Ўзбекистон | 09:26 / 21.04.2021
13180
13 дақиқада ўқилади

«Қийноқлар – тизим билан боғлиқ». Ҳуқуқ фаоли муаммо ечими учун хусусий секторларга йўл беришни таклиф қилди

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Kun.uz'га берган интервьюсида қийноқлар ва уларга барҳам беришнинг ечимлари, жазони ижро этиш муассасаларига ташкил этилаётган мониторингларнинг парда ортидаги жиҳатлари, маҳкумлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– Кейинги пайтларда яна матбуотда ички ишлар тизимидаги ва бошқа муассасаларда инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ бир қатор маълумотлар сизиб чиқа бошлади. Буни Kun.uz ҳам жойлардаги мухбирлари орқали кенг ёритиб келмоқда. Сиз раҳбарлик қилаётган жамиятга фуқаролар қайси турдаги ҳуқуқбузарликлардан кўпроқ шикоят қилишяпти?

– Жамиятимизга сўнгги пайтларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, айниқса, ички ишлар идоралари ходимларининг фуқароларга нисбатан қўпол, шафқатсиз муомалада бўлиши бўйича шикоятлар кўпайган. Сиз буни жуда тўғри айтдингиз. Мана, ўтган куни Kun.uz’да Қувада ички ишлар ходими иштирокида содир бўлган воқеа хусусида бир неча сериядаги мақолаларни ўқидик. Биз бу ҳолатни ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қиляпмиз.

Шу ўринда таъкидлаш керак, 4–5 йил олдин одамларда қанақадир умид пайдо бўлиб, қандайдир кўтарилиш бўлган бўлса, ҳозир ушбу кайфият озгина турғунлашди. Вазиятга, сўз эркинлигига одамлар кўникди ва турғунлик жараёнида сиз айтган фактлар юзага чиқаверади. Сал олдинроқ Чироқчи ва Андижонда, яқиндагина Қувада бўлгани каби воқеалар бундан кейин ҳам чиқишда давом этади. Фақат қийноқ дегани, менинг шахсий нуқтайи назаримга кўра, бу – яра. Яранинг тагида мадда бор. Бизнинг жамиятимизни шундай ислоҳ қилиш керакки, ўша яралар чиқмаслиги керак. Яъни касалликнинг манбасига кўпроқ эътибор беришимиз керак.

– Айтмоқчисизки, биз ҳозир яра билан банд бўлиб қоляпмиз...

– Албатта, ҳозирги ҳолатимизда қайсидир касалликни даволамоқчи бўлсак, биринчи навбатда қонни ўзгартиришимиз керак. Қонни ўзгартириш нимадан иборат?

Жамиятимиз жуда катта юклама билан яшаяпти. Масалан, тергов органи ҳам, ИИО ҳам, халқнинг ўзи ҳам. Чунки бизда ҳали тизимлар либераллашгани йўқ. Айтайлик, мен ижтимоий тармоқларда кўпдан буён айтиб келяпман: келинглар, тергов тизимини озгина либераллаштирайлик. Бутун дунё, яъни ривожланган мамлакатлар қилган ишни қилайлик. Хусусий секторларга йўл берайлик. Хусусий детективлар тизимини жорий қилайлик. Шу каби либераллаштириш йўлидан бормасангиз, шунақанги бир жамиятни эркинлаштириш, тизимни эркинлаштириш йўлидан бормайдиган бўлсангиз, бундай қўлбола механизмлар билан бошқариш, юқоридан буйруқлар билан бошқариш самара бермайди.

Мен доим битта мисолни келтираман. Айтайлик, ғалла ва пахтага нисбатан давлат харидларининг бекор қилиниши мамлакатимизда мажбурий меҳнат ҳолатларини анча камайтирди. Худди шу каби муаммоларни автоматик равишда ҳал қилиш керак. Сиз қийноқ ҳақида, бешафқат муомала турлари ҳақида гапирдингизми, демак, бу иллатларга қарши ана шундай тизимли, муқобил бўлган йўллар билан курашиш керак. Фақат президентнинг ёки халқаро ташкилотларнинг чақириғи билан бу масалаларни енгиб бўлмайди.

