Италиянинг Элдор Шомуродов кўчиб ўтган Женоа шаҳрига автомобилда саёҳат (фото)
Италиянинг Турин шаҳридан 185 километр масофа жанубда жойлашган, Ўрта Ер денгизида XIII—XVI асрларда энг муҳим порт-шаҳар мақомини қўлга киритган Женоа (итальянчада «Genova») шаҳрига бўлган саёҳатимиз Toyota «Yaris» русумли гибрид (электр+бензин) автомашинани бир кунга ижарага олишдан бошланди.
Агар сиз ҳам Турин шаҳрида осон автомобиль ижарага олишни истасангиз, ушбу сервисни таклиф қиламан: noleggiare.it
Женоа ҳақида қисқача
Лигурия вилоятининг пойтахти бўлмиш Женоа шаҳри қадимдан Италия ва бутун жаҳон учун муҳим порт сифатида хизмат қилиб келган. Катталиги бўйича 6-ўринда туради, шаҳарда ва шаҳарга яқин зоналарда 1,5 миллион киши истиқомат қилади. Шаҳардаги порт Италияда энг банд, Европа Иттифоқида эса ўн иккинчи энг банд порт ҳисобланади. Бутун дунё танийдиган машҳур саёҳатчи, Америка қитъасига Европадан биринчилардан бўлиб қадам босган Христофор Колумб ҳам Женоа шаҳрида таваллуд топган.
Ташриф буюриш шарт бўлган манзиллар (must-visit places)
Piazza De Ferrari — De Ferrari майдони
2,5—3 соатлик йўлдан сўнг биринчи бўлиб шаҳарнинг юраги бўлмиш Де Феррари майдонига кириб бордик. Майдон марказини 1936 йилда қуриб битказилган бронза фаввора безаб турибди. Бу ерда яна 1920 йилда қурилган Лигурия вилоятининг административ офислари (Palazzo della Regione Liguria), қимматли қоғозлар янги офиси, (Palazzo della Nuova Borsa), Лигурия санъат академияси (Accademia Ligustica di Belle Arti) ва Karlo Felich театри (Teatro Carlo Felice) жойлашган. GENOVA деб номланган металл ижод асари ушбу жойни ўзига хос «инстаграмбоп» масканга айлантирган.
Mura di Genova – Женоа деворлари
XII асрда қурилган деворлар шаҳар учун қўрғон вазифасини ўтаган ва ўрта асрларда шаҳарни турли ҳужумлардан ҳам ҳимоя қилган. Энг машҳур эшиги – Porta Soprana (Santa Andrea минораси) бўлиб, ундан бир неча қадам нарида Христофор Колумб туғилиб ўсган уй жойлашган. Уй XVIII асрда қайта таъмирдан чиқарилиб, ҳозирги кунда музейга айлантирилган.
Duomo di Genova — Женоа черкови
Европада христиан дини кенг тарқалгани боис кўплаб йирик шаҳарларда айрим черковлар музей сифатида ҳам фаолият юритади. Айниқса, Барселона шаҳридаги Sagrada Familia, Милан шаҳридаги Duomo di Milano шулар туркумидан. Женоада ҳам шу каби черков бор экан. У Duomo di Milano деб аталади ва ўзига хос ташқи дизайнга эга. Черков олдидаги майдон асосан туристлар билан гавжум бўлиб, у ерда кўплаб кафе ва ресторанлар жойлашган.
Via Garibaldi кўчаси – тор кўчалар
Via Garibaldi шаҳарнинг энг асосий маиший ва тижорий кўчаси ҳисобланади. Бу кўчадаги ҳар бир бино ўзига хос архитектурага эга бўлиб, қанчалик маданий меросга бой эканини кўрсатади. Кўча бўйлаб Palazzo di Strada Nuova (уйғониш даври ёдгорликлари музейи), Palazzo Doria Tursi (декоратив санъат музейи) ва яна кўплаб тарихий обидалар жойлашган. Эътиборимизни тортган жиҳати, шаҳар бўйлаб жойлашган бинолар ораси жуда ҳам тор бўлиб, 1-2 киши зўрға ҳаракатланадиган қилиб қурилган.
Caravelle, Piazza della Vittoria — Caravelle боғи ва Ғалаба аркаси
Жуда ҳам банд шаҳарнинг қоқ марказида барпо этилган Caravelle боғи тепалик шаклида жойлашган бўлиб, энг юқори нуқтасида шаҳарнинг Piazza della Vittoria – Ғалаба аркаси жойлашган қисмини панорама тарзида кўриш имконини беради.
