«Ташқарига чиқсам қайтиш-қайтмаслигим номаълум». Фаластинликлар «бомбалар ёмғири» остида қандай яшамоқда?
«Оиламиз учун етарлича озиқ-овқат ва сув борлигига ишонч ҳосил қилгач, уйимизнинг энг хавфсиз бурчагига бекиниб олдик ва эсда қолган ширин хотиралар ҳақида суҳбат қура бошладик. Чунки ҳамма нарсадан кўра кулишга эҳтиёжимиз бор».
«Одатда, Ғазода ҳар куни бизни довулчилар саҳарликка уйғотишарди, лекин биз барабан садоларини кутиб турган бир пайтимиз яқинимизга тушган бомбанинг гумбурлаган овозини эшитдик».
Юқоридаги фикрлар уч кун давомида Исроил бомбардимонига учраган ғазоликларнинг айрим фикрларидан намуналар, холос…
Душанба оқшомидан бери Исроил ҳаво ҳужумига нишон бўлиб келаётган Ғазо сектори дунёнинг аҳоли энг зич жойлашган минтақаларидан бири ҳисобланади.
365 квадрат километрлик майдонда 2 миллиондан ортиқ фаластинликлар яшайди. Бошқача айтганда, ҳар квадрат километрга тахминан 5 минг 500 киши тўғри келади.
Аҳоли ўта зич бўлган бундай ҳудудга тушаётган бомба ёки ракеталар нафақат мўлжалга олинган нишонга, балки унинг атрофида яшайдиган кўплаб одамлар ҳаётига таъсир қилиши аниқ.
Исроил буни яхши билади. Бу эса Ғазо аҳолисининг аксариятига яхши маълум. Уларнинг фикрича, кейинги пайтларда муайян объектни эмас, айнан тинч аҳолини йўқ қилиш мақсадида бомбардимонлар уюштирилмоқда.
«Бир дақиқа жимлик ҳукм суради, сўнг яна бомба садолари эшитилади»
Душанба кунидан буён ҳужумларнинг асосий нишонига айланган Бейт-Ханун ҳудуди Ғазо секторининг шимоли-шарқида – Исроил чегараси яқинида жойлашган. Ҳар лаҳза ўлим таҳликаси остида яшаётган Умар Алраби ҳам Бейт-Ханундан 7 километр узоқликда жойлашган Ғазо шаҳридан.
Айтишича, у бомбардимоннинг илк товушларини дўстлари билан ифторга йиғилганда эшитган: «Ифтор душанба куни соат 19:28да эди. Ифторлик қилмоқчи бўлган жойимизга кетаётиб, яъни соат 18:00 атрофида дастлабки бомбанинг овози қулоғимизга чалинди. Бу ҳолат такрорланмаса керак, деб ўйлаган эдик, аммо бомбардимон тўхтамади. Шу асно қимир этмай янгиликларни кузатишни бошладик.
Кейин йўлдан ўтиб кетаётганлар бизни огоҳлантиришди. «Ҳужум борган сари кучайяпти, улар кўчадаги тинч аҳолини ўққа тутишмоқда, уйингизга қайтинг», дейишди. Ўша пайт ифторлик вақти яқинлашиб қолганди, биз оғзимизни очибоқ уй-уйимизга тарқалдик».
Ғазодаги барча деразалар ярим очиқ
24 ёшли Умар Ғазода онаси, отаси ва 27 ёшли опаси билан яшайди: «Биз уйда кутяпмиз. Ташқари хавфсизроқмикин, деб ўйладик, кейин эса уй бехавотирроқ деган қарорга келиб, ҳануз кутишда давом этяпмиз. Деразаларни очиб қўйишга мажбурмиз, чунки бомбардимон босими натижасида ойналар портлаб кетади. Лекин деразаларни ланг ҳолда очиб қўймаяпмиз – портлаш садолари жуда ҳам кучли… Бу – биз одатланиб қолган ҳолатлардан бири: ҳар бир бомбардимонда шундай қиламиз ва бутун оила ўтириб, режа тузамиз».
Ғазо шаҳридан 7 километр узоқликда – Исроил билан чегарада яшовчи Ҳасан Кабер ва унинг оиласи бомбардимон садоларини эшитиши ҳамоноқ қилган илк ишлари деразаларни очиш бўлганини айтди: «Шу ҳолат қачондир рўй беришини тахмин қилардим, лекин айнан қачонлигини билмасдим. Биринчи ракета зарбаси берилганини эшитганимда ташқарида эдим. Оёғимни қўлга олиб, уйга чопдим. Дарҳол барча ойналарни очдик. Кейин эса етарлича озиқ-овқат ва сувимиз бор-йўқлигини текширдик. Чунки бундай ҳолатлар одатда камида бир ҳафта давом этади.
Бутун бошли Ғазода ҳеч бир жой хавфсиз эмас, деган қарорга келиб, уйимизнинг энг ишончли бўлмасида ўтириб кута бошладик. Бундай вазиятларда фарзандларимни жасурликка ундаш, уларга далда ва мадад бериш менинг бурчим».