– Аввалги учрашувимизда микрофонсиз кечган суҳбатимиз чоғида кўпчилик қамоқхоналардан шикоят қилади, аммо аслида Ўзбекистонда қийноқлар, куч ишлатишлар қамоққача бўлган жараёнда, тергов-суриштирув жараёнида кўпроқ кузатилади, деган эдингиз. Келинг, бугун шу ҳақда очиқроқ гаплашсак. Бу муаммонинг ечимини сиз нималарда кўрасиз?

– Яқин ўтмишда қамоқхонанинг ёмон шароитларидан ёки маҳкумларга нисбатан ёмон муомала туфайли жазони ижро этувчи муассасалардан юзлаб жасадлар чиққанига кўниккан эдик. Айниқса, диний оқимга мансубликда айбланган маҳкумлар орасида. Лекин бу нарса кейинги пайтда сезиларли камайди.

Республика комиссияси таркибида қамоқхоналарга кириб чиқяпмиз, уларни мониторинг қиляпмиз. Қамоқхоналар аввалги вақтларга қараганда ўзгарган, яхшиланган ва секин-секин такомиллашиб боради. Чунки бу қамоқхона – мамлакат ҳаётининг юзи, мамлакат ҳаётининг кўрсаткичи. Аввалги интервьюда ҳам айтганман, Ўзбекистон қамоқхонасини Финландия ё Норвегия қамоқхонасига солиштирмоқчи эмасман. Бу айни дамда имконсиз. Лекин ушбу йўналишда ўзига хос бир ўзгаришлар бор, буни эътироф этиш керак.

Қийноқлар масаласи тизим билан боғлиқ. Тизим бугунги кунда жуда катта босимда. Муаммо тергов, жиноят-қидирув бўлимлари – ҳаммасида иш кўлами ниҳоятда катталиги, бу ердаги ходимлар босим билан ишлаётганига бориб тақалади. Чунки мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий шароит, пандемия билан боғлиқ иқтисодий инқироз жараёнлари жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик кўрсаткичлари ортишига олиб келмоқда.

ИИВ ёки Миллий гвардия сиёсий-профилактик тадбирларни олиб борадиган идора бўлса, буларнинг ходимларида малакасизликдан, маълум даражада масъулиятсизликдан ташқари умуман кадр етишмовчилиги ҳам бор. Шунинг учун ижтимоий тармоқлардаги фикрларимда айтиб келдим, келинглар, бутун дунё, ривожланган мамлакатлар қилган ишни қилайлик. Хусусий секторларга йўл берайлик. Ўзига хос рақобат бўлсин.

Масалан, хусусий изқуварлар деймиз, ривожланган мамлакатлар деймиз. Нега биз хусусий сектор имкониятларидан фойдаланмаслигимиз керак? Масалан, агар бугун сиз детективларга эркинлик бериб, уларга талаблар қўядиган бўлсангиз, жуда кўп мутахассислар келиб чиқади. Жуда кўп одамлар ишсиз юрибди, улар ҳам иш билан таъминланади, бу тергов органига ҳам маълум даражада ёрдам бўлади.

Юкламалар камайиши ва автоматик механизмга тушиши керак. Ҳозиргидек биров бировни уриб, кейин унинг ортидан изоҳ бериб, қайсидир ходимнинг хатосини текислаб яшаб бўлмайди.

– Тергов институти агар хусусийлаштирилса, қийноқлар ва бошқа муаммоларга чек қўйилишига ўзингиз ишонасизми?

– Энди қийноқлар ҳамма жамиятларда бўлади. Бу каби унсурлар айтганимдек, яра, лекин минималлаштириш йўлидан бориш керак. Мен фақат детектив тизимини жорий қилишни айтаётганим йўқ, бутун тизимга либерал сиёсатни киритиш керак. Тергов органини алоҳида мустақил департаментга айлантириш ёки Адлия вазирлигига ўтказиш бўйича неча йилдан бери гаплар юради.

Қамоқхоналарни хусусийлаштириш нима учун муҳим? Инсоният тарихидаги қулдорлик тизими нега бекор бўлган? Чунки инсоният одамларни қул қилиб ишлатишдан кўра, улар билан келишиб, уларни онгли равишда ишлатиш фойдали эканини тушуниб етган. Худди шундай биз ҳозир жамиятни либераллаштириш йўлидан боришимиз керак.

