Ўзбекистон | 14:10 / 23.04.2021
64706
3 дақиқада ўқилади

Квартиралар, автомобиллар, дўконлар — Акром Раҳмонқуловнинг зарарни ундириш учун хатланган мол-мулклари ҳақида маълумот берилди

Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм, 172та дўкон, кўп қаватли уйлардаги 14та хонадон, 43та автомашина ва бошқа кўчмас мулклар зарарни ундириш учун хатланган. Бу ҳақда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Сенат ялпи мажлисида маълум қилди.

Акром Раҳмонқулов

Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида иштирок этган Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев коррупцияга қарши курашишда, хусусан Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқуловнинг коррупциявий ҳаракатларини ошкор этишда блогерларнинг ҳиссаси юқори бўлаётганини таъкидлади.

«Сўнгги йилларда жамоатчилик, айниқса блогерлар коррупцияга қарши курашишда фаоллашганини айтиб ўтмоқчиман. Биргина Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Раҳмонқуловнинг коррупциявий қилмишлари тўлиқ фош қилинишида уларнинг ҳиссаси катта бўлди.

Айтиш жоиз, Раҳмонқулов 2018 йилда вилоят ҳокимининг ўринбосари лавозимига тайинлангач, уюшган гуруҳ тузиб, бюджетнинг миллиардлаб маблағларини талон-торож қилиб келган. Шу мақсадда вилоятда қурилиш соҳаси раҳбарлигига ҳамда вилоят тендер комиссиясига таниш-билишларини қўйиб, улар орқали ўзининг ғаразли мақсадларига шароит яратган», дейди Бош прокурор.

Унинг маълум қилишича, ҳозиргача терговда аниқланган ҳолатларга кўра, Акром Раҳмонқулов 2018—2020 йилларда жами 494 млрд сўмлик 82та объектлар қурилиш-таъмирлаш ишларини ўзининг раҳнамолигидаги 9та пудрат ташкилотларига топшириб, қурилиш ишлари ҳажмини сунъий равишда оширилган нархларда расмийлаштириш, қўшиб ёзиш орқали қарийб 20 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилган.

Шунингдек, терговда Акром Раҳмонқуловга тегишли корхоналарда 12 млрд сўм, Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» буюм бозорида қурилган 172та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14та хонадон, 43та автомашина, 37та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланиб, зарарни ундириш учун хатланган.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда Раҳмонқулов ва унинг 10 нафар жиноий шериклари қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Davletovuz Telegram-каналида Акром Раҳмонқуловнинг қариндошлари бир неча юз миллиардлик давлат буюртмаларини қўлга киритгани ҳақида суриштирув эълон қилинганди.

Кейинчалик, президент Жиззахда қурилиш соҳасидаги можаролар ортидан Жиззах вилояти ҳоким ўринбосари Акром Раҳмонқуловни сиёсатга хиёнатда айблаган ва кейинроқ у ишдан олинганди. Шундан сўнг, Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосарига нисбатан жиноят иши ҳам қўзғатилди.

Мавзуга оид