Жамият | 11:11 / 16.04.2021
17152
2 дақиқада ўқилади

«Ўқувчиларга ҳижобда эмас, рўмолда келиш мумкинлиги тушунтирилди» — Наманган вилоят ИИБ интернетда тарқалган сурат бўйича изоҳ берди

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ рўмол ўраган ўқувчи қизлар Ички ишлар органлари ходимаси қаршисида тик тургани акс этган сурат тарқалди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари расмлар давлат ташкилотларининг расмий сайтларида ўқувчилар «ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган вояга етмаган ўқувчи қизлар» дея эълон қилингани, кейинчалик ўчириб юборилганидан хавотирларини билдиришган.

Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. ИИБнинг қайд этишича, 8 апрель куни Янгиқўрғон туманидаги 10-сонли мактаб томонидан туман ИИБга алоқа хати юборилган.

Унда мактабда аввалига 5 нафар, охирги кунларда 10 нафар қиз белгиланган тартибдаги мактаб формасини кийиб юриш қоидаларига риоя қилмаётгани, уларга бир неча марта мактаб формасида, лозим бўлса, оддий рўмол ўраб келишлари тўғрисида тушунтирилгани, бироқ ота-оналар ҳам, қизлар ҳам мактабнинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилмаётгани маълум қилинган.

10 апрель куни ушбу мактабда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида 9—11-синф ўқувчилари ўртасида жиноят содир этилишининг олдини олиш юзасидан муҳокама йиғилиши ташкил этилган.

Муҳокама давомида алоқа хатида кўрсатилган қизлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган ва уларга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сонли қарори талаблари тушунтирилган.

«Суҳбат якунида ўқувчи қизларга мактабга белгиланган тартибда кийиниб келишлари, ҳижобда эмас рўмол ўрашлари мумкинлиги, бунга ҳеч ким қаршилик кўрсатмаслиги тушунтириб ўтилган», — дейилади муносабатда.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 7-бандига кўра ўқувчилар таълим муассасаси биноси ичида бош кийимсиз юришлари лозим.

Аввалроқ, Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети декани ўринбосари Равшан Омонов ҳам рўмолли қизларни ўқишга ибодат либосида келишда айблаган видеоси тарқалган эди. Кейинчалик университет ходими кенг жамоатчиликдан узр сўраб чиқди.

Мавзуга оид