Ўзбекистон | 13:33 / 12.05.2021
8396
3 дақиқада ўқилади

«Обналчи» корхоналар сони 96тага кўпайди

Ўтказилган солиқ текширувларининг тўртинчи босқичида яна 96та корхона «шубҳали» деб топилиб, уларнинг сони 667тага етди. Шу билан бир қаторда 7та корхона «шубҳали»лар қаторидан чиқарилди.

Давлат солиқ қўмитаси шубҳали корхоналардан иборат янгиланган рўйхатни эълон қилди.

Дастлабки босқичларда «шубҳали» деб топилган 578та корхонанинг солиқ қонунчилигига риоя этилиши бўйича ўтказилган солиқ текширувлари натижасида 7та корхонада «шубҳали» деб топилишига асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганлиги сабабли рўйхатдан чиқарилди.

Шу билан бирга дастлабки уч босқичда аниқланган 578та шубҳали корхона қаторига тўртинчи босқичда яна 96та корхона киритилди.

Бошланғич таҳлилларга кўра, мазкур 96та шубҳали корхона билан иқтисодий алоқага кирган контрагентлар сони 1 347 тани, улар томонидан амалга оширилган товар айланма 541,3 млрд. сўмни, шундан асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммаси 80,6 млрд. сўмни ташкил этган. Мазкур шубҳали корхоналар ҳисобрақамлари ёпилган ва уларнинг контрагентларига хабарномалар жўнатилган.

Бугунги кунда «шубҳали» деб топилган корхоналар рўйхатидаги 667та корхоналар контрагентларида 98,1 фоиз ҳолатда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб (зачет)га олиш факти тасдиқланган.

Таъкидланишича, солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари асосида фаолияти шубҳали деб топилган корхоналар билан амалга оширилган битимларни ўрганиб чиқиш учун тезкор равишда камерал солиқ текширувлари ташкил этилмоқда.

Ўтказилган камерал солиқ текширувлари натижасида огоҳлантиришларда қайд этилган хатоликлар тасдиғини топган 680та субъектларга 81,7 млрд. сўмлик бюджетга тўланиши лозим суммаларни жорий йил декабр ойига қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашларига рухсат берилган.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойида Давлат солиқ қўмитаси «нақдлаштирувчи» (обналчи) фирмалар билан кураш бошлаб, 396та корхонани шубҳали корхоналар рўйхатига киритган эди. Натижада улар билан ҳамкорлик қилган 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ҳисобга олинган ҚҚС суммаси бекор қилинган.

Мавзуга оид