Ўзбекистон | 18:27 / 26.04.2021
30775
3 дақиқада ўқилади

Андижон ва Сурхондарёда ўт ўчириш машиналари одамлар устига хлорли сув сепиб кетди

Интернетда ФВВ махсус автомашиналари (ўт ўчириш машиналари) кўчаларда ва бозор ҳудудида одамлар ва автомобиллар устига юқори босимда суюқлик сепиб ўтаётгани акс этган видеолар тарқалди. Бу видеолар ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг норозиликларига сабаб бўлди.

Маълум бўлишича, бу ҳолатлар Андижон вилоятининг Марҳамат туманида ва Сурхондарё вилоятининг Денов туманида содир бўлган.

Андижон вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси Kun.uz’га маълум қилишича, 25 апрель куни Марҳамат тумани марказидаги кўчаларда коронавирусга қарши дезинфекция ишлари ўтказилган. 

«Махсус комиссия қарорига мувофиқ, одамлар кўп тўпланадиган кўчалар ва ундаги биноларга 0,4 фоизли ABK аралашмаси ва хлор моддаси сепилган. Мазкур профилактик тадбир коронавирус инфекциясига қарши чора-тадбир сифатида ўтказилган», дейди Андижон вилояти ФВБ матбуот хизмати вакили.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати ҳам ҳолат юзасидан изоҳ берди.

«Мазкур ҳолат вазирлик томонидан тўлиқ назоратга олиниб, ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу вазият республикамизнинг Андижон вилояти Марҳамат ҳамда Сурхондарё вилояти Денов туманларида юзага келгани маълум бўлди. Унга кўра, юқорида қайд этилган ҳудудларда коронавирус инфекциясининг ўчоғи аниқланган ҳамда вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида, дезинфекция ишлари шошилинч, тартибсиз ҳолда амалга оширилган», дейилади хабарда. 

Ҳодиса юзасидан ўрганиш якунлари бўйича тегишли ходимларга интизомий таъсир чоралари кўрилиши маълум қилинган.

2020 йил августида ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги кўчалар исириқ ёрдамида дезинфекция қилингани акс этган видео тарқалганди.

Маълумот учун, мутахассислар дезинфекцияни коронавирусга қарши самарали деб ҳисоблашмайди. 2020 йил сентябрида Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосланиб дезинфекция туннелларини тақиқлаганди.

Республика ихтисослаштирилган аллергология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Розиқова дезинфекция туннелларининг инсон организмига зарарли томонлари ҳақида гапириб, давомий ишлатилган ҳар бир кимёвий модда инсон организмида аллергик ҳолатларни келтириб чиқаришини қайд этганди.

Мавзуга оид