Илҳом Алиев Қорабоғдаги ихтилоф ҳал қилингани ва бу масалага қайтиш бефойдалигини айтди
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғ ихтилофи ҳал қилингани ва бу масалага қайтиш бефойдалигини айтди. Унинг таъкидлашича, “кимдир ҳали ҳам ихтилоф ҳал қилинмаган деб ҳисоблаётган бўлса, унда бу унинг шахсий муаммоси”.
“Яна бир марта таъкидламоқчиман, урушдан кейин Тоғли Қорабоғ ихтилофи ҳал қилинганини бир неча марта айтганман. Озарбойжон бу ихтилофни бир ўзи, жанг майдонида ва музокаралар столи ортида ҳал қилди. Жанг майдонидаги ғалаба душманни оқ байроқ кўтаришга ва капитуляция ҳақидаги ҳужжатни имзолаш учун таслим бўлишга мажбур қилди. 10 ноябрда имзоланган ҳужжат Арманистоннинг таслим бўлиши ҳақидаги ҳужжатдир. Озарбойжонда Тоғли Қорабоғ деб номланувчи ҳудудий бирлик йўқ. Ихтилоф ҳал қилинди ва бу масалага қайтиш бефойда деб ҳисоблайман. Биз буни урушдан кейинги даврда кўрсатдик”, деб айтган Алиев Озарбойжон давлат телевидениесига берган интервьюсида.
Озарбойжон раҳбарининг таъкидлашича, “кимдир ҳали ҳам ихтилоф ҳал қилинмаган деб ҳисоблаётган бўлса, унда бу унинг шахсий муаммоси”.
“Иккинчидан, бу хавфли ёндашувдир. Агар ихтилоф ҳал қилинмаган бўлса, унда уни қандай ҳал қилиш керак? Унда бу 10 ноябрда имзоланган баёнот ўз кучини йўқотганини англатадими? 10 ноябрда ихтилофни ҳал қилиш ҳақида ҳужжат имзоланган. Бу баёнот баъзилар кўрсатмоқчи бўлаётгандек фақат ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги ҳужжат эмас. Кўзларини яхшилаб очиб, унда бошқа яна қанча банд борлигини кўришсин. Унда кўплаб масалаларга, жумладан, коммуникациялар очишга тааллуқли кўп бандлар бор. Агар ихтилоф ҳал қилинмаган бўлса, унда қандай коммуникацияларни очиш ҳақида сўз бориши мумкин? Унда нимага Озарбойжон, Арманистон ва Россия бош вазирлари ўринбосарлари учрашиб, келишмоқдалар?” деб таъкидлаб ўтган Алиев.
2020 йил сентябрда Тоғли Қорабоғда ушбу ҳудуд учун Озарбойжон ва Арманистон қуролли кучлари ўртасида жанговар ҳаракатлар қайта бошланганди. 2 ойга яқин давом этган қарама-қаршиликдан кейин томонлар Россия воситачилигида ўт очишни тўхтатишга ва асирлар ҳамда ҳалок бўлганлар жасадлари билан алмашишга келишган. Ереван, шунингдек, Озарбойжонга Келбажар, Лочин ва Агдам туманларини топширган.
Мавзуга оид
16:16
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
14:37 / 13.11.2024
Шавкат Мирзиёев Бокуда Илҳом Алиев билан учрашди
21:54 / 15.10.2024
Бокуда Қорабоғни қайта тиклашга қаратилган халқаро кўргазма очилди
18:55 / 30.08.2024