Қамоқхоналар хусусийлашиб, хўжалик ҳисобига ўтадиган бўлса, биринчидан, давлатга тушадиган босим камаяди, иккинчидан, қийноқлар ўз-ўзидан йўқолади. Чунки бирорта хусусий корхона сизни ёки мени қамаб ўтирган бўлса, меҳнатимиздан фойдаланиб, келишиб ишлатаётган бўлса, уни қийнашга нима ҳожат? Худди шундай жамиятни ислоҳ қилишда уни либераллаштириш йўлидан бориш керак деб ўйлайман.

– Омбудсман томонидан ташкил этилаётган мониторингларда ички жараён қизиқ. Уларнинг айримларида бизнинг мухбирлар ҳам қатнашди. Лекин ҳаммасида ҳам қатнашаётганимиз йўқ. Шу жараёнда комиссия борганда жазони ижро этиш муассасаларидаги ҳолатлар олдиндан саҳналаштирилиб кўрсатилмаяптими?

– Гапингизни тушундим. Агар шундай бўлганда мен бу комиссиядан чиқиб кетган бўлардим. Ҳақиқатан бу ерда қандайдир даражада шаффофлик бор, лекин муаммолар ҳам бор. Яъни танланган қамоқхоналарга бориш муаммоси. Масалан, мен бугун жамоатчиликни жуда ҳам қизиқтирган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари [собиқ] ходимлари ўтирган, ўша [собиқ] бош прокурорлар ўтирган, керак бўлса, хавфсизлик идораси [собиқ] раҳбарлари ўтирган қамоқхоналардаги шароитни, уларга муносабатни кўришни хоҳлаган бўлардим.

Комиссияга бир неча марта мурожаат қилиб келяпмиз. Бўлади, бўлади, мана шунчаси бўляпти-ку, дейди. Лекин сиз айтгандек бу ерда инсценировка йўқ, чунки мониторинг тадбирларига борганимиз учун давлат бизга ҳеч қандай пул тўламайди, муайян манфаатдорлик йўқ. Агар қандайдир «саҳналаштириш» ҳолатларини сезганимда, мен комиссия таркибидан чиқиб кетган бўлардим. Шундоқ ҳам ишимиз кўп.

Товоқсойдаги ёки Чирчиқдаги, вилоятлардаги катта колонияларга бордик. Энди шароитлар ҳар хил. Қамоқхона бошлиғининг тадбиркорлигидан бошлаб, қамоқхона бошлиғининг қош-қовоғигача боғлиқ маҳбусларга муносабат, айтайлик, жуда қўпол одам ўша қамоқхонага бошлиқ бўлган бўлса, худо урди.

– Оҳангарондаги манзил колонияда маҳкумнинг телефонидан диний мазмундаги материал топилгани учун у қийноққа солингани ҳақида хабарлар тарқалди, лекин ИИВ буни рад эди. Бирламчи тиббиёт текшируви чоғида маҳкумнинг танасида ҳеч қандай жароҳат аломатлари аниқланмагани асос қилиб келтирилди. Қамоқхоналардаги тиббиёт пунктлари ИИВ тасарруфида экани, унинг чизган чизиғидан чиқмаслиги, бу улар бераётган хулосаларнинг шубҳага олинишига олиб келмайдими? Қанчалик холис бу тиббиёт хулосалари?

– Энди ИИВ ўзидаги камчиликни қанчалик яширишга ҳаракат қилмасин, уни ҳаётнинг ўзи кўрсатаверади. Дейлик, мен бир нодавлат ташкилоти раҳбариман. Менга жуда кўп қамоқхоналардан қўнғироқлар бўлади. Очиқ турдаги манзил колониялардан қўнғироқлар бўлади ва ўзларининг таъқибга олинаётгани, телефонидан ҳар хил мазмундаги нарсалар топилгани учун жавобгарликка тортилгани ҳақида кўплаб қўнғироқлар бўлади. Мен улар билан узоқ гаплашаман, суриштираман, ҳақиқатан шундай воқеалар бўлганини биламан.

Албатта, ИИВ мана шу тизимнинг масъули сифатида бу ҳолатни яширишга ҳаракат қилади. Айтайлик, келди, мен телефонимда қандайдир маъруза эшитиб ўтирганим учун бир шапалоқ уриб кетди. Шифокор боради. Қараса, ҳеч нарса йўқ. Энди уни исботлашнинг иложи йўқ. Чунки камера қўйилмаган. Бу – бир.