«Уйнинг энг хавфсиз жойида ўтириб, яхши хотираларимизни эсга оламиз»
Саид Шуайб фаластинлик қочқинлар яшайдиган Буреиж лагерида рафиқаси, ўғли, ота-онаси ва ака-укалари билан жами 12 кишидан иборат оилада яшайди.
Буреиж лагери ҳам душанба кунидан бери Исроил ҳаво ҳужумларининг нишонига айланди.
Душанба куни кечқурун биринчи бомба портлаганини эшитган пайт уйда бўлган 29 ёшли Шуайб дарҳол хотини ва ўғлини хавфсиз жойга олиб бориш фикрига тушади. Бироқ бир мунча вақт ўтгач, Ғазода хавфсиз жойнинг ўзи йўқлигини англаб, уйда қолишга қарор қилади.
Улар оилавий ҳолда бир жойда ўтириб, ифтор вақти келишини кутишади.
Ҳасан Кабер ва унинг оиласи ҳам сўнгги уч кун давомида уйларининг энг хавфсиз жойида эски хотираларни эслаб, кулишишган:
«Уруш пайтида кулгига янада кўпроқ эҳтиёжимиз бор. Бундай пайтларда мени кулдира оладиган ва менга далда бера оладиган кимдир керак. Ўзим эҳтиёж туйган нарсани оиламга беришга ҳаракат қиламан. Масалан, илк кечадан бери ўтирган хонамизда икки ўғлим ва қизимга уларнинг болалигидаги қизиқ воқеаларни айтиб беряпман. Гўзал хотиралар... Кейин эса ўрнимиздан туриб, ибодат қилишга тутинамиз. Чарчаган бўлсак-да, ухлай олмаяпмиз.
Илк кеча саҳарликдан кейин икки соатгина ухлай олдик, холос. Хотираларни ёдга олиб, суҳбатлашиб турган чоғимизда тағин бомба овози эшитилади. Кейин эса сувимиз тугаб қолганини кўрамиз. Сув олиб келишимиз керак. Мен сув келтириш учун ташқарига чиқаман, аммо ортга қайтиб келаманми, йўқми – билмайман. Ҳаёт эса давом этади, чиқиб келишим керак. Баъзида ўғлим қайсарлик қилиб туриб олади ва сув олиш учун ташқарига у чиқади. Бироқ унинг ҳам ортга қайтиш-қайтмаслиги номаълум. Ҳатто эртага бозорда ўзимизга керакли нарсалар ёки сувни топа олиш-олмаслигимизни ҳам билмаймиз».
Ғазолик 58 ёшли Ҳасан Кабернинг болалари 20 ёшлар атрофида. Улар олдин ҳам кўп марта бомбардимон остида қолишган, аммо Кабернинг айтишича, улар ҳар сафар аввалги тажрибани унутишади, чунки унутиш нормал ҳаётга қайтишнинг энг яхши усулидир:
«Агар исроилликлар бирор нарсани, минтақани ёки бирон гуруҳни нишонга олишса, уни йўқ қилишади. Шунинг учун Исроил ҳаво ҳужуми бошланган заҳоти ҳамма нарса терсига дўнади ва вазият жудаям хавфли тус олади. Хавфсизлик деган ҳисни, ким биландир тузган режаларингизни, яқинларингиз билан алоқани, озиқ-овқат дўконига бориш эркинлигингизни бирдан йўқотиб қўясиз.
Бир томондан, мен ҳали ишлашим, оиламга ғамхўрлик қилишим керак. Шу боис сувимиз ва энг оддий эҳтиёж молларимиз етарли эканлигига ишонч ҳосил қилишим лозим. Албатта, бу кундалик ҳаёт оқимидаги жуда оддий ва нормал нарсалар, аммо бомбардимон пайти жуда ҳам қийин бўлади. Ўйлаган ягона фикримиз бу ишларнинг барчасини бажариш ва омон қолиш хаёлидир.
Ўйнаётган болалар умрига зомин бўлган бомбалар
Шуайбнинг айтишича, бомба овози ҳар янграганда у яна даҳшатга тушади ва хавфсиз жой топиш ҳақида ўйлайди. Аммо ҳар сафар умидсизликка тушиб, ўз уйида қолади: «Биз ҳамон жон талвасасида яшаяпмиз. Бир дақиқадан сўнг нима бўлишини билмаймиз, бир дақиқадан кейин уйим ўққа тутиладими, омон қоламанми, билмайман.
Ҳозирги вазият бизни ақл бовар қилмас даражадаги босимга дучор қилмоқда. Энг ёмон эҳтимол миямни тинимсиз пармаламоқда. Оилам-ку ёнимда, аммо дўстларим ва қариндошларимнинг аҳволи қандайлигини билмайман. Агар биномиз ўққа тутиладиган бўлса, қаердан чиқишимиз, қайси тарафга чопишимиз керак? Бу масалада тажрибамиз бор, шундай бўлса-да, яна ҳар бир эҳтимолни кўздан кечириб чиқяпмиз.
