«Италянлар ва ўзбеклар ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп» — Римдаги Сапиенза университети ўзбек магистранти билан суҳбат
Kun.uz чет эл университетларида ўқиётган, шунингдек, илмий фаолият олиб бораётган юртдошларимиз билан суҳбатлар қилиб келмоқда. Навбатдаги суҳбатдошимиз – Рим шаҳрида жойлашган нуфузли Сапиенза университети юридик факултети магистранти Гулрух Саъдуллаева бўлди.
— Ўзингиз ҳақингизда, Римдаги университетга ўқишга киришингиз қандай рўй бергани ҳақида гапириб ўтсангиз.
— Оиламизда қизларнинг таълимига алоҳида эътибор қаратишган. Ота-онам – оддий ўқитувчилар, шунинг учунми ҳеч қачон таълимда чеклов бўлмаган. Лекин одатий ўзбек оилаларида бўлгани каби чет элда ўқишимга ота-онам қарши бўлишган. Сабаби бизда шундай умумий бир тушунча бор, ёшсан, қиз боласан, ундан кўра шу ерда ўқи ёки турмушга чиқ каби қараш кучли ўрнашган. 2009 йилда кўплаб обрўли университетларга: Emory University, Warwick, UCL каби топ университетлардан қабул ва scholarship хатлари келган эди. Лекин тақдир экан, Жиззах давлат педагогика институтида грант асосида ўқидим.
Университетни тугатганимдан сўнг инглиз тилидан ўқитувчилик қилдим. Кўплаб ўқувчиларим юқори IELTS балл олишди, олимпиадаларда қатнашди. Ўқитувчи ўзининг ўқувчиларига яхшигина мотивация бўла олади. Фаолиятим давомида кўплаб халқаро конференция, БМТ моделларида қатнашдим, ўзим ҳам ташкиллаштирдим. Умуман, хоҳ қиз ёки ўғил бўлсин, ҳаётда лидерлик ва нетворкингнинг ўрни катта.
2019 йилда Edu-Action компаниясида ишладим. Орада карантин бошланиб, сал бўш вақт бўлганига узоқ йиллик армоним хорижда ўқишга кетишга ҳаракат қилдим. Ота-онам бу сафар ишонч билдиришди ва мен тўлиқ грант асосида Италияда магистратурада таҳсил оляпман.
Бошида 20дан ортиқ университетлардан қабул хатлари келди. Лекин кўпчилик элчихоналар ёпиқ бўлгани ҳамда грант баҳонасида Италияни танладим. Римдаги Сапиенза университети – жудаям нуфузли олийгоҳ. Университетнинг юридик факултетида «Иқтисод ва ҳуқуқ» бўйича таълим олмоқдаман. Шу билан параллел айни пайтда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети «Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти» магистратурасини тамомлаш арафасидаман.
Оилада катта фарзанд яхши ўқиса, укаларига ҳам ўрнак бўла олишига ўзим мисолимда амин бўлганман. Оилада уч фарзанднинг тўнғичи бўлганим учун укам ва синглим ҳам изимдан эргашган, улар ҳам олий маълумотли, синглим Тошкентдаги Вебстер университети магистранти, укам эса корхона бош бошқарувчиси бўлиб ишлайди.
— Сиз ўрганаётган соҳанинг Ўзбекистон учун муҳимлиги қай даражада деб ўйлайсиз?
— Юқорида айтганимдек, айни пайтда «Иқтисод ва ҳуқуқ» соҳасида таълим оляпман. Лекин бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Мақсадим – инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлиш. Бу соҳада Ўзбекистонда қилинадиган ишлар кўп. Бизда яхши қонунлар бор, лекин ижро анчагина суст. Бунақа шароитда инсон ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди.
