Ўзбекистон | 16:32 / 20.04.2021
5393
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда ЙПХ ходими ва фуқаро ўртасида можаро юз берди 

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистонда ЙПХ ходими фуқарони ургани ҳақида хабар ва видеолавҳа тарқалди. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Жорий йилнинг 18 апрел куни Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот тумани ҳудудида, деҳқон бозори атрофида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими А.Алламбергановнинг ёнига маст ҳолдаги фуқаро келиб, ходимга нисбатан турли ҳаракатлар билан хизмат фаолиятига халақит берган.

“Ходим фуқарога маст ҳолда эканлигини, яшаш уйига бориши зарурлигини таъкидлашига қарамасдан, турли сўзлар билан ходимга халақит беришда давом этган.

Шундан сўнг, ЙПХ ходими ва фуқаро ўртасида низоли ҳолат юзага келган. ЙПХ ходими фуқарони тиббий кўрикдан ўтишга таклиф қилган ва тиббий кўрик хулосасига кўра, мастлик ҳолати тасдиқланган”, дейилади маълумотда. 

Қайд этилишича, ЙПХ ходими туман ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, бўлиб ўтган ҳолатни батафсил баён қилган ва тегишли тартибда кўриб чиқилишини сўраган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид