«Ҳозирги театрлар совет давридан қолиб кетган, биз эса бошқа замонда яшаяпмиз». Марҳум режиссёр Баҳодир Йўлдошев театр фожиаси ҳақида
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти, моҳир режиссёр ва актёр, талабчан устоз ва меҳрибон мураббий Баҳодир Йўлдошев узоқ давом этган хасталик туфайли 76 ёшида оламдан ўтди.
Баҳодир Йўлдошев театрда машҳур санъат асарлари – "Майсаранинг иши", "Фармонбиби аразлади", "Келинлар қўзғолони" ва бошқа кўплаб спектакллари орқали халқ эътирофига сазовор бўлган. Театр руҳини чуқур тушуна олган ижодкор вафотидан анча олдин журналист Гулмира Мусажоновага берган интервьюсида театр ҳақида таъсирли гапларни айтган эди.
"Биз қачондир театрларни ислоҳ қилиш даврига етиб келамиз. Ҳукумат кун келиб нима сабабдан халқ онги ривожланишдан тўхтаб қолаётганини, тадбиркорларнинг пули бор-у савияси йўқлиги, нима учун улар хорижлик тадбиркорлар билан театр, мусиқа ҳақида фикр алмашолмаслиги ҳақида ўйлаб кўради. Миллатни тарбиялаш учун театр жуда катта восита. Бу даврга, албатта, келамиз. Бошқа иложимиз йўқ.
Мана, ҳозир кўп театрлар қуриляпти. Уларнинг кўпчилиги ҳокимиятлар мажлис ўтказадиган жойга ўхшайди, театр саҳнаси талабларига жавоб бермайди, ҳокимият ўз тадбирлари, мажлисларини ўтказадиган жой ҳисобланади. Театр қурмоқчи экансиз, дунё андозаларидан олиб қуриш керак. Шунчаки ҳар бир театр зали томида осмон тасвири бўлгани билан театр бўлиб қолмайди. Ҳар бир театр худди инсонга ўхшайди. Биносининг ҳам ўз характери, юзи бўлиши керак.
Республикада жами 37 та театр бор. Улар ҳақиқатан ўз ишлари билан шуғулланяптими ёки кечқурун тўйга бориб келиб режани бажаришяптими? Ўша театрларда маҳоратли актёрлар бўлса, улар ҳам ислоҳотга муҳтож. Чунки шундай театр актёрлари борки, улар бир умр яхши режиссёрни кўрмай ўтиб кетишган. Ҳозирги театрлар ишлаб кетиши, ўз вазифасини бажариши учун ҳукумат даражасида театрлар фаолиятини такомиллаштирадиган қарорлар керак.
Ҳозирги театр – бу совет даври театри. Театрларнинг шакл-у шамойили совет тузумидан қолиб кетган. Биз бошқа замонда яшаяпмиз. Ҳозир биз умуман бошқа одамлармиз. Театр замон ўзгарганини биринчилардан бўлиб ҳис қилиши керак. Агар ундай бўлмаса, унда унинг ҳеч кимга кераги йўқ".
Мавзуга оид
20:36 / 17.12.2024
Россиялик режиссёр Ўзбекистон ДАКТ бадиий раҳбари этиб тайинланди
18:47 / 04.12.2024
Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотлар таъсис этилади
14:50 / 16.09.2024
Буюк Британияда “Лазги” спектакли намойиш этилди
13:18 / 23.03.2024