Қолаверса, бугунги кунда мамлакатга инвесторлар, ишбилармонларни кўплаб жалб этиш ишлари кетаётган вақтда қонунлар максимал ишлаши керак. Хорижий инвестор чиройли «сити»ларни кўриш учун эмас, юридик ва сиёсий жиҳатдан ўзини хавфсиз сезсагина қизиқиш билдириши мумкин.
Асосий мақсадимга келадиган бўлсам, Ўзбекистон шароитида аёллар ва болалар ҳуқуқи, ижтимоий ҳимоя яхши йўлга қўйилмаган. Худо кўрсатмасин, рак ёки бошқа оғирроқ касалликка чалинадиган бўлса ва катта миқдорда пул керак бўлса, қанақадир суғурта ёки фонд, ёки бошқа пул оладиган жой йўқ. Ижтимоий ҳимоя, аёл ва бола ҳуқуқлари устида анча ишлашимиз керак. Келажакда илмий ишимни давом эттириш билан биргаликда, инсон ҳуқуқлари бўйича юрист бўлиш ниятим бор.
— Қизлар учун хорижда таҳсил олишнинг энг катта хавфи ва энг катта ютуғи нимада?
— Буни фақат қизларга хосламаган бўлардим. Аслида қизларга мана шундай қараш ҳам стереотиплардан. Бу қўрқув асосида шаклланиб қолган, чунки хорижда сотилиб кетган баъзи аёллар сабаб кўпчилик қизларини узоққа юборишмайди.
Нафақат қизлар, умуман барча учун хорижда ўқишнинг ўзига яраша ижобий ва салбий томонлари бор. Ижобий жиҳати – халқаро таълим, айниқса топ университет бўлса, фарқи анча сезилади. Бу ерда форма, давомат эмас, билим сўралади. Имтиҳонда ҳам 5 маротаба имкон беради. Олган баҳодан қониқмасам, қайта топшириш мумкин. Ўзим Ўзбекистонда ўқиганим учун таққослай оламан, бизда давлат университетларида бир марта имтиҳон топширасиз, шунда ҳам кўпинча қандай баҳо қўяркин деб ўқитувчининг «муруввати»га илҳақ бўлиб турасиз.
Энди минусларини айтсам, квартира, кундалик озиқ-овқат, агар контрактда ўқиса, уни тўлаш ва бошқа харажатлари учун ишлашга тўғри келса, йигитлар каби ҳар ишга ўзини уриб кетолмайди. Масалан, қарияларга, болаларга қарашиб турувчи сифати ишлашлари ҳам мумкин.
Европа давлатлари хавфсизлиги масаласига тўхталсам, келганимдан бери ҳали бирорта муаммога учрамадим. Биздаги муаммо – қизларни ишонмай, четда ўқимасин, бўлмаса айниб кетади деган қараш, лекин аслида ундай эмас. Ҳаммаси ёшликда ота-она берган тарбияга боғлиқ.
— Хорижда ўқимоқчи бўлган қизлар ва уларнинг ота-оналарига нима деган бўлардингиз?
— Агар фарзандида хоҳиш ва иқтидор бўлса, имкониятга қараб, албатта, қўллаб-қувватлашни сўраган бўлардим. Чунки битта ўғилни ўқитсангиз, фарзандингизни ўқитган ҳисобланасиз, бир қизни ўқитган, бутун оилага, жамиятга фойдаси тегади. Қизларимиздан ҳам кучли математик, физик, юристлар чиқишини хоҳлайман. Бунда ота-онанинг қўллаб-қувватлаши ва тушуниши жуда муҳим!
— Ҳозиргача нечта тил ўргандингиз, тил билган эл билар деган нақлга ҳаётингизда исбот топяпсизми?
— Ўзим инглиз тили ўқитувчисиман, C1 даражам бор, яқиндан бошлаб италян ва испан тилларини ўрганишни бошладим. Ҳамма жойда ҳам ўз тилида гапирсангиз, ишингиз тезроқ ва осонроқ битади, ўзаро мулоқотларга ҳам фойдали.
