Ўзбекистон | 17:45 / 15.04.2021
26525
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш вазирининг қариндошлари билан боғлиқ вазиятни Aксилкоррупция агентлиги ўрганмоқда

Тошкентда 431 млрд сўмлик давлат буюртмаси қурилиш вазири Ботир Зокировга алоқадор компанияга тендерсиз берилгани маълум бўлгач, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу масалага муносабат билдирмади. Kun.uz мухбири 15 апрел кунги матбуот анжуманида бу жимлик борасида агентлик расмийларидан изоҳ сўради.

Саволга жавобан агентлик бошқарма бошлиғи Зуҳриддин Қодиров бу масала юзасидан ўрганишлар бошланганини айтди.

«Aгентлик томонидан қурилиш соҳасида, тендерлар ва давлат харидларида манфаатлар тўқнашуви ва бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича доимий равишда масофавий мониторинг тадбирлари амалга ошириляпти.

Қурилиш вазири билан боғлиқ ҳолат ягона ҳолат эмас. Фақат республика миқёсида эмас, вилоятлар миқёсида ҳам кўп ҳолатлар бор. Бу бўйича биз ўрганишларни давом эттиряпмиз. Ҳар бир ҳолатлар бўйича тегишли таклифларимизни манфаатдор идораларга берганмиз.

Бу масала бўйича ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда. Натижасини албатта жамоатчиликка етказамиз», – деди Зуҳриддин Қодиров.

Бундан аввалроқ қурилиш вазирининг қариндошларига алоқадор «Трест-12» компанияси Мустақиллик майдонидаги 431 млрд сўмлик давлат буюртмасини олгани ҳақида хабар берилганди. Қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва рафиқаси бу компаниянинг 27 фоизига эгалик қилади.

2019 йилда қурилиш вазири этиб тайинланган Ботир Зокировнинг ўзи ҳам икки йил олдин «Трест-12»нинг акционери бўлган.

Маълум бўлишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносини шу йил ёзгача 16,5 млрд сўмга таъмирлаш ҳам шу компанияга тендерсиз берилган. Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини қуриш билан ҳам шу компания шуғулланмоқда.

«Трест-12» 10 йил ичида 800 млн доллар қийматдаги қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаргани ҳақида маълумотлар бор. Улар орасида давлат буюртмалари ҳам анчагина: Вазирлар Маҳкамаси, Сенат ва Молия вазирлиги биноларини таъмирлаш, «Бунёдкор» стадионини қуриш шулар жумласидан.

Мавзуга оид