Илгари ҳам Исроилнинг кўплаб ҳужумлари содир бўлган, мен учун уларнинг энг ёмони 2012 йилдагиси эди. Чунки Ғазода эмасдим. Таълим олиш учун бир муддат чет элга чиққандим. Мен оиламдан шу қадар қаттиқ хавотир олдимки... Энди бирга эканимизга шукр қиляпман».
Бейт-Хунундан бўлган ал Масри оиласи эса беш нафар фарзандидан жудо бўлганини маълум қилди.
Оила аъзолари далада ишлаётганда ака-ука ва амакиваччалар ўйнаётган ҳудудга тушган ракета 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган беш нафар бола ва уларнинг 20 ёшли амакиваччаларининг умрига зомин бўлган.
«Бомба тушаётганда ўйлашга вақт бўлмайди»
Ғазоликларнинг аксарияти 2009, 2012 ва 2014 йилларда содир бўлган энг йирик Исроил бомбардимонларига гувоҳ бўлган.
Баъзи ғазоликлар бомбардимон яқинлашаётганини сезганларида қаерга қочиш мумкинлигини режалаштиришади.
Бироқ Саид Шуайб ушбу режаларни амалда қўллаш мумкинлигига ишонмайди:
«Бомба тушаётганда ўйлашга вақт тополмайсиз. Истаганингизча режа тузинг, шунчаки болаларингизни пана қилиб, уларни йўналтира оласиз, холос».
Бу сафар ғазоликларни қаттиқ ташвишга солувчи яна бир воқеа содир бўлди.
Баъзи ғазоликларнинг айтишича, 2014 йилдан буён Исроил «дрон ракеталари» деб номланган жуда кичик кўламда зарар берувчи ракеталарни учириб келган, шу боис бомба тушган жойларга янада кучлироқ зарбалар берилишини тахмин қилиб, бунга ҳозирлик кўриш мумкин эди:
«2014 йилдаги катта операциядан бери ҳозирга қадар муайян бинога аввалига кичик, самарасиз ракета зарбалари бериларди. Бу зарбалар бинога минимал зарар етказар, бино ичидагилар эса тезда ташқарига чиқиб оларди. Аммо энди ўшандан бери биринчи марта бундай қилишмади ва тўғридан тўғри бомбардимон уюштиришди. Қочиш учун ҳеч кимда фурсат бўлмади. Бу ҳолат жуда ҳам хавфли, чунки ухлаб ётганимизда, кўчада юрганимизда ёки уйда ўтирганимизда бир неча сония ичида нишонга айланишимиз мумкин. Тўғрисини айтганда, ҳеч ким бу бомбардимонларнинг яқин орада тамоман тугашига ишонмайди».
«Карнай овозини кутиб, янгиликларни кузатиб борамиз»
Авваллари каби олдин огоҳлантирувчи ўқларнинг отилмаётгани ғазоликларни айниқса тоза сув керак бўлиб турган дамларда янада кўпроқ қўрқитади.
Ғазодаги деярли барча аҳоли тоза сув муаммосидан азият чекади. Тоза сув машиналарда бидонлаб тарқатилади. Фаластинликлар сув олиш учун навбатда туришга мажбур. Электр энергиясидан ҳам кунига 8 соат фойдаланиш мумкин. Умарнинг айтишича, Рамазон ойи муносабати билан бу муддат бироз узайтирилган:
«Сув масаласи давом этиб келаётган инқироздир. Автомобиллар келиб, карнай чалади, биз эса бидонларимизни олиб, пастга тушамиз. Суҳбатлашиб, навбатимиз келишини кутамиз. Аммо икки кундан бери беш дақиқа ичида сувни олиб, чопиб уйга қайтишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки кўчада исталган дақиқада ўққа тутилишимиз мумкин. Аммо нима қилайлик, сув ҳам тирик қолишишимиз учун зарур».
Электр энергияси ҳам ҳар оқшом соат 22:00да келади ва саҳаргача бўлади. Сешанба куни кечқурун двигателнинг яқинидаги ҳудуд бомбардимон қилингани учун электр кеч келди. Аммо биз бунга одатланиб қолганмиз, чунки электр қачон келиши ҳар доим ҳам аниқ эмас. Бундан ташқари, ҳар дақиқа янгиликлар ва кимнинг нима деганига оид хабарларга кўз югуртириб турамиз».
Мавзуга оид
19:00 / 25.12.2024
“Матрица”нинг бузилиши ва тарихий ордер
14:07 / 25.12.2024
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
16:05 / 24.12.2024
«Моссад» ходимлари «Ҳизбуллоҳ» пейжерлари ва рацияларини портлатиш амалиёти қандай тайёрланганини айтиб беришди
13:38 / 24.12.2024