасидан расмий баёнот берди. Маълум қилинишича, сайт ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 236 ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

«Жорий йилнинг январь ойида Effect.uz сайтида ушбу сайтнинг ходимлари жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди раиси хизмат хонасига бостириб кириб, суд мажлисида иштирок этиш ва жараённи тасвирга олишни талаб қилишгани ҳақида видеоёзув чиқарилган. 

Видеоёзувда қайд этилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига тақдимнома киритилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, Жиноят кодексининг 236 ва 219-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида жиноят ишига алоқадор бўлган Effect.uz ахборот агентлигининг 2 нафар мухбири ва 1 нафар аёл кўплаб маротаба тергов органига расман чақиртирилган бўлса-да, номаълум сабабларга кўра келишдан бўйин товлашган.

Шунга кўра, тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 236-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси ҳамда 1 нафари (аёл) га ЖКнинг 139 ва 140-моддалари билан сиртдан айб эълон қилиниб, «муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган ва уларга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Ўз навбатида, Effect.uz ахборот агентлигининг яна 1 нафар мухбири терговга қадар текширув ҳамда тергов ҳаракатлари жараёнларида чақиртирилган вақтда тергов органига етиб келган ва у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилган, худди шунингдек, у доимий равишда ўзининг конституциявий бурчини бажариши, чақирилган вақтга тергов органига етиб келишини билдирган», дейилади хабарда.

Мавзуга оид