Жамият | 14:45 / 15.05.2021
11529
2 дақиқада ўқилади

Бухорода сохта Миллий гвардия ходими қўлга олинди

Бухорода ўзини Миллий гвардия ходими деб таништириб, фуқародан пул ундирган шахс қўлга олинган.

Миллий гвардия ахборот хизматининг маълум қилишича, Вобкент туманининг «Ғарибшоҳ» маҳалласида яшовчи 21 ёшли шахс ўзини Бухоро шаҳрида яшовчи фуқарога Миллий гвардия ходими сифатида таништириб, ҳуқуқбузарлиги юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик эвазига ундан 200 минг сўм талаб қилган.

Сохта ходим ушбу пулларни Бухоро шаҳридаги савдо дўкони олдида олаётган вақтида Миллий гвардия вилоят бошқармаси ва Бухоро шаҳар ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан сохта ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг сохта ходими, сохта ўт ўчирувчилар ва ИИБ ходими, Тошкент вилоятида сохта «ГАИ» ходими, Сирдарёда сохта прокурор, Тошкентда сохта Миллий гвардия майори, Қашқадарёда Миллий гвардиянинг сохта ходими, Сурхондарёда ўзини «ички ишлар органи майори» деб таништириб юрган сохта ходим қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид