Жаҳон | 22:46 / 10.05.2021
38274
3 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Исроилга ракеталар билан зарба берди

Фото: Mohammed Salem / Reuters

Ғазо секторидан Исроил ҳудудига 2 соат ичида 45тадан кўпроқ ракета билан зарба берилди. Бу ҲАМАС томонидан Исроилга Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди мажмуасидан хавфсизлик кучларини олиб чиқиш учун берилган муҳлат якунлангандан кейин юз берган.   

Зарбадан кейин Қуддус ва Бейт-Шемешда ҳаво тревогаси сигнали янграган. Сдерот шаҳрида эса танкларга қарши ракета автомобилга теккан ва бунинг оқибатида бир киши яраланган.

Таъкидланишича, охирги марта Қуддус бундай кучли ҳужумга 2014 йил учраган. Исроил армияси расмий вакили Жонатан Конрикус ушбу ҳужум жиддий қабул қилинишини ва жавобсиз қолмаслигини айтган.

Аввалроқ ҲАМАС ҳаракати Исроил ҳарбийлари ва фаластинликлар ўртасида давом этаётган тўқнашувлар ортида Исроилга Қуддусдаги Ибодатхона тоғи ва Шайх Жарроҳ мавзесидан соат 18гача хавфсизлик кучларини олиб чиқиш талабини қўйган. Акс ҳолда ҳаракат Исроилга қарши ҳужумлар содир этиши билан таҳдид қилган.

ҲАМАС вакили Абу Обейда ушбу ҳужум Исроилнинг Қуддусда фаластинликларга қарши содир этаётган “жиноятлари ва тажовузи”га жавоб бўлганини айтган. “Душман бу огоҳлантиришни яхшилаб англаб олиши керак”, деб айтган ҲАМАС вакили. У агар Исроил Ал-Ақсога яна бостириб киришга ёки фаластин оилаларини Шарқий Қуддусдан чиқариб юборишга уринса, янги ҳужумлар амалга оширилиши билан таҳдид қилган.

Исроилнинг Kan радиоси ушбу воқеалар ортида Тел-Авив яқинидаги Бен-Гурион халқаро аэропортига қўнувчи ва учувчи самолётлар йўналишлари ўзгартирилганини маълум қилган. Бундан ташқари, Ғазо сектори билан чегарадош ҳудудларда йўллар ёпиб қўйилган, темир йўл алоқаси тўхтатилган.

Қуддуснинг эски шаҳрида Исроил ҳарбийлари ва фаластинликлар орасидаги тўқнашувлар 22 апрелда бошланган. Бунга Исроил судининг Шайх Жарроҳ даҳасидан бир неча фаластинлик оилани чиқариб юбориш қарори сабаб бўлган. 

10 майда тўқнашувлар давом этиб, 305 нафар фаластинлик жароҳат олган.

Мавзуга оид