Фан-техника | 00:22 / 21.04.2021
40151
2 дақиқада ўқилади

Хитой компанияси Bugatti Chiron’дан шиддатлироқ гиперкарни тақдим этди

Фото: Hongqi

Хитойнинг Hongqi компанияси Шанҳайдаги автосалонда янги гиперкари S9’ни тақдим этди. Эътиборлиси, гиперкар дунёдаги энг тез гиперкарлардан бири саналган Bugatti Chiron’га рақобатчилик қилиши кутилмоқда.

Автомобил углепластик кузовдан ташкил топиб, 4 цилиндрли бензин двигатели ва электр мотордан иборат гибрид куч қурилмаси билан жиҳозланган. Куч қурилмасининг умумий қуввати 1400 от кучидан кўпроқни ташкил қилади.

Компания маълумотларига кўра, гиперкар жойидан 100 км/соат тезликка 1,9 сонияда эриша олади. У бу борада Bugatti Chiron’дан 0,6 сония тезроқ ҳисобланади. Машинанинг максимал тезлиги эса 400 км/соатни ташкил қилади.

Машинанинг ташқи кўриниши устида автомобилсозлик соҳасидаги таниқли дизайнер Валтер де Силва иш олиб борган. У аввалроқ Audi R8 ва Lamborghini Egoista машиналари дизайнини яратишда иштирок этган. 

Ҳаммаси бўлиб Hongqi S9’дан 99 дона ишлаб чиқарилади. Машинанинг илк нусхалари ўз эгаларига 2022 йилда етказиб берилади. Машинанинг нархи 1,5 млн долларга яқинни ташкил қилиши кутилмоқда. 

Бундай кўрсаткичлар S9’ни Хитой ҳудудида ишлаб чиқарилувчи энг кучли, тезюрар ва қимматбаҳо машинага айлантиради.

Мавзуга оид