Иккинчидан, биз ўша колонияларга сафаримизда ўргандик ва колония маъмуриятига савол бердик. Шифокор, унинг бир унвони бор. Сизга бўйсунадиган одам. У қийноқ ҳолатини қандай қилиб жамоатчиликка етказиб беради? Ёки юқорига етказиб беради? Сизнинг қўлингиз остида, сизга бўйсунадиган одам. Шунинг учун Омбудсман билан биргаликда комиссия Вазирлар Маҳкамасига тиббиёт тизимини тўғридан тўғри Соғлиқни сақлаш вазирлигига бўйсундиришни сўраб мурожаатлар тайёрлаган.

Энди бу билан ҳам муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Чунки қамоқхоналарнинг тиббиёт бўлимларига берилаётган маошлар оилавий поликлиникалар, очиқдаги тиббиёт пунктлариникидан ҳам кам. Шунга қарамай улар жуда қатъий тартибда ишлашади. Ташқаридаги каби у ёқдан бу ёқдан келадиган мижоз йўқ ёки қўл ҳақи ташлаб кетадиган одам йўқ. Маҳкумдан нимасидан олади? Шунинг учун у ерда ҳам ўзига хос муаммолар юзага келган.

Рамазон ойи ҳозир. Қамоқхоналарда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси биз рўзаларга рухсат бердик деб иддао қиляпти. Рўзага, ибодатга маълум даражада рухсат бергандан кейин маҳкумлар телефонини кавлайди. Бири маъруза эшитади, бошқаси диний адабиётларни ўқир. Юқорида айтганимдек, қош-қовоғи сал мундайроқ қамоқхона бошлиғи қаттиққўллик билан муомала қиладиган бўлса, албатта, буни ИИВ, уларнинг раҳбарияти бошқалари хаспўшлашга ҳаракат қилади. Лекин бу билан узоққа бориб бўлмайди. Юқорида айтганимдек, тизимни ўзгартирмагунимизча ИИВ ҳолатларни яшириб, бу нарсалар содир бўлаверади. Муаммо камаймайди, демоқчиман.

– Маҳкумларнинг рўза тутиши, бошқа диний ибодатларни адо этишига ростдан ҳам эркинликлар яратилганми? Маҳкумлар билан ҳеч холи суҳбатлашиб кўрдингизми? Улар буни тасдиқлашдими?

– Ўтган йил Товоқсойдаги колонияга бордик. Бошлиғи ўзи ҳарбий, лекин динга муҳаббати бор экан, шунинг учун маҳкумларга бу борада қандайдир шароит яратган. Бошқа жазони ижро этиш муассасаларида, масалан, аёллар колониясида Каримова деган комендант бор экан. У менга фарқи йўқ деб айтяпти. Мен йўриқнома бўйича нима бўлса шуни бажараман, деяпти.

Товоқсойдаги бошлиқ айтадики, мен ҳамма шароитларни яратганман, майли, энди сал бўлса ҳам шароит қилиб берилган дейди. Мен формалиларга кўпам ишонмайман, шунинг учун текшириб кўрсам майлими десам марҳамат деди. Кейин бир неча рўзадорни олиб келди. Ўзим таниганлар билан гаплашдим. Ростдан рўза тутишяпти, намозларини ўқишади. Лекин ўша турманинг тартибига амал қилган ҳолда.

Яъни маҳбус ҳали оғиз очилмасдан соат 6да кечки овқатга борди. Кечки овқатини емасдан амаллаганича чўнтагига солиб хонасига олиб келади. Ётадиган жойида кун ботаётганда оғзини очиб, ошхонадан олиб келган овқатини ейди ёки саҳарликка бирор нималарини олиб қўяди. Энди албатта бу қандайдир қийинчиликларни юзага келтиради, аммо қонунлар нуқтайи назаридан маҳкумларга эътиқод учун тўлиқ имконият яратилиши мумкин эмас. Буни ҳам тўғри тушунаман, чунки биз дунёвий, конституциявий давлатмиз, шунинг учун бундай мамлакатда қонунлар, тартиблар устувор бўлиши керак.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Мавзуга оид