Жаҳон | 16:06 / 19.04.2021
5613
2 дақиқада ўқилади

Жек Ма ўз компаниясидаги улушини сотиши мумкин – ОАВ

Регуляторлар улуш Жек Ма билан алоқадор ҳеч кимга сотилишига йўл қўйилмаслигини ва унинг бизнесдан тўлиқ чиқиши кераклигига ишора қилган. Ечим сифатида эса улушини Хитой ҳукуматига алоқадор инвесторга бериш таклиф этилган.

Фото: REUTERS/Yuya Shino/File Photo/File Photo

 Alibaba компаниясининг шуъбаси бўлган Ant Group компания асосчиси Жек Манинг ўз улушини сотиши имкониятини ўрганмоқда, деб ёзади Reuters.

ОАВнинг маълумот беришича, Хитой марказий банки, халқ банки ва банк ишларини тартибга солиш комиссияси (CBIRC) мансабдор шахслари январдан мартгача Ant Group вакиллари ва Жек Ма билан алоҳида музокаралар ўтказган. Учрашувларда унинг компаниядан чиқиш имконияти муҳокама қилинган.

Компания Манинг миллиардлаб долларга баҳоланаётган улуши Ant ёки Alibaba Group Holding инвесторларига сотилишини кўзлаган.

Аммо регуляторлар улуш Ма билан алоқадор ҳеч кимга сотилишига йўл қўйилмаслигини ва унинг бизнесдан тўлиқ чиқиши кераклигига ишора қилган. Ечим сифатида эса улушини Хитой ҳукуматига алоқадор инвесторга бериш таклиф этилган.

Ҳозирда Ant Group акцияларининг 10 фоизи Жек Мага тегишли. Унинг Hangzhou Yunbo инвестиция компанияси эса Ant акцияларининг 50,5 фоизига эга бўлган икки ташкилотни назорат қилади.

 Аввалроқ Alibaba компанияси монополияга қарши қонунларни бузгани учун 2,78 миллиард доллар миқдорида жаримага тортилганди.

 ХХР ҳукумати ва Alibaba ўртасидаги кескинлик Жек Манинг ўтган йил октябрда халқаро молиявий регуляторлар қоидалари эскирганини айтиб, Хитой банкларини танқид қилганидан сўнг бошланди.

 Декабрда Хитой регуляторлари Ant Group’ни шаффоф рақобат принципларини ва истеъмолчилар ҳуқуқларини бузганликда айблади. 24 декабрда эса Alibaba устидан текширув бошлангани маълум қилинди.

 

Мавзуга оид