Ўзбекистон | 18:26 / 09.04.2021
13715
2 дақиқада ўқилади

«Ёш китобхон» танлови республика босқичи ғолибларига мукофотлар топширилди

 Жорий йил 9 апрел куни “Ёш китобхон” танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланди. Беш муҳим ташаббус доирасида ўтказилган танловда 300 минг нафарга яқин ёшлар иштирок этди. Ҳар бир ҳудуддан 3та ёш тоифаси бўйича бир нафардан, жами 42 нафар ғолиб республика финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

 Танловнинг республика босқичи телевизион тарзда ўтказилди. Шартлар якунига кўра 10-14 ёшлилар ўртасида 1-ўринга Фарғона вилоятидан Муҳаммадфозил Исмоилов муносиб топилди. Бу ёш тоифасида 2-ўрин қорақалпоғистонлик Айнура Алимжоновага, 3-ўрин хоразмлик Жавоҳир Каримовга насиб этди.

 15-19 ёшлилар ўртасида 1-ўринни Тошкент шаҳридан Мафтуна Умарова қўлга киритди, кейинги ўринларда қашқадарёлик Муниса Норқобилова ҳамда Андижон вилоятидан келган Дилнавоз Ҳайитаҳматовани кўриш мумкин.

 20-30 ёшли иштирокчилар орасида андижонлик Фотима Мамталиева, 2-ўринда бухоролик Шамшода Ҳамдамова, 3-ўринда сурхондарёлик Санжар Шотемировлар эълон қилинди.

 Ҳар бир ёш тоифаси бўйича ғолибларга 1-ўринга “Спарк” автомашинаси, 2-ўринга 30 миллион сўмдан, 3-ўринга эса 15 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди.

 Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 5-9 апрел кунлари “Китобхонлик ҳафталиги” бўлиб ўтиши маълум қилинган эди.

Мавзуга оид