Оқ уйдаги 100 кун. Байден зерикарли президент бўляптими?
АҚШнинг 46-президенти Жо Байден Оқ уй раҳбарлигига келганига 100 кун бўлди. Инаугурациядан кейин Байден унинг президентлиги кутилмаган воқеаларсиз ўтиши ва яқин тўрт йил давомида кечиктириб бўлмайдиган муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланишини айтганди. ВВС Байденнинг президентлик муддати қандай ўтаётганини таҳлил қилди.
Жо Байденнинг президентлигининг дастлабки ойларига таъриф берар экан, кўпчилик сиёсатчилар «зерикарли» сўзини ишлатмоқда. Чиндан ҳам шундайми?
«Байден президентлигининг дастлабки ойларига бир сўз билан «нормаллик» деб баҳо бериш мумкин. Энди бир неча кун бемалол янгиликларни кўрмасангиз ҳам бўлади. Чунки бу вақтда президент иштирокидаги қандайдир можарони ёки фонд бозорининг оёғини осмондан қиладиган твитни ўтказиб юбормаслигингиз аниқ», дейди Кларемонт Маккен коллежи ўқитувчиси Жон Питни.
Байден унинг фаолиятини зерикарли деб баҳолашларидан ажабланмаса керак, чунки унинг ўзи мақсади Оқ уйдаги «ҳароратни тушириш» ва бу орқали демократлар ҳамда республикачилар ўртасидаги тушунмовчиликни бартараф этиш эканини айтганди.
Бироқ бундай ишлаши унинг рейтингига ижобий таъсир кўрсатмаяпти. АҚШ президентлари учун эса рейтинг жуда муҳим омил ҳисобланади. Турли ижтимоий сўровларга кўра, Байденнинг фаолиятини 53 фоиз америкаликлар қўллаб-қувватлашмоқда. Албатта, бу Трампнинг бутун президентлик давридаги рейтингидан юқори ҳисобланади, лекин қолган президентлар билан солиштирганда, пастроқ.
Байден республикачи ва демократлар ўртасидаги фикрлар хилма-хиллигини йўқотиш борасида бош қотираётган бир вақтда уни республикачилардан атиги 12 фоизи қўлламоқда. 93 фоиз партиядошлари эса ҳозирча Байдендан рози. Таққослаш учун, Обамани президентлигининг дастлабки босқичида 37 фоиз республикачилар қўллаган.
Пандемия
Байден Оқ уй раҳбарлигига келиши билан икки масалани ҳал қилиши керак эди: оммавий эмлаш жараёни ва фуқароларга навбатдаги иқтисодий ёрдам пакетини тасдиқлаш. «Америкаликлар учун икки жиддий муаммо - бу ковид ва иқтисодий танглик», деганди Байденнинг ўзи бу ҳақда.
У президентлигининг 100 кунлигида коронавирусга қарши 100 миллион киши эмланишини ваъда қилганди. Бу натижани АҚШ ҳукумати Байден раҳбарлигининг 58-кунидаёқ уддалади. Кейинчалик Байденнинг 100 кунлигидаги маррани 200 миллион қилиб олишди ва бу ҳам муддатидан олдин уддаланди.
Ҳозиргача 240 миллион америкалик вакцина олишга улгурди. Штатларга умумий ҳисобда 290 миллион доза вакцина етказиб берилган. 100 миллиондан ортиқ америкалик иккинчи дозани ҳам олган. Албатта, эмлаш борасида ишлар Трамп давридаёқ ташкил қилина бошланганди, лекин айнан Байден раҳбарлигида минглаб эмлаш майдонлари ташкил этилди ва жараён тезлашиб кетди.
Эмлаш натижасида АҚШда ўлим кўрсаткичлари кескин пасайди. Масалан, Байденнинг илк иш кунларида уч минглаб америкаликлар коронавирусдан ўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич минглар билан эмас, юзлар билан саналмоқда. Байденнинг администрацияси эмлаш ишларини амалга оширишда дунёдаги энг яхшиларидан бири бўлмоқда, чунки 350 миллион одам (яна миллионлаб муҳожирлар) яшайдиган мамлакатда бундай ҳажмда эмлаш ишларини ташкил қилиш осон эмас. Бироқ улар учун энг жиддий муаммо шундаки, 20 фоиз америкалик вакцина олмаслигини билдириб, оёқ тираб туриб олган ва ҳукумат уларни эмлашга кўндириш учун яхшигина тер тўкиши керак.
Американи қутқариш учун 1,9 триллион доллар
Байден президентлигининг биринчи ҳафтасида «Американи қутқариш режаси» деб номланган иқтисодий ёрдам режасини Конгрессга оширди. Одамларга ёрдам беришни кўзда тутувчи бу пакет 1,9 триллион долларни ташкил этарди. Республикачиларнинг қаршилигига қарамай, дастур қабул қилинди ва ҳар бир америкаликка 1 400 доллардан пул тарқатилди, болалар учун кўпроқ пул берила бошланди, тадбиркорларга гаровсиз ва имтиёзли кредитлар берилди, ижарада турувчилардан ундирувни амалга оширмаслик бўйича мораторий жорий этилди, ишсизлик нафақаси ва ёрдам пули олаётганларга пул бериш муддатлари узайтириб берилди. Хуллас, Америка дунёга ўрнак ўлароқ ўз фуқароларини қийин дамда ташлаб қўймади ва уларга қўрқмай пул тарқатди.
