Ўзбекистон | 20:18 / 22.04.2021
13714
2 дақиқада ўқилади

Республика бўйича 163та мактаб карантинга олинган — ХТВ

22 апрел ҳолатига, республика бўйича 163 та мактаб, яъни жами мактабларнинг 1,6 фоизи масофавий таълим шаклига ўтказилган, деб маълум қилди Халқ таълими вазирлиги.

АОКАда бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова ижтимоий тармоқлар орқали юборилган саволларга жавоб берди.

Қандай ҳолатда мактаблар онлайн таълим шаклига ўтказилмоқда ва онлайн таълим қанча давом этади?

Жорий йилнинг 18 апрелидан Республика махсус комиссияси қарорига асосан юртимизда карантин қоидаларига қатъий амал қилинишини назорат қилиш тадбирлари янада кучайтирилди.

Мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилари орасида коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, Санитария-эпидемиологик хизмат марказлари туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ва туман (шаҳар) ҳокимлигига таклиф киритиб, Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ёки ҳудудий комиссия қарорлари билан айрим мактабларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилиб, 2 ҳафтага карантинга олинмоқда. Ушбу вақт мобайнида мазкур мактаблар онлайн тартибида фаолият юритади.

Маълумот учун: Бугунги кун (22 апрел ҳолатига кўра, республика бўйича жами 10008 та мактабдан 163 таси, яъни 1,6 фоиз мактаблар масофавий таълим шаклига ўтказилган, яъни карантинга олинган. Бу рақамлар Санитария-эпидемиологик хизмат марказларининг талабномаларидан келиб чиқиб, ўзгариб боради.

Масофавий таълим шаклига ўтказилган ўқувчиларга Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда “Онлайн мактаб” лойиҳаси йўлга қўйилган.

2020-2021 ўқув йили учун “Онлайн мактаб” рукнида жами 17298 та телевизион дарслар ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида тасвирга олинган ва улардан 15362 таси эфирга узатилган.

Мазкур жараёнга 218 нафар тажрибали фан ўқитувчилари, 12 нафар сурдо-таржимон, 33 нафар муҳаррирлар жалб қилинган.

“Онлайн мактаб” рукнидаги телевизион дарслар жорий йилнинг 25 майига қадар мазкур телеканалларда эфирга бериб борилади. Шунингдек, uzeduonlinemaktab телеграм канали орқали ўқувчилар учун дарсларни қайта кўриб чиқиш имкониятлари ҳам мавжуд. 

Мавзуга оид