Жаҳон | 00:00 / 23.05.2021
17221
8 дақиқада ўқилади

Шенген визаси: У қандай пайдо бўлган?

Фото: Reuters / Scanpix

Саёҳат қилишни севувчи ёки дунё кезишни орзу қилган киши борки, саёҳати қийинчиликсиз ва хавфсиз ўтишини истайди. Бироқ баъзи давлатлардаги мавжуд виза режими саёҳатчилар учун айрим муаммоларни юзага келтириши мумкин.

Аммо дунёда шундай визалар ҳам борки, биргина визанинг ўзи бир неча давлатлараро ортиқча ҳужжатларсиз ҳаракатланиш имконини беради. Шундай визалардан бири Шенген визасидир. UzbekLifе ушбу мақола орқали мазкур виза ҳақида атрофлича маълумот беради.

Франция ва Германия томонидан дастлабки қадам

Европа давлатлари ўртасидаги фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши концепцияси тарихи ўрта асрларга бориб тақалади. Бироқ ушбу концепция амалга оширилиши Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврга тўғри келди. 1984 йил 17 июнда Франция ҳамда Германия Федератив Республикаси ўртасида Фонтейнблау шаҳрида икки мамлакат фуқароларининг эркин ҳаракатланишига имкон берувчи шартнома тузилади.

Кейинчалик ушбу шартнома 1985 йилнинг 14 июнида, Германия Федератив Республикаси, Белгия, Нидерландия ҳамда Люксембург давлатлари томонидан Люксембург жанубидаги Мозелл дарёси бўйидаги кичик қишлоқчада имзоланиб, унинг шарафига шартнома Шенген (Сченген) номи билан аталди.

1985 йил 14 июнь – Катерине Лалумер (Франция), Валдемар Шрекенбергер (ГФР), Пол Де Кирсмекер (Белгия),
Роберт Геббелс (Люксембург) ҳамда Уим ван Эекелен (Нидерландия) томонидан Шенген шартномаси имзоланмоқда.

Мазкур шартноманинг тузилишидан асосий кўзланган мақсад давлатлар орасидаги чегараларда ҳужжат текширувларига чек қўйиш эди.

Люксембургдаги Шенген шартномаси шарафига қўйилган монумент

Беш йилдан сўнг, аниқроғи, 1990 йилнинг 19 июнига келиб, Шенген келишувининг аниқ вазифаларини белгилаб берувчи Конвенция имзоланади. Унга кўра, аъзо давлатлар орасидаги ўзаро ички чегара назорати бекор қилиниб, ташқи чегаралар назоратига урғу берилди.

Шунингдек, Шенген Ахборот Тизими – SIS (Shengen Information System) барча аъзо давлатлар учун умумий бўлган маълумотлар базаси ташкил этилиб, ягона шаклдаги виза ишлаб чиқилиши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, иммиграция ҳамда ички назоратчилар орасида узвий ҳамкорлик тизими ташкил этилди.

Шенген ҳудуди концепцияси аста-секин ривожланиб, аъзолар сафи кенгая бошлади. Хусусан, 1990 йил 27 ноябрида Италия, 1991 йилнинг 25 июнида Португалия ва Испания ва 1992 йилнинг 6 ноябрида Греция давлатлари шартномага аъзо бўлишди.

Шенген шартномаси Низомида бир қатор қонун-қоидаларни назарда тутган бўлса-да, унинг ҳақиқий ҳозирги Шенгенга айланиши унга аъзо бўлган Германия, Франция, Белгия, Нидерландия, Люксембург, Испания ҳамда Португалиянинг 1995 йилнинг 25 мартида ўзаро ички чегараларидаги текширувларга бутунлай барҳам беришидан бошланади.

Айнан мана шу воқеа Шенген Келишуви аъзолари сафини янада кенгайтирди. 1995 йилнинг 28 апрелида Австрия, 1996 йилнинг 19 декабрида Дания, Финландия, Исландия, Норвегия ҳамда Швеция давлатлари мазкур келишувни имзоладилар. Шунингдек, 2000 йилларнинг бошида бирин-кетин Чехия, Эстония, Венгрия, Латвия, Литва, Малта, Полша, Словакия, Словения ҳамда Швейцария давлатлари ҳам ушбу шартномага қўшилдилар. Шу тариқа, 2008 йил февралида Лихтенштейннинг 26-давлат сифатида шартномага аъзо бўлиши билан Шенген ҳудудининг яратилиш жараёни якунланди.

