Жаҳон | 14:28 / 30.04.2021
27066
5 дақиқада ўқилади

ЖССТ: Ҳиндистон дуч келган вазият ҳар қандай давлатда кузатилиши мумкин

Италияда Леонардо да Винчи номидаги Рим-Фьюмичино халқаро аэропортида мутахассислар биноларни санитария жиҳатидан тозалаш бўйича операция ўтказди. Бу Ҳиндистондан Римга келган 23 йўловчида коронавирус инфекцияси аниқланганидан сўнг рўй берди, дея хабар қилди Euronews.

Мусбат тест натижасига эга саёҳатчилар ва улар билан алоқада бўлган кишилар карантинга олинган меҳмонхонага жўнатилди. 

Ҳозирча, инфекцияни юқтириб олганлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТТ)ни ташвишга солаётган «ҳиндча штамм»нинг ташувчилари экани борасида аниқ маълумотлар йўқ.

«Менимча, Ҳиндистон дуч келган вазият ҳар қандай жойда кузатилиши мумкинлигини тушуниш ўта муҳимдир. Бу барча мамлакатлар учун жиддий муаммо. Чеклов чоралари юмшатилгани, одамлар яна бир гуруҳ бўлиб тўпланаётгани, коронавируснинг юқумли штаммлари мавжуд экани, эмланганлар сони эса ҳали жуда озлиги ҳисобга олинса, бу ҳар қандай мамлакат учун даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин», деди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге. 

Ҳиндистон кунлик касалланиш бўйича рекордларни янгилашда давом этмоқда - ўтган бир кун давомида мамлакатда 379,2 мингдан ортиқ одамда инфекция аниқланди. Бу ҳатто 1,3 миллиард аҳолиси бўлган мамлакат учун ҳам жуда катта кўрсаткичдир. 

ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида дунёда қайд этилган 5,7 миллион янги ҳолатларда Ҳиндистоннинг улуши 38 фоизни ташкил этади. 

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда касалланганлар сони 150 миллионга яқинлашган, ўлимлар - 3,1 миллион. АҚШ иккала кўрсаткич бўйича ҳамон етакчилик қилмоқда (мос равишда 32,2 миллион ва 574,3 минг). Бироқ, у ерда вазият юқтирганлар сони бўйича иккинчи ўринда турган Ҳиндистондан (18 миллиондан ортиқ) фарқли ўлароқ барқарорлашди. 

«Би-би-си» хабарига кўра, Вашингтон университети олимлари пандемиянинг ҳиндча сценарийсини моделлаштирди ва унинг энг юқори нуқтаси май ойининг ўрталарида юз беришини тахмин қилди.

Аммо, агар Ҳиндистонда ҳар бир киши ниқобларни тақиб юришни бошласа, ўлимлар сони ҳозирданоқ пасайиши мумкин, дейди тадқиқотчилар. 

Пандемия бошланганидан буён ушбу қоида мамлакатда тавсиявий характерга эга бўлиб келди. Яқинда миллионлаб одамлар иштирок этган Кумбха мела фестивалидан олинган фотосуратлардан кўриш мумкинки, тадбирда ниқобда бўлганлар жуда озчиликни ташкил қилган.

Олимлар анчадан бери баёнотлар бериб, жаҳон ҳамжамиятини Ҳиндистонга эътиборни кучайтиришга чақирмоқда, чунки у ерда содир бўлаётган воқеалар бошқа барча давлатлар учун из қолдирмасдан ўтиб кетмайди.

Буюк Британия, Ирландия, Германия, Сингапур ва Австралия аллақачон Ҳиндистонга инсонпарварлик ёрдами, шу жумладан респираторлар, «ИВЛ» аппаратлари, концентрланган кислород захираси ва шахсий ҳимоя воситаларини юборди. 

Энди уларга яна учта давлат - Россия, Жанубий Корея ва Канада қўшилди. 

Куни кеча Россия президенти Владимир Путин Ҳиндистон бош вазири Наренда Модига қўнғироқ қилиб, РФ пандемияга қарши курашда ёрдам беришига ишонтирди. Кейинчалик, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўз баёнотида Россия яқин кунларда Ҳиндистонга катта тиббий юк юборишини айтди. 

Канада Ҳиндистонга ёрдам учун 10 миллион доллар ажратди, Сеул эса тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш бўйича Деҳли билан музокаралар олиб бормоқда. 

Британиядан биринчи гуманитар ёрдам ўтган сешанба куни Деҳлига етиб келди ва Лондон бундай ёрдамни етказиб беришни давом эттириш ниятида. 

«Илгари Ҳиндистон бошқаларга ёрдам берар эди, энди унга ёрдам бериш навбати келди. Биз бу жангда ғалаба қозонамиз», деди шаҳзода Чарлз. Бу қирол оиласи вакилининг Ҳиндистондаги инқироз юзасидан биринчи баёнотига айланди.

Ҳиндистон билан қўшни бўлган Покистондаги вазият ҳам сезиларли даражада ёмонлашди. Чоршанба куни мамлакатда бутун пандемия кузатилаётган вақт ичида ўлим ҳолати бўйича кунлик рекорд қайд этилди - 200та ўлим. 

Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида, айниқса, аҳоли зич жойлашган Панжоб вилоятида касалхоналар ресурслар тугаб бораётганидан шикоят қилмоқда. Келгуси ҳафтадан бошлаб ҳукумат 20та шаҳар ва вилоятда локдаун жорий қилишни режалаштирмоқда.

Илгари Покистон ҳукумати бу мамлакат иқтисодиётини «ўлдириши» ҳақида маълум қилиб, локдаунларга фаол равишда қаршилик кўрсатиб келганди. Мухолифат вакиллари раҳбарлик қилаётган вилоятларда чеклов чоралари жорий этилди. 

Аммо қўшни мамлакатда содир бўлаётган воқеалар Исломободни ўз позицияларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. 

Мавзуга оид