Иқтисодиёт | 19:08 / 12.05.2021
40862
5 дақиқада ўқилади

Аи-80 бензини қимматлашди: сабаблар ва кутилмалар

Сўнгги икки ҳафтада Аи-80 маркали автомобил бензини нархи кўтарилди. Нарх ўртача 4,3 фоизга ошгани айтилмоқда.

Фото: ТАСС

Ўтган 3 йил ичида дунёда Брент нефтининг нархи ва унга нисбатан Aи-80 бензинининг нархи шаклланишига оид қисқача рақамлар қуйидагича:

2019 йил декабрда жаҳон бозорида Брент нефтнинг нархи 65 доллар, Ўзбекистонда Аи-80 бензини эса 4500 сўм (0,47 доллар) эди. Пандемия даврида эса брент нефтнинг нархи икки баробар арзонлаши (30 доллар) натижасида, Aи-80 бензини нархида ҳам тушиш кузатилди (4000 сўм). Бироқ 2020 йил охирида нарх яна кўтарилди. Брент – 47 доллар. Аи-80 – 5000 сўм (0,48 доллар).

2021 йил май ойида эса жаҳон бозорида Брент нефти 68 доллар, Ўзбекистондаги АЁҚШларда Аи-80 маркали бензин 5800 сўм (0,55 доллар)дан сотила бошланди.

Kun.uz Товар-хомашё биржасидан олган маълумотга кўра, сўнгги 2 ҳафта ичида бензин нархи ошиши – сотувчи компаниялар бошланғич нархни кўтаргани билан изоҳланади.

«Сўнгги 2 ҳафтада, яъни 2021 йилнинг 26 апрелидан 5 майигача бўлган даврда сотувчи корхоналар 80 маркали автомобил бензинининг бошланғич нархини маҳсулотнинг бир тоннаси учун ўртача 6361,8 минг сўмдан 6635,2 минг сўмгача, яъни 4,3 фоизга оширган.

Мос тарзда биржа савдолари бўйича нархлар ҳам 4,3 фоизга ошиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6635,5 сўмни ташкил қилди. Ўсиш аукцион эвазига амалга ошмади. Ушбу даврда биржа савдоларига қўйилган бензиннинг атиги 37 фоизи сотилган.

Фақатгина 6 майда ўтказилган биржа савдоларида бироз талаб кўтарилди ва нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6715,8 минг сўмни ташкил қилди», – дейилади UzEx шарҳида.

2020 йил 1 майдан бошлаб Аи-80 маркали автомобил бензини ва дизел ёнилғиси (шу жумладан ЭКО маркали дизел ёнилғиси) нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан фақат биржа савдолари орқали сотила бошланган эди.

Расмий тартибга кўра, сотувчи корхоналар автомобил бензини учун бошланғич нархни эркин ва мустақил равишда ўрнатишади. Биржа савдолари эса мана шу бошланғич нархлардан бошланади.

Статистика қўмитасига кўра, 2021 йилнинг 1-чорагида автомобил бензини 291,3 минг тонна ишлаб чиқарилган, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан атиги 3 фоиз кўпроқ дегани.

Таққослаш учун, 2021 йил 1 январ ҳолатига Ўзбекистонда жисмоний шахслар эгалик қиладиган автотранспорт воситалари сони бир йил олдингига нисбатан 12,7 фоизга ошиб, 2 955 295 тага етган.

Айни пайтда, бензин импорти ошиб бормоқда. Очиқ маълумотларга кўра, биргина жорий йилнинг 4 ойида (207,5 млн литр) ўтган йилнинг 9 ойига (90,1 млн литр) нисбатан 2 баробар кўпроқ бензин импорт қилинган.

Ўзбекистонликлар эгалик қиладиган автоуловлар сони 12 фоизга, автобензин импорти эса 2 баробарга ошгани мамлакатда бензин нархи ошишига маҳсулот танқислиги сабаб эмаслигини кўрсатади.

Маълумот учун, Ўзбекистон автомобил бензинини асосан Россия (жами импортнинг 59 фоизи), Туркманистон (34 фоиз) ва Қозоғистон (7 фоиз) мамлакатларидан импорт қилади.

Жаҳон бозорида ҳолат қандай?

Бензин нархи ошишининг бирламчи омили – жаҳон бозорида нархлар ошгани. Ўтган ҳафтанинг охирида Лондоннинг ICE (Intercontinental Exchange Futures) биржасида Брент нефтининг нархи 0,31 долларга кўтарилиб, 68,40 долларни ташкил қилди, NYMEX (Нью-Йорк товар биржаси)да Light нефтининг нархи 0,28 долларга ошиб, 64,99 долларни ташкил этди.

Халқаро энергетика агентлиги (IEA) апрел ойи охирида чоп этган Глобал энергетика шарҳига кўра, дунё бўйлаб нефтга бўлган талаб 2020 йилда 8,5 миллион баррелга пасайган, 2021 йилда 5,4 миллион баррелга ўсиши кутилмоқда.

Ҳаво қатновларида сақланиб қолаётган чекловларга қарамай, 2021 йилда авиация ёқилғиси истеъмоли 17 фоизга ўсади, аммо талаб (иқтисодий) инқирозгача бўлган даврдан 30 фоизга кам бўлади.

Дунё бўйича бензинга бўлган талаб 2020 йилда 3 миллион баррелга пасайган ва 2021 йилда у 1,8 миллион бараварга кўтарилади.

Нархлар борасида энг тезкор қайтиш дизел ёнилғисида бўлади. Дизел истеъмоли 2020 йилда атиги 1,8 миллион бараварга камайди ва 2021 йилда 1,5 миллион бараварга ўсади.

Нефтнинг энг катта истеъмолчи мамлакатларидан бири Хитой инқирозни нисбатан яхши босиб ўтди. 2020 йилда унинг талаби 2019 йилдан-да юқори бўлди.

Хулоса ўрнида, бензин нархи ошиши асосан жаҳон бозорида талаб тикланаётгани билан боғлиқ. Етакчи мамлакатларда эмлаш тадбирлари асносида иқтисодиёт қайта оёққа туриб, авиапарвозлар сони ошаётгани ҳисобга олинса, нарх арзонлашишини кутиш учун асослар деярли йўқ.

Бундай шароитда ҳукумат ички бозордаги бензин нархини пасайтириш учун соҳада рақобатга кенгроқ йўл бериши, нефт-газ соҳасидаги лойиҳалар самарадорлигига эришиши энг тўғри йўл бўлиб кўринмоқда.

Мадина Очилова

Мавзуга оид