«Солиқ қўмитаси судда ютқазгани ҳақидаги хабардан жамоатчиликни чалғитишми?» — депутатни судга берган ДСҚ танқид нишонига айланди
Давлат солиқ қўмитаси депутат Расул Кушербаевни судга берди. Ижро органи парламент вакилидан 4,6 миллиард сўм ундирмоқчи бўлаётгани жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.
Давлат солиқ қўмитаси ва унинг таркибий бўлинмалари ходимлари Бирлашган касаба уюшмаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев устидан Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига даъво аризаси киритгани, бунга Кушербаевнинг «Human.uz» ахборот порталидаги «Сўз блогерларга» кўрсатувининг 2021 йил 23 февралдаги сонида айтган сўзлари сабаб бўлгани тўғрисида хабар тарқатди.
Қўмита хабарида депутат солиқ органларига 4,6 миллиард сўмлик маънавий зарар етказгани таъкидланган.
ДСҚнинг ушбу ҳаракатларига нисбатан жамоатчилик фаоллари ўз муносабатларини билдиришди.
Иқтисодчи Юлий Юсупов Kun.uz билан суҳбатда ҳолатни ғалати деб таърифлади. Гарчи у Солиқ қўмитасини «обнал иши» бўйича танқид қилган бўлса-да, қўмита уни судга бермаганини, миллиардлаб товон талаб қилмаганини таъкидлади. У «обнал иши» юзасидан Kun.uz'га ўз фикрларини баён қилиб, қўмитанинг ҳаракатларини соғлом фикр ва қонунни мазах қилиш деб атаганди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров «Солиқ қўмитаси Кушербаевни 4,6 млрд сўмга баҳолабди», дея фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, қонунчиликда юридик шахсларни ҳақорат қилиш деган классификация йўқ.
«Дарвоқе, ҳақорат борасида. Бизда ҳокимлар, вазирлар фуқароларни аниқ номи ва исмини айтиб ҳақорат қилади. Бизда МИБ раҳбари ходимларининг аниқ номи ва исмини айтиб ҳақорат қилади. Лекин бирор марта бирор бир вазир, ҳоким ёки раҳбарга маънавий зарар ундиришни сўраб бирор сўмлик даъво қўзғатилганини эслай олмайман. Демак, Кушербаев хафа бўлмаса бўлаверади, уни 4,6 млрд сўмга баҳолашибди. Исталган нормал суд бу абсурд даъвони чилпарчин қилиб ташлашига ишончим комил», – деб ёзди иқтисодчи.
Депутат Дониёр Ғаниев «ДСҚнинг ушбу ишидан мақсад 26 апрел куни суд «обнал иши» бўйича солиқ қўмитасининг ҳаракатини ноқонуний деб топгани борасидаги хабардан жамоатчиликни чалғитишми?» деган саволни ўртага ташлади.
«Тадбиркорларнинг ДСҚга қарши даъволарини кўриб чиқаётган қолган маъмурий суд судьяларига Тошкент туманлараро маъмурий суди судьяси каби одил ва жасоратли бўлишларини тилаб қоламан. «Обнал иши»да ютқазган ДСҚ аламини Расул Кушербаевдан олмоқчи кўринади. Ёки ҚҚС ишида ютқaзгани ҳақидаги хабарлардан жамоатчилик эътиборини чалғитиш учун ДСҚ шу йўлни ўйлаб топдими?» – деб ёзди у.
Davletov.uz блоги муаллифи ушбу ҳолат ҳуқуқий жамиятда энг тўғри йўллардан бири бўлса-да, солиқ органларига наф келтирмайдиган, уларнинг шаъни ва обрўйини янада туширадиган ҳолатга айланади, дея фикр билдирди. У ДСҚ талаб қилаётган маънавий зарар миқдори ниҳоятда катталигига урғу бериб, судда бу маблағ иқтисодий асослаб берилиши лозимлигини таъкидлади.
«Расул Кушербаев ЎзЛиДеП депутати, бу партия ҳукумат раҳбари номзодини кўрсатган, ҳукумат раҳбари эса вазирлик ва идоралар раҳбарлигига номзодларни парламентга киритади. ДСҚ раиси номзоди депутатлар тасдиғидан ўтиши керак. Лекин депутатнинг судга берилиши бу занжирда қанақадир мантиқсизлик борлигини кўрсатяпти. Умуман, ДСҚ ўзига ортиқча эътибор жалб қилаётгани қизиқ», – дея пост қолдирди блогер.
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ўз каналида депутат Кушербаев ва қўмита ўртасидаги суд жараёнини кузатиб бориши ҳақида ёзди.
«Биз албатта мазкур суд жараёнини кузатиб борамиз. Бизга жуда қизиқ бундай жараёнлар. Бевосита суд ишига таъсир ўтказмаслик учун ўз хулосамни очиқ айтмоқчи эмасман, аммо Расул ака билан боғландим, биргаликда суд жараёнлари ҳақида маслаҳат қилиб оламиз», – дея таъкидлади у.
Troll.uz канали муаллифи, блогер Умид Ғофуров солиқ тизимидаги коррупцияга эътибор қаратди.
«3 йил ҳам ишламасдан, 4 қаватли уй қурасан ҳамманг, 20та машина оласан. Қаердан булар? Ойликдан оласанми?» Шу гапларни айтган одамни ҳам судга беришадими солиқчилар?
Президент сизларни ўғри деса, хафа бўлмадингиз. Раҳбарларингиз сизларни сўкса, индамадингиз. Депутат ишларингиздаги камчиликни айтса, юракларингизга оғир ботдими?» – деб ёзди блогер.
Маълумот учун, депутат қўмитанинг «обнал иши» юзасидан хатти-ҳаракатлари борасида фикрларини айтган кўрсатув 2021 йил феврал ойида, яъни бундан 3 ой илгари эълон қилинган.
Тошкент шаҳар туманлараро маъмурий суди «обнал иши» юзасидан солиқ органининг хатти-ҳаракатини 26 апрел куни ноқонуний деб топди.
Мавзуга оид
16:19
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024