Шeнгeн ҳудуди ҳамда Европа Иттифоқи ўртасидаги тафовутлар

Европа давлатларининг кўпчилиги бу шартномаларнинг иккисига ҳам аъзо бўлсалар-да, улар вазифасига кўра бир-биридан фарқ қилади. Европа Иттифоқи сиёсий-иқтисодий келишув бўлиб, ҳозирда унга 28 та давлат аъзо. Бундан ташқари, ЕИда божхонадан озод қилинган ички ягона бозор мавжуд. Қолаверса, фуқароларнинг иттифоқ таркибидаги 28 та давлат ичида эркин ҳаракатланиши қонун билан кафолатланган.

Шенген визаси уни олган шахсларга ушбу шартномага аъзо давлатлар ҳудудида текширувларсиз, эркин ҳаракатланишга рухсат беради, холос.

Шенген визасининг турлари

Шенген визаси мазкур шартномага аъзо бўлган исталган давлат томонидан берилиши мумкин. Юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу виза ўз эгасига шартномага аъзо мамлакатлар ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини бериб, ташриф мақсадига қараб 4 тоифага бўлинади:

  • «А» тоифа – аэропортга кириш учун олинадиган транзит визаси;
  • «Б» тоифа – Шенген зонаси ичида 5 кун давомида амал қилувчи транзит визаси;
  • «C» тоифа – Шенген зонасида қолиш учун бериладиган қисқа муддатли виза. Бунда рухсат берилган муддат давомийлиги визада кўрсатилади.

Саёҳат мақсадига қараб:

-        Бир марталик – Шенген ҳудудидаги ҳар қандай мамлакатга бир марта киришга рухсат берилади. Шенген ҳудудидан чиқиб кетгандан сўнг, виза муддати ҳали ҳам тугамаган бўлса-да, қайта киришга рухсат берилмайди.

-        Икки марталик – ушбу виза Шенген ҳудудига икки марта кириш ҳуқуқини беради ва унинг амал қилиш муддати визада кўрсатилади. Шенген зонасидан иккинчи марта жўнаб кетилгач, виза муддати амалда бўлса ҳам, қайта киришга рухсат этилмайди.

-        Бир нечта марталик – мазкур виза Шенген ҳудудига кириш сонини чекламайди. Бироқ унинг амал қилиш муддати берилган кунидан бошлаб 6 ой ичида шартномага аъзо исталган давлатда 90 кунгача қолиш имкониятини беради. Шенген ҳудудига биринчи кириш куни визанинг биринчи куни ҳисобланади. Қисқа муддатли ташрифлар ҳамда Шенген ҳудудига такрорий кириш кунларининг умумий сони максимал 90 кунга етгунга қадар умумлаштирилади. Умумий кунлар миқдори 90 кундан ошгач ҳудудга киришга рухсат берилмайди.

LTV (Limited Territorial Validity) визаси:

Ушбу тоифадаги виза эгаси фақат маълум бир Шенген ҳудудида ёки виза олиш учун кўрсатилган мамлакатларда саёҳат қилиши мумкин. Ушбу турдаги виза асосан махсус ҳолатларда, масалан, гуманитар мақсадлар учун берилади.

• Ниҳоят «Д» тоифаси – Шенген ҳудудида ўқиш, яшаш ёки ишлаш каби махсус ҳолатларда берилган миллий виза.

Ушбу виза:

-        Бир марталик – Шенген мамлакатда муайян вақтдан кейин қолиш шарт бўлмаган шахслар учун;

-        Кўп марталик – Шенген мамлакатларига бир неча марта кириш имконини беради.

Мазкур турдаги виза қуйидаги ҳолларда берилади:

- ўқиш учун бир йилгача (узайтириш имконияти билан);

- илмий иш ёки тадқиқот ўтказиш учун, шунингдек, яқин қариндошлариникига ташриф учун;

- меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун сафар қилаётган мутахассислар;

- фавқулодда ҳолатларда, масалан, даволаниш мақсадида муайян муддатга чекланган ҳолда.

Шенген визасини олиш нархи ҳозирда 80 еврога тенг. Бундан ташқари, ёдда тутиш жоизки, виза олиш учун ташриф буюрувчи шахс суғурта қилиниши лозим. Мазкур суғурта фавқулодда ҳолатлар, бахтсиз ҳодисалар вақтида виза эгасига камида 30 000 евро суғурта пули ажратади.

Мақоланинг иккинчи қисми тез кунда эълон қилинади.

Аслиддин Аннаев,
UzbekLifе колумнисти

Мавзуга оид