Жамият | 17:54 / 30.04.2021
10063
3 дақиқада ўқилади

Юнусобод метроси қурилишида вафот этган фуқаро яқинларига тўланиши керак бўлган компенсация можароси апелляция тартибида кўриб чиқилмоқда

2019 йил 18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўли қурилишида авария рўй берган, 6 нафар ишчи тупроқ остида қолиб ҳалок бўлганди. Одамлар ўлимига олиб келган ҳодиса айбдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши 2020 йил 18 март куни, айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб тугатилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йилнинг 24 январдаги буйруғига асосан тузилган комиссия уларнинг ҳар бири учун зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган қарамоғидаги шахсларга 261,9 млн сўмдан (марҳум З.Каримовга 281 млн сўм тайинланган) бирйўла тўланадиган нафақа белгилаган.

Аммо, бир қанча вақтдан сўнг марҳумларнинг оила аъзоларига махсус комиссия тайинлаган нафақа пулларини етарлича тўлаб берилмаганлигига доир масала кўтарилди.

Бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлган Анвар Диёровнинг яқинлари бирйўла ва ойма-ой тўланадиган нафақалар ўз вақтида тўлаб берилмаган деган важ билан «SBK Universal Construction Group» МЧЖга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига даъво аризаси киритган.

Боқувчисини йўқотган даъвогар Лобар Раҳмонова (марҳум А.Диёровнинг беваси) судда оиланинг фарзандлари учун тайинланган ҳар ойлик компенсация ва бир марталик нафақа умуман тўланмаганини маълум қилган. Бундан ташқари, Лобар Раҳмонова турмуш ўртоғининг вафоти туфайли етказилган маънавий зарар учун тўлов ундиришни ҳам сўраган.

Унинг даъво талаблари қаноатлантирилган ва суднинг 2020 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарорига кўра жавобгар «SBK Universal Construction Group» МЧЖдан даъвогар Лобар Раҳмонованинг 3 нафар фарзандларининг ҳар бирига 16 ёшга тўлгунга қадар ҳар ойда 727 минг сўмдан компенсация, 100 млн сўм бир марталик компенсация ва етказилган маънавий зарар учун 300 млн сўм ундириш белгиланган эди.

Бугун, 30 апрел куни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ушбу масалани апелляция тартибида кўриб чиқиш бошланди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, очиқ ўтган суд мажлисида «SBK Universal Construction Group» МЧЖнинг адвокати ОАВларининг видео, фото ва овоз ёзиб олишларига рози бўлмаган. Шу боис ОАВ воситалари вакилларига судда аудио ва видео ёзувларни олишга рухсат берилмаган.

Судда компания адвокати Мирзо Улуғбек туманлараро судининг жабрланувчининг яқинларига 100 млн сўм бир марталик компенсация ва етказилган маънавий зарар учун 300 млн сўм компенсация ундириш тўғрисидаги қарорини бекор қилишини сўради. Лекин, «SBK Universal Construction Group» МЧЖ Лобар Раҳмонованинг 3 нафар фарзандларининг ҳар бирига 16 ёшга тўлгунга қадар ҳар ойда 727 минг сўмдан бериладиган компенсацияси тўлаб борилишини, тўловнинг бу қисмига нисбатан эътирози йўқлигини билдирди  

Даъвогар Лобар Раҳмонованинг адвокати эса қуйи суднинг қарорини ўз кучида қолдиришни сўради. Томонларнинг важлари тўлиқ эшитилгач суд 2021 йил 5 майга қадар танаффус эълон қилди.

Мавзуга оид