Ўзбекистон | 14:23 / 10.05.2021
21886
4 дақиқада ўқилади

Муаммоли сочлар: уларни уй шароитида даволаш мумкин

Соч парваришини ташкил этишда нафақат, йил фасллари инобатга олинади, балки овқатланиш рационига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Чунки сочлар билан боғлиқ муаммоларнинг аксарият қисми организмда баъзи керакли моддаларнинг етишмаслиги оқибатида вужудга келади. Қуйида сочлар парваришига оид бир қанча тавсияларни келтириб ўтамиз.

Сочларим мустаҳкам бўлсин десангиз...

Иқлим ўзгариши натижасида сочларнинг тўкилиши, синиши ва қазғоқ пайдо бўлиши каби ҳолатлар тез-тез кузатилади. Бу муаммоларни бартараф этиш учун уй шароитида ҳам кўпгина муолажаларни амалга ошириш мумкин.

Бунинг учун иккита тухум сариғига яримта лимон шарбати ва беш томчи репей (чакамуғ) ёғи (дорихоналарда мавжуд) томизиб, аралаштирилади. Аралашмани сочларнинг бутун узунлиги бўйлаб суртиб, 20 дақиқага қолдирилади. Ювиб ташланган сочлар хона ҳароратида қуритилади. Бу муолажани ҳар саккиз кунда бир марта амалга ошириш керак. Бу ниқоб сочларни мустаҳкамлаб, уларнинг жилоланишини таъминлайди. Соч тўкилиши ва синишига қарши курашда самарали.

Гуллаган сочларни бартараф этамиз

Кўпчилик сочи узун бекаларимиз айнан шу муаммодан азият чекишса ажабмас. Буни бартараф этишнинг ҳам турли йўллари мавжуд.

Бунинг учун 500 г қичитқи ўтнинг устидан ярим литр қайнаб турган сув қуйилади. Совитиб, докадан ўтказиб олинади. Дамламани тоза сочлар илдизига суртиб, ярим соатдан сўнг ювиб ташланади. Бу ниқоб соч илдизини мустаҳкамлайди ва сочнинг тўкилишига йўл қўймайди. Муолажани ҳафтада бир марта қайтариш керак.

Бир ошқошиқ оққайин баргининг (дорихоналарда мавжуд) устидан ярим литр қайнаб турган сув қуйилади. 2 соатдан сўнг докадан ўтказиб олинади. Бу дамламани ҳар сафар сочлар ювилгандан сўнг, соч илдизига яхшилаб суртилади. Ушбу ниқоб қазғоққа барҳам бериш билан бир қаторда, сочларнинг қалин ва сержило бўлишини таъминлайди.

Бир чой қошиқдан асал, сметана, канакунжут мойи ва икки бўлак эзилган саримсоқпиёз аралаштирилади. Бу восита сочларингиздаги қазғоқларни камайтиришда самарали ёрдам беради. Мазкур ниқобдан ҳафтада бир марта фойдаланишингиз мумкин.

Сочларни сержило қилиш усуллари

Бу тўғрида турли хил тавсиялар мавжуд. Уларнинг синовдан ўтган ва фойдалилари қуйидагилар:

Ярим литр кефир, бир чойқошиқ асал, бир чойқошиқ ўсимлик ёғини аралаштириб, сочларга суртинг. Сўнг қалпоқча кийиб, сочиқ билан ўраб қўйинг. Ярим соатдан кейин сочларингизни илиқ сувда ювиб ташланг. Ушбу ниқобни бир ҳафтада бир марта такрорлаш тавсия қилинади. Улар сочларингизни сержило қилишда муҳим воситалардан ҳисобланади.

Оқ пиёзни қирғичдан чиқариб, сочга 1 соат давомида суртиб қўйилади. Сочга суртиб қўйилган пиёзли массани илиқ сувда ювиб олинг. Беш дақиқадан сўнг, шампун ёрдамида ювиб ташланг. Ушбу ниқоб сочларни мустаҳкамлаб қолмай, уларга майинлик ва жило бахш этади.

Фойдали ниқоблар

Ёғли сочлар учун: бир дона тухумга, 50 грамм сут ва икки ошқошиқ петрушка (кашничсимон кўкат) шарбати солиб, аралашма тайёрланади. Тайёр массани сочларга суртиб, 30 дақиқага ушлаб турилади ва илиқ сувда чайиб олинади.

Қуруқ сочлар учун: бир дона тухум сариғига, 30 грамм мойчечак дамламаси ва 50 грамм сметана аралаштириб олинади. Сочларга суртилгач, қирқ дақиқа давомида ушлаб турилади.

Бу ниқоблар нафақат соч илдизини мустаҳкамлайди, балки уларнинг сержилолигини ҳам таъминлайди.

Махсума ОҚҚЎЗИЕВА тайёрлади.

Мавзуга оид