Ўзбекистон | 08:25 / 21.05.2021
21431
2 дақиқада ўқилади

Турсинхон Худойбергановга фахрий унвон берилди 

Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи, генерал-лейтенант Турсинхон Худойберганов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, унга унвон давлат органлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, муаммоларни жойида бартараф этиш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш борасидаги катта хизматлари ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан берилди.

ФВВ раҳбари Турсинхон Худойберганов 1951 йилда туғилган. Тошкент педагогика институти (1974 йил) ва СССР ИИВ Академияси (1982) битирувчиси. 1974−1999 йилларда ИИВда турли лавозимларда ишлаган. 1999−2001 йилларда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, 2001−2006 йилларда — президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси, 2006−2010 йилларда эса Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.

Турсинхон Худойберганов 2010 йилнинг мартидан 2016 йил декабригача ФВВга раҳбарлик қилган. Сўнгра президентнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У ҳали ҳам мазкур лавозимда фаолият кўрсатмоқда.

Бундан олдин, бир гуруҳ генераллар «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирлангани хабар қилинганди.

Тақдирланганлар орасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбариятининг бир гуруҳ вакиллари ҳам бор. Хусусан, фавқулодда вазиятлар вазири в.б., генерал-лейтенант Турсинхон Худойберганов I даражали кўкрак нишони билан тақдирланди.

Мавзуга оид