Ўзбекистон | 16:03 / 19.04.2021
8002
2 дақиқада ўқилади

ДСҚ тижорий фаолият ҳуқуқини олмоқчи. ССП бунга қарши чиқди

Солиқчилар тадбиркорларнинг солиққа оид бўлмаган маълумотларини жамлаб, тижорий мақсадда сотиши тадбиркорлар ҳуқуқларига зид, дея Давлат солиқ қўмитасининг таклифига қарши чиқди Савдо-саноат палатаси.

Давлат солиқ қўмитаси ишлаб чиққан «Учинчи шахсларга солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилди, деб маълум қилди Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.

Лойиҳа билан ДСҚга тадбиркорлик субъектларига оид маълумотларни тижорий мақсадларда реализация қилиш, яъни солиқчиларга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.

«Таъкидлаш лозимки, Давлат солиқ қўмитаси тизими солиқ тизимида ягона сиёсат олиб боришга йўналтирилган. Бироқ солиққа дахлдор бўлмаган маълумотларнинг давлат солиқ органлари томонидан жамланиши ва юритилиши, қолаверса ушбу маълумотларнинг давлат-хусусий шериклик орқали тақдим қилиниши мазкур соҳа билан шуғулланиш истагида бўлган бошқа тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари чекланишига олиб келиши мумкин.

Яъни ушбу фаолият ҳам тижорат фаолияти бўлгани боис, уни амалга ошириш ҳуқуқини тўғридан тўғри давлат органига бериш мақсадга мувофиқ эмас.

Шу сабабдан маълумотларни давлат органи томонидан фақатгина очиқ эълон қилинишини, уларни қайта ишлаб, таҳлил қилган ҳолда учинчи шахсларга шартнома асосида тақдим қилиш тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилишини назарда тутиш лозим», – дейилади Савдо-саноат палатаси хулосасида.

Палатанинг билдиришича, юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳани мазкур таҳрирда қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас.

Aввалроқ, ССП ноқонуний иморатларни суд қарорисиз бузиш банди киритилган қарор лойиҳасига қарши позиция билдирган эди.

Шунингдек, палата «Ёқилғи-энергия ресурсларидан янада самарали ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасида назарда тутилган, 2025 йилгача иссиқхона ва газ қуйиш шохобчалари қурилишига ер ажратмаслик таклифига ҳам кўнмаганди.

Мавзуга оид