Boccadasse – Боccадассе қишлоғи
Авваллари денгизчилар қишлоғи бўлиб хизмат қилган Boccadasse ҳозирда ўзининг кичик пляжи, қирғоқ бўйлаб жойлашган ресторанлари, ранг-баранг қадимий уйлари бор.
Шунингдек, Patanegra Boccadasse ресторани томидан кўриш мумкин бўлган панорама сабабли Женоа шаҳри ташқарисидаги энг муҳим туристик зоналардан ҳисобланади. Бу жойни ортиқча таърифлаб ўтириш шарт эмас, шунчаки қуйидаги расмларда томоша қилинг.
Женоадаги ўзига хос топилмалар
Албатта, ҳар бир саёҳат давомида инсон янги нарсалар, ўша жой ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотлар олади. Айрим ҳолатлар эса кишини ажаблантириб ҳам қўяди. Қуйида ўз кўзимиз билан кўрмагунча ишониш қийин бўлган «топилмалар» галереясини тузишга қарор қилдим.
1. Женоа метроси. Одатда порт шаҳарларда ерости транспортини қуриш ва ишга тушириш бирмунча қийин бўлади. Лекин Женоа учун бу муаммо эмас экан.
2. Кафе ва ресторанлар. Женоада озиқ-овқат сервис соҳаси жуда яхши ривожланган эканки, ҳар қадамда кафе ёки ресторан учрайди. Улар шунчалик кўпки, ҳатто айрим ўтириш жойлари деворларда жойлашган.
Қолаверса, денгиз бўйида овқатланишингиз ҳам мумкин.
3. Видеокассеталар. Шаҳар кўчаларида ҳамон эски видеокассеталар сотаётган сотувчиларга кўзингиз тушади. Албатта, ушбу лаҳзани ҳам расмга муҳрладим.
«Jenoa» футбол клуби ва Элдор Шомуродов
Женоа шаҳрига бўлган саёҳатимиздан кўзланган асосий мақсад, барчамиз мухлислик қилишни бошлаб юборган Италия А сериясидаги (энг қари жамоа 1893 йилда ташкил топган) – «Jenoa» футбол клуби ҳужумчиси, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов билан кўришиш ва у билан бирга ифторлик қилиш эди. Элдор Турин шаҳрига икки марта келиб кетишга улгурган бўлса-да («Torino» va «Yuventus» футбол клубларига қарши ўйинларда) уни ҳеч ҳам кўриш насиб қилмаганди.
Элдор содда, самимий ва жуда меҳмондўст ўзбек фарзанди экан. У бизни ўзи яшаб турган уй эшиги олдида кутиб олди. Сўнгра уйи атрофи бўйлаб бироз айландик. Шаҳарда уни кўпчилик танийди, жуда кўпчилик бизга (айниқса, Элдорга) узоқ термилиб қарарди, лекин (балки) юзига ниқоб таққани учун ўйланиб қолишарди. Айниқса, Италия А сериясининг охирги турларидан бирида «Latsio» жамоаси дарвозасига урган голидан сўнг кўпчиликнинг меҳрини ва ишончини қозонди. Ҳозирда унинг ҳисобида А серияда 5 та гол мавжуд.
Шомуродов билан асосан ўзбек футболи, қандай қилиб Машъалдан Ростов жамоасига, ундан сўнг Женоага келгани, Италиядаги ҳаёти ҳақида суҳбат қурдик. Айтишича, бу ердаги ҳаётга тез кўниккан, чунки клубда унга жуда яхши муомала қилишади. Деярли ҳар куни машғулотларга қатнайди, итальян тилида сўзлашишни аллақачон бошлаб юборган. Ҳозирда оиласи ҳам у билан бирга яшайди.
Албатта, унинг футболкаси билан фотосессия қилдик!
Кун охирида эса ифторлик дастурхони ёзилди.
Шундай қилиб, Лигурия вилояти пойтахти, ҳамюртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Женоа шаҳрига бўлган бир кунлик саёҳат мана шундай юқори нотада ўз ниҳоясига етди. Кейинги саёҳатларда кўришгунча, arrivederci tutti!
Нодир Юсуфов,
UzbekLife’нинг Италиядаги колумнисти
Мавзуга оид
13:51 / 24.12.2024
Италиянинг энг йирик банки РФдан еврода тўловлар қабул қилишни тўхтатади
15:01 / 23.12.2024
Мелони: РФ миграциядан ЕИга путур етказиш учун фойдаланиши мумкин
13:48 / 19.12.2024
«Газпром» Италияга биринчи марта СТГ етказиб берди
13:14 / 05.12.2024