Бу ишлар ўз натижасини бермай қўймади. Давлатнинг одамларга иқтисодий кўмаги ва эмлаш жараёни тезлашгани сабаб мамлакат иқтисоди 7 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда. Ҳозирда 10 миллион америкалик ишсиз ҳисобланади ва уларнинг сони кун сайин камаймоқда. Байденнинг 100 кунлигида мамлакатда 1,2 миллионта янги иш ўрни яратилди, лекин шунга қарамай, ишсизлик даражаси 6 фоизлигича қолмоқда.
Ташқи сиёсат
Байденнинг ташқи сиёсат бўйича қарорлари кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Кўпчилик эмлаш ва иқтисод борасида кескин қарорлар қабул қилишини кутаётган бир вақтда Байден айнан ташқи сиёсатда кутилмаган юришлар қилди. Айниқса Россияга нисбатан сиёсати Байденнинг асосий ўзгариши бўлди. У Путин билан илк суҳбатидаёқ «Трамп эмаслиги»ни кўрсатиб қўйиб, ундан кўп масалаларда ҳисоб талаб қилди. Кремлга қарши санкциялар пакети қабул қилинди. Етмаганига Байден Путинни қотил деб ҳисоблашини айтди.
Вашингтон санкциялар Москванинг олдинги администрация вақтида қилган ишлари учунлигини айтиб, янги администрация мунсобатлар мўътадил бўлишини хоҳлаётганини маълум қилди. Бу борада илк қадам икки президентнинг учрашуви бўлади ва у ёзда ўтишига ҳам келишиб олинди.
Одатда Америка президентлари учун асосий мавзуларда бири сифатида Эрон билан муносабатларни ҳам айтишади, бироқ Байден ҳозирча Эрон бўйича аниқ қарор қабул қилгани йўқ. У Трамп томонидан киритилган санкцияларни бекор қилмаслигини айтди. Ваҳоланки, Эрон ядро келишувига қайтишнинг шартларидан бири сифатида айнан санкцияларнинг бекор қилинишини айтганди.
Шунингдек, Байден Хитой борасида ҳам аниқ бир қарорга келмаган кўринади. Шундай бўлса-да, у Трамп даврида Хитой маҳсулотларига жорий қилинган божларни бекор қилмади, шунингдек, уйғурларга нисбатан қатағон ва Ҳонгконг мухолифатини танқид қилгани учун Хитойга қарши санкцияларни тасдиқлади.
Ташқи сиёсатда Байденнинг яна икки чиқиши эътиборни тортади. У Саудия Арабистонига қурол-яроғ сотиш бўйича чеклов жорий қилди. Яна Туркиянинг норозилигига қарамай, Усмонлилар империяси даврида арманларнинг оммавий қувилиши ва ўлдирилишини генеоцид деб тан олди.
Иммиграция
Байден ишга киришганидан буён Трамп имзолаган 62та ҳужжатни бекор қилди. Хусусан, Америка яна иқлим ўзгаришларининг олдини олиш бўйича Париж келишувига қайтди. Шунингдек, мамлакат яна ЖССТни молиялаштира бошлади. Бекор қилинган ҳужжатлардан баъзилари иммиграция билан боғлиқ эди. Масалан, Мексика билан орадаги девор қурилиши бекор қилинди. Фуқаролари АҚШга киришига чеклов қўйилган 13та мамлакат «қора рўйхат»дан чиқарилди. Улардан аксари мусулмон мамлакатлари эди.
Байденнинг бу сиёсати мамлакатда янги ижтимоий муаммоларни келтириб чиқара бошлади. Ҳозирда ҳар ой АҚШ чегарасини Лотин Америкасидан 80 минг киши, хусусан, болалар кесиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Мамлакат чегарани ноқонуний кесиб ўтган фуқароларни сақлаш учун янги лагерлар ташкил қилишга мажбур бўлмоқда ва улар тўлган. Қочоқларга эса коронавирус сабаб мамлакатга кириб ишлашга рухсат берилмаяпти.
Қуролга чеклов бўйича қарор кечикмоқда
Байден сайловолди кампанияси вақтида қурол олиб юриш ва умуман қурол ишлатиш бўйича кескин чекловлар бўлишини ваъда қилганди, аммо бу ишлар кечикмоқда. Шу йилнинг ўзида 163та оммавий отишма содир бўлди ва уларнинг ҳаммасида одам ўлими қайд этилди. Байден ҳозирча фақат қўлбола қурол олиб юриш бўйича чеклов жорий қилди. Яъни қисмларини интернетдан сотиб олиб ясаш мумкин бўлган қуролларни олиб юриш чекланди. Бироқ мамлакатда ҳамон юзлаб турдаги қуроллар сотилмоқда.
Кўпотар қуроллар, автоматларни сотишни чеклаш бўйича қарорни қабул қилишга эса унга Конгресснинг ёрдами керак бўлади. Республикачи консерваторларнинг қаршилиги билан эса бундай қўлловга эришиш қийин масала.
«Бункердаги президент»
Байденни сайловолди кампания вақтида доим уйида бўлиб, карантин қоидаларига қатъий риоя қилгани сабаб «бункердаги президент» деб аташарди. У президентликка киришгач ҳам олдинги ҳамкасби Трамп каби шоуменга айланиб кетмади ва ижтимоий тармоқларда ҳам фаол эмас. Масалан, Байден кунига ўртача олтитадан ортиқ твит ёзмаяпти. Таққослаш учун, бутун президентлик муддати давомида умумий 9 суткага тенг вақтни ижтимоий тармоқларда ўтказиб, 26 мингдан ортиқ твит ёзган Трамп кунига ўртача 18тадан пост қолдирарди.
Мавзуга оид
20:16 / 24.12.2024
WP: Байден Путинга «хайрлашув зарбаси» — Россия энергетикасига қарши санкциялар тайёрламоқда
17:40 / 24.12.2024
Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
23:11 / 21.12.2024