Спорт | 16:17 / 15.04.2021
11961
5 дақиқада ўқилади

Гвардиола чорак финал тавқи лаънатидан қутулди. Аммо Дортмундда «Сити»га баҳсли пенальти ёрдам берди

Инглизлар клуби барибир ғалабага ҳақли эди.

Фото AFP

Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Жавоб ўйини
«Боруссия» Д (Германия) — «Манчестер Сити» (Англия) — 1:2 (1:0)

Голлар: Беллингем, 15 (1:0). Маҳрез, 55 — пенальтидан (1:1). Фоден, 75 (1:2).
«Боруссия»: Ҳитц, Ҳуммельс, Аканжи, Морей (Тиггес, 82), Ройс, Эмре Жан, Рафаэл Геррейру, Дауд (Азар, 76), Беллингем (Брандт, 81), Ҳоланд, Кнауфф (Рейна, 68).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Стоунс, Зинченко, Рубен Диаш, Гундўған, Де Брюйне, Эрнандес, Фоден, Маҳрез (Стерлинг, 88), Бернарду Силва.
Огоҳлантириш: Беллингем, 39.
Ҳакам: дель Серро Гранде (Испания).
14 апрел. Дортмунд. «Сигнал Идуна Парк» стадиони.
Биринчи ўйин — 1:2.

Манчестердаги фаолиятининг бешинчи мавсумига келиб Пеп Гвардиола ниҳоят Чемпионлар лигасининг чорак финал босқичидан ўтди. Жуд Беллингем биринчи бўлим бошида Эдерсон қўриқлаётган дарвозанинг юқори қисмига жойлаштирганида, дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар «Сити» ва испаниялик мутахассиснинг навбатдаги омадсизлиги ҳақида ҳазиломуз гаплар ёзишга шайланганди. 

Аммо бу сафар барчаси «Сити» учун яхши якунланди. Биринчидан, Гвардиоланинг ўзи ҳам кераксиз донолик қилиб, вазиятни чигаллаштирмади. Сўнгги мавсумларда «Сити» ҳар сафар шу босқичда мағлуб бўлгани (масалан, ўтган мавсумда «Лион»дан) «ақллилик балоси» сифатида изоҳланган. Жамоаси Гвардиоланинг илк мавсумида нимчорак финалда «Монако»га ютқазган, кейинги уч мавсумда «Ливерпуль», «Тоттенҳэм» ва «Лион» жамоани чорак финалда қолдириб кетганди. Пеп жуда мураккаб режалар тузар, натижада бундан рақиб эмас, унинг ўз жамоаси зарар кўрарди. Иккинчидан, рефери ва ВАР ҳар сафар «Сити»нинг зарарига қарор чиқарди — масалан, 2019 йилда «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда Раҳим Стерлингнинг голи бекор қилинганди.

Эмре Жаннинг қўли ва пенальти бўйича баҳслар давом этади. Аммо эътиборга олиш керакки, қўл қандай ҳолатда бўлмасин, тўп қўлга тегиб йўналишини давом эттирди — бу пенальти. ФИФА ва УЕФА чалкашликларга барҳам берувчи қатъий изоҳ бериши керак.

Қолаверса, Англиядаги биринчи мавсумдан фарқли ўлароқ, ҳозирги «Сити» — чинакамига Гвардиоланинг жамоаси, жорий мавсумга келиб жамоа янада ёрқин ўйнай бошлади. Немисларга қарши икки ўйинда ҳам ғалаба голини урган Фил Фоден Германиядаги ўйинда гол ургач, испаниялик мутахассис ва унинг ёрдамчилари томон чопди — бу кўп нарсадан дарак. Ушбу ёш инглиз футболчисини Пепнинг шахсий лойиҳаси деб аташ мумкин.

Фото: Friedemann Vogel — Pool/Getty Images

Яна пенальти масаласига қайтадиган бўлсак, «Сити» бу пенальтисиз ҳам жуда ёрқин ўйин кўрсатаётганди ва ғалабага ҳақли эди. Бу муҳим, чунки Гвардиоланинг тизимида жараён ҳам натижа каби муҳим аҳамиятга эга. Пеп жамоаси мағлуб бўлган ўйинлардан кейин жамоаси майдонда яхши ўйнагани ва ўйиндан кўнгли тўлганини айтар ва бу кулги остига олинарди. Масалан, ўтган мавсумда «МС» Жозе Моуриньо бошқарувидаги «Тоттенҳэм»га ютқазганида — 0:2. «Сити» ўшанда жуда кўп голли вазиятлар яратган, 11 метрлик жарима зарбасидан гол урилмаган, ўттизга яқин зарба берилган, бу вақтда «шпорлар» икки бор зарба бериб, икки гол уришганди. Аммо Гвардиоланинг мантиғи ҳам асосли: агар жамоа ўйини жойида бўлса, натижа ҳам қачондир келади.

Гвардиоланинг яна бир муҳим ютуғи: унинг жамоаси Эрлинг Ҳоландни зарарсизлантирди, у икки ўйинда ҳам майдонни голсиз тарк этди. Бунгача норвегиялик ҳужумчи Чемпионлар лигасида фақат икки ўйинда гол ура олмаганди: «Ред Булл Зальцбург» сафида гуруҳ босқичи ўйинида «Ливерпуль»га ва дортмундликлар сафида 1/8 финал ўйинида «ПСЖ»га. Ҳоланд ЕЧЛда 16 ўйинида 20 гол урган. Феноменал статистика! «Боруссия» сенсацияга яқин эди, аммо «Ман Сити» 20 ёшли форвардни ёпиб қўйди.

Гвардиола уддалаб бўлмас топшириқлардан бирини уддалади, энди навбатдагиси — Маурисио Почеттинони ЕЧЛдан чиқариб юбориш. «ПСЖ»га қарши ўйиндан олдин пул тўла қоплар рақобати ҳақида киноя қилиб гапира бошлайди, аммо аслида бу мураббийлар рақобатидир. ВАР ўз йўлига, аммо 2019 йилда аргентиналик мураббийнинг «Тоттенҳэм»и «Сити»ни фақатгина ҳакамлик қарорлари билангина ютмаганди.

Мавзуга оид