Таржимадан бўлса-да, китоблар ўқиган яхши, лекин ўша миллат тилида ўқиган бошқача завқ беради, чунки таржима йўналишида ҳам ишлаяпман ва биляпманки, қайсидир тилдаги ўзига хос сўзлар, иборалар, борингки, гапларни ҳам ўшандай ифодалаш қийин. Унда ўша миллат руҳи яшайди.
— Италянлар қанақа халқ, сизда улар ҳақида қандай таассурот пайдо бўлди?
— Италияни бу ердаги ўзбеклар иккинчи Ўзбекистон дейишади, чунки ўхшаш жиҳатлари кўп. Италянлар болажон, оилапарвар ва улар ҳам овқатланиб суҳбатлашишни севишади, худди биздаги чойхоналар каби. Пунктуал эмас, доим кечикиб юришлари, ҳужжатбозлик, бюрократиялари ҳам қисман ўхшаш.
Италянлар бошқа Европа халқларидан анчагина фарқли миллат. Анъаналарини жуда ҳурмат қилади, оиласидан, ота-она, бувиларидан доим хабар олиб, бирга овқатланишади, парклар ва дам олиш жойларига ҳам болалари билан боришади.
Шунингдек, италянлар ўзаро бирлаша оладиган халқ. Дейлик, қайсидир журналист, ўқитувчи, шифокор бўладими – ҳуқуқи топталса, бирлашиб қарши чиқа олади. Берлускони бош вазир бўлган вақтда бир журналист уни судга бериб ютиб чиққан.
Италянлар католик черкови маркази бўлгани учун айниқса Римда динга муносабат яхши. Нафақат католик, балки бошқа динларни ҳам ҳурмат қилишади, толерантлик кучли; бир гал айланишга чиққанимда, рўмолимни кўриб мусулмон эканимни билиб, «Ассаламу алайкум» дея саломлашишган. Бу уларнинг бошқа дин вакилига ҳурматидан деб биламан.
— Италияликлар қайси касб эгаларини энг фахрли ҳисоблашади?
— Бу ерда қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, ишига астойдил ёндашган одамни бирдай ҳурмат қилишади. Оддий ошпаз ёки фаррош бўладими – ўз касбида уста бўлса, қадрланади. Шу билан бирга, шифокор ва ўқитувчиларга алоҳида ҳурмат билан қарашади.
— Италия қишлоқларида бўлдингизми? Ўзбекистон билан таққослай оласизми?
— Италян қишлоқлари ўзимизнинг Бахмал, Зомин манзараларига жуда ўхшаш. Умуман италянлар табиатни жуда севади, бўш вақт топди дегунча табиат қўйнига сайрга чиқишади. Рим яқинидаги жойларга бордим, лекин у жойларни қишлоқ ҳам деб бўлмайди. Сабаби табиат бағридаги бу жойларда турмуш кечириш учун барча инфратузилма бор ва шаҳарликлар шу ерларда кўпроқ дам олишга келишади.
Карантин сабабли ҳали Римдан бошқа шаҳарларга чиқа олмадим. Лекин ёзда бошқа шаҳарлар ва Европа давлатларини айланишни режа қиляпман.
— Сизнингча, мақсадга эришиш учун энг муҳим жиҳатлар қайси?
— Умуман, мақсадга эришишда ҳеч нарса: ёш ҳам, моддий имконият чеклангани ҳам тўсиқ бўла олмайди. Муҳими, сиз олға ҳаракат қилинг, тил ўрганинг ва ортга чекинманг.
Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
13:51 / 24.12.2024
Италиянинг энг йирик банки РФдан еврода тўловлар қабул қилишни тўхтатади
15:01 / 23.12.2024
Мелони: РФ миграциядан ЕИга путур етказиш учун фойдаланиши мумкин
13:48 / 19.12.2024
«Газпром» Италияга биринчи марта СТГ етказиб берди
13:14 / 05.12.2024