Ўзбекистон | 09:51 / 22.05.2021
36521
2 дақиқада ўқилади

Собиқ МХХ биносини сотиб олиш бўйича 3та таклиф келиб тушган

Жорий йил 21 май куни “Давактив” агентлигида давлат тендер комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари ва давлат активларини сотиб олиш бўйича таклифлар тақдим этган тадбиркорлар иштирок этди.

“Давактив” хабарига кўра, оммавий савдоларга чиқарилган йирик активларнинг 6таси бўйича жами 16та таклиф келиб тушган. Жумладан, “Малика” савдо мажмуаси, “Ичан қалъа” меҳмонхонаси ва “Қизил сув спорт соғломлаштириш” МЧЖ бўйича 2та, “Пойтахт бизнес мажмуаси” МЧЖ мулкий мажмуаси ҳамда “Марказий бино ҳудуди” (собиқ МХХ биноси) бўйича 3та, “Газеталар ишлаб чиқариш мажмуаси” биноси бўйича 4та талабгордан сотиб олиш бўйича таклифлар келиб тушган.

Шундан сўнг, талабгорлар тақдим этган ёпиқ конвертлар давлат тендер комиссияси аъзолари, талабгорлар ва ОАВ вакиллари иштирокида очилди.

Энди ишчи орган томонидан 5 иш куни мобайнида талабгорлардан келиб тушган таклифларнинг давлат активлари бўйича савдо шартларига мослиги, ундан келгусида фойдаланиш йўналишларига қўйилган талабга таклиф этилган бизнес концепция лойиҳаси мақбул ёки мақбул эмаслиги ўрганилади.

Ишчи орган ўз ҳисоботини тайёрлаб, давлат тендер комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим этади ва иккинчи босқичга ўтган ёки ўтмагани тўғрисида маълумотлар эълон қилинади. Ҳар бир талабгорга индивидуал хабарлар юборилади.

Аввалроқ, собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Сайилгоҳ кўчасида жойлашган бош қароргоҳи оммавий савдоларга қўйилгани хабар қилинганди. 

“Давактив” агентлиги сайтида жойланган эълонда бино ҳудуди, унинг виртуал 360° даражали суратлари билан танишиш учун ҳавола ҳам қўйилган.

Мавзуга оид