Жамият | 15:29 / 20.05.2021
41606
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда кластер ишчилари велосипедларда халқаро йўлни тўсиб қўйди 

Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ фуқароларнинг велосипедларда М-39 халқаро автомобил йўлида машиналар қатновини тўсиб ҳаракатлангани тасвирланган видео тарқалди.

Тасвирда фуқаролардан бири ўзларининг «Индорама» ишчилари экани ва иш ташлаш эълон қилганини айтган. Шунингдек, йўловчиларнинг саволларига жавобан сувчи-деҳқон экани, иш ҳақи кам эканидан норозилигини баён қилган. «1,5 миллион сўм ойлик берарди, етмаяпти ўзи, шуни ҳам камайтирмоқчи бўляпти», дейди ишчилардан бири. Халқаро автомобил йўлига чиққан велосипед ҳайдовчилари йўлни тўсишдан мақсад тегишли амалдорлар билан гаплашиш эканини айтган.

Kun.uz манбаси мазкур ҳолат М-39 халқаро автомобил йўлининг Сирдарё вилояти ҳудудида рўй берганини маълум қилди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур воқеа бугун, 20 май куни эрталаб бўлганини маълум қилди. Ахборот хизматига кўра, видеоларда тасвирланган фуқароларнинг барчаси «Индорама» кластери ишчилари бўлиб, мазкур ташкилот Қашқадарё ва Сирдарёда ҳам фаолият кўрсатади.

Ҳокимлик томонидан айни вақтда ҳолатни ўрганиш учун ишчи гуруҳ ташкил этилгани, ўрганиш натижалари бўйича баёнот берилиши маълум қилинди. Сардоба туман ҳокимлиги ҳам йўлни ёпганлар «Индорама агро» кластери ишчилари эканини тасдиқлаган.

Мавзуга оид