Жаҳон | 23:59 / 26.04.2021
7652
2 дақиқада ўқилади

Испаниялик юқори мансабдор шахсларга ўқлар ва пичоқлар солинган конвертлар жўнатилди

Испания саноат, савдо ва туризм вазири Рейес Марото ичида қонга бўялган пичоқ бор бўлган жўнатма олди. Аввалроқ испаниялик бир қатор бошқа мансабдор шахслар ичига ўқ солинган конвертлар олишган.

Фото: RTVE

Radio y Televisión Española (RTVE) давлат телерадиокомпаниясининг хабар беришича, Марото олган конвертда пичоқдан ташқари бир нечта қоғоз, жумладан, қўлда ёзилган матнлар бўлган. Ҳозирча уларда нима ёзилгани маълум қилинмаган. «Таҳдид ва зўравонлик демократия овозини ҳеч қачон ўчира олмайди. Озодлик тантана қилади», деб изоҳ берган Марото твиттерда.

 Испания ички ишлар вазирлиги жиноятчиларнинг шахсини ва мотивларини аниқлаш мақсадида тергов бошлаган. Конверт ичидагилар таҳлил учун олинган.

 Аввалроқ шундай таҳдид билдирилган мактубларни Испания ички ишлар вазири Фернандо Гранде-Марласка, фуқаролик гвардияси раҳбари Мария Гамес ва сўл партия «Подемос» етакчиси Пабло Иглесиас ҳам олган. Улар почта орқали ўқлар ва эгаллаб турган лавозимларини зудлик билан тарк этиш талаб қилинган таҳдид хати солинган конвертлар олишган. Хатларда амалдорлар ва уларнинг яқинлари ҳаётларига таҳдидлар билдирилган.

 Иглесиас твиттердаги хабарига конверт ичидаги нарсалар суратини илова қилган. Улар орасида қуйидаги сўзлар ёзилган мактуб ҳам бўлган: «Сиз бизнинг ота-оналаримиз, бобо-бувиларимизнинг ўлишига йўл қўйдингиз. Энди рафиқангиз, ота-онангиз ва сиз ўлим жазосига маҳкумсиз. Вақт тугаб бормоқда».

 ABC News’нинг хабар беришича, Иглесиас ва унинг тарафдорлари бунда ўнг партия «Овоз»ни айблашмоқда. Икки партия ўртасида миграция ва Каталония мухториятининг мустақиллигини тан олиш борасида зиддиятлар мавжуд. «Овоз» етакчилари барча айбловларни рад этишмоқда ва жўнатмалар билан боғлиқ воқеа саҳналаштирилган деб аташмоқда.

Мавзуга оид