Тошкент маъмурий судидан 2 хил стандарт: «Обнал иши»даги мантиқсизлик судда давом этмоқда
Тошкент туманлараро маъмурий суди «обнал иши» доирасида тадбиркорнинг аризасини маъмурий эмас, иқтисодий суд судловига тааллуқли деб топди. Бироқ бунгача худди шу мазмундаги аризалар худди шу суд томонидан кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган эди.
2021 йилнинг февраль ойида солиқ органлари томонидан кўплаб тадбиркорларнинг шахсий кабинетига ҚҚС бўйича ҳисобга олинган суммалар бекор қилингани тўғрисида хабарнома жўнатилди. Шундан сўнг, солиқ тўловчиларнинг ҚҚС бўйича шахсий ҳисобварағига солиқлар ҳисобланди.
Бунинг ортидан кўплаб тадбиркорлар ва солиқ органлари ўртасида судлашувлар бошланиб кетди. 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида биргина Тошкент шаҳрининг ўзида солиқ органлари устидан берилган 15та ариза маъмурий судлар томонидан қаноатлантирилди.
Таҳририятга мурожаат қилган «B.» МЧЖ вакили эса худди шу мавзудаги аризаси иш маъмурий суд судловига тааллуқли эмас деб топилгани сабабли иш юритишдан тугатилганидан норозилигини билдирди.
Маълум бўлишича, 2021 йил 10 феврал куни Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан жамият битимларни кўзбўямачилик учун тузган, деб ҳисобланган ва ҚҚС бўйича ҳисобга олиш бекор қилинган. Жамият эса ушбу ҳолат бўйича Тошкент туманлараро маъмурий судига мурожаат қилиб, аризасида жавобгар Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаси юқоридаги ҳаракатни Солиқ кодексининг 14- ва 266-моддалари талабига зид равишда, далил-исботсиз ҳолатда амалга оширган деб ҳисоблашини ва суддан бу ҳаракатни қонунга хилоф деб топиб, жавобгар зиммасига ўзининг юқоридаги ҳаракатини бекор қилиш мажбуриятини юклашни сўраган.
Суд эса ўзининг 2021 йил 4 майдаги ажрими билан шикоят бўйича юритилган ишни маъмурий суд судловига тааллуқли эмас деб топиб, иш юритишдан тугатади.
Шу ўринда қайси ишлар маъмурий суд судловига тааллуқли, деган савол туғилади.
Маълумки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддасида маъмурий суд давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилиши белгиланган.
Шунингдек, Олий Суд Пленумининг 2019 йил 24 декабрдаги «Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида»ги қарорининг 6-бандида маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари деганда, қарор шаклида ифодаланмаган бўлса ҳам, бироқ манфаатдор шахслар ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилишига олиб келган ёки уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари амалга оширилишига тўсқинлик қилган юридик аҳамиятга эга фармойишлар тушунилиши назарда тутилган.
Кўриниб турибдики, «B.» МЧЖнинг аризаси маъмурий судга тааллуқли ҳисобланади ва юқоридаги ажримда айтилганидай аризачининг шикоятида келтирилган талаблар иқтисодий суд томонидан ҳал этиладиган низолар тоифасига эмас, балки маъмурий суд томонидан ҳал этиладиган низолар тоифасига киради.
Фикримизни қувватлаш учун амалиётдан мисоллар кўриб ўтсак.
Худди шу суд (Тошкент туманлараро суди)га «G.» МЧЖ ва «T.» ХК томонидан берилган худди шундай мазмундаги талаблар 2021 йил 26 апрел куни чиқарилган ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси мансабдор шахсларининг ҚҚС бўйича ҳисобга олишни бекор қилиш ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилган ва солиқ бошқармасига шахсий ҳисоб варақларга киритилган тузатишларни бекор қилиш мажбурияти юкланган.
Ушбу мантиқсиз тафовутнинг сабаби билан қизиқиб, Тошкент шаҳар суди билан боғландик. Шу суднинг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова ҳозирда суд ажрими устидан шаҳар судига апелляция шикояти берилгани, шу туфайли ҳали қонуний кучга кириб улгурмаган суд ҳужжати бўйича бирор фикр билдирилмаслигини маълум қилди.
Нега битта суд томонидан бир хил мазмундаги талаб бўйича 2 хил қарор қабул қилиняпти, деган савол туғилиши табиий. Бу саволга бизда ҳам ҳозирча жавоб йўқ.
Асл вазифаси дарахт оқлаб, кўчани ободонлаштириш эмас, аксинча республикада қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этиш устидан назоратни амалга ошириш бўлган прокуратура органлари ҳам мазкур масалага эътибор қаратсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Аббос Салайдинов
Мавзуга доир:
Мавзуга оид
16:19
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024