Жамият | 20:46 / 01.05.2021
53011
6 дақиқада ўқилади

Дунёга сиғмаётган аёллар. Улар нега ўз жонига қасд қилишмоқда?

Яратганнинг инсонга берган неъматлари ичида энг улуғи, шубҳасиз тириклик неъматидир. Нисо сураси, 29-оятда: «...Ўзларингизни ўлдирманг! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир», дейилган. Аммо гувоҳи бўлаётганимиз – аёллар орасида бу ҳолатнинг кўп учраётгани ўйлантирадиган ҳолат.

Аёллар нега ўз жонига қасд қилишмоқда? Аёлнинг кўзига дунёни тор қилаётган сабаб нима? Жуда кўпчилик буни оилавий муҳит, унинг турмуш ўртоғи билан боғлаши аниқ. Аммо сабаб фақат бунда эмас.

Аёлнинг ҳаётда ўз ўрнини, ўз йўлини топиши, уни қасдга ундаётган жоҳил муҳитни ўзгартира олиши учун ўзида куч топа олиши ҳақида ҳам ўйлаш вақти келмадимикан?

Kun.uz ушбу долзарб мавзуда олима Одинахон Муҳаммад Содиқ ва психолог Розалия Габдулҳакова билан суҳбатлашди.

Ўз жонига қасд қилиш – катта гуноҳ

«Бу оғриқли масалада гапириш осон эмас. Аввало, жон Аллоҳники, инсонга омонат қилиб топширилган, унга қасд қилиш – Аллоҳнинг ишига аралашиш, катта гуноҳ. Ўзини ўлдирувчиларга охиратда қаттиқ жазо, уқубат бор. Ҳадиси шарифда жонига қасд қилган инсон қай тарзда шу ишни амалга оширган бўлса, жаҳаннамда худди шу тариқа азобланиши таъкидланган.

Жоҳилият пайтида оилада қиз туғилса, ор қилиб ўлдириб юбориш одати бор эди. Бу иш пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг аралашувлари билан тўхтатилган эди. Ҳозирда аёллар ўзлари билан биргаликда болаларини ҳам ўлдирмоқчи бўлишлари жоҳилият пайтидан ҳам ўтиб тушяпти», – дейди Одинахон Муҳаммад Содиқ.

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Олиманинг таъкидлашича, мусулмон аёл бўла туриб, бу ишга қўл уриш инсонда эътиқод мустаҳкам эмаслигидан далолатдир.

Демак, аёлларимизнинг эътиқод жиҳатидан билимларини ошириш, уларга жон омонатлигини, сабр билан яхшилик ярата олишни ўргатиш лозим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини ўлдирмасдан бошқалардан ёрдам сўраш, имкон топиш учун ҳаракат қилиш керак.

Суициддан мақсад – ўлиш эмас, қасд олиш ёки қўрқитиш

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, биргина 2016 йилнинг ўзида 793 минг нафар одам ўз жонига қасд қилиш оқибатида вафот этган. Эътиборлиси, ўзини ўлдирмоқчи бўлганлар орасида аёллар, суицид оқибатида ўлганлар орасида эса эркаклар кўпроқ.

Психолог Розалия Габдулҳакованинг айтишича, бунинг психологик сабаблари бор.

Розалия Габдулҳакова

«Эркак киши жонига қасд қилганда мақсад ўлиш бўлади. Аёлларда эса кўпинча суиқасддан мақсад кимнидир қўрқитиш, қасд олиш, нимагадир қодир эканини исботлаш бўлади.

Суиқасд одамдаги депрессия сабаб келиб чиқади, аёлларда эса депрессияга учраш эркакларга нисбатан 50 фоизга кўп учрайди. Аёл ўйлайдики, жонига қасд қилса, ҳамманинг, жумладан эри ёки бошқа оила аъзолари унга раҳми келади, қадрига етишади, унга етказган озорларидан афсус чекишади. Аммо бундан зарар кўрган фақат аёл ва унинг фарзандлари бўлади.

Айрим ҳолатларда аслида ўлиш нияти бўлмаса ҳам кимнидир қўрқитиш, бошқаларга таъсир ўтказиш истагида ҳам шу ишга қўл уришади.

Болаларини ҳам қўшиб ўзини ўлдирмоқчи бўлган ҳолларда эса, фарзанд тирик қолган тақдирда ҳам, бу руҳий зарба унинг ҳаётида бутун умр ўз таъсирини қолдиради. Бундай руҳий зарбага дуч келган боланинг бахтли инсон бўлиши қийин кечади», – дейди у.

Жабрдийда ролига кириб қолманг

Руҳшунос оилада зўравонликка учраган аёлнинг психологияси жабрланувчи характерида бўлишини айтди. Ҳаётини ўзгартириш учун у аввало ўз характерини ўзгартириши керак бўлади.

«Муаммонинг сабабларидан бири қилиб аёлнинг зўравонликка учрагани ҳам айтилади, лекин уни бу муҳитдан олиб чиқиб кетишнинг ўзи муаммонинг ечими эмас. Аёл ўзидаги шу жабрланувчи характери билан яна бир зўравонга дуч келади. Чунки унинг психологияси шунга мослашган.

Агар аёлга нисбатан зўравонлик кузатилаётган бўлса, демак у ўз руҳияти устида ишлаши, ўз хоҳишлари, ўз чегарасини англаб олиши ва буни бошқаларга ҳам англатиши керак. Илк марта тазйиққа учраганда муносиб жавоб бера олган аёл кейинги сафар шундай ҳолга тушмайди», – дейди Розалия Габдулҳакова.

Ечим – аёлларни ўқитиш

Аёлларнинг ўз норозилигини ўт қўйиш орқали намойиш этишлари кеча ёки бугун пайдо бўлмади. Лекин бугунга келиб ўзига қўшиб фарзандларини ҳам дунёдан олиб кетишни истаётган жувонлар ҳақида эшитяпмиз, ўқияпмиз. Бундай аёллар сабаб болалар ҳам руҳий зарба оляпти.

Демак, жамиятдаги бир қатлам эртага шу ҳолатни муаммонинг ечими деган фикрга бормаслигини, уни такрорламаслигини ҳеч ким таъминламайди.

Одинахон Муҳаммад Содиқ аёллар суицидининг олдини олишда асосий ечим қизларни ўқитиш эканини айтади.

«Албатта, фақат аёлни айблайвериш ҳам нотўғри, уни шунга мажбур қилаётган омиллар ҳам бор. Ҳаётидан хурсанд аёл ҳеч қачон бу ишни қилмайди. Эр билан, қайнона билан муносабатлар ёки аёл ўзи адашиб нотўғри йўлга кириб қолган ҳолатларда суиқасд қилиш келиб чиқяпти.

Энг асосийси, бунинг муолажаси аёл кишининг таълимига бориб тақалади. Унга таълим бериладиган бўлса, эътиқоди мустаҳкам бўлса, ўзининг диний ва дунёвий ҳуқуқларини яхши билса, шундай вазиятга тушмайди.

Афсуски, бизда аёлларнинг ўз ҳуқуқларини билиб қолишларидан қўрқув бор. Бундан қўрқмаслик керак, ўргатиш керак», – дейди олима.

Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов

Мавзуга оид