Иқтисодиёт | 17:03 / 24.05.2021
19418
2 дақиқада ўқилади

«Ҳукумат комиссияси қарорлари ҳамма учун мажбурий» — Умрзоқов «обнал иши»да ДСҚнинг хатти-ҳаракатига муносабат билдирди

Kun.uz Сардор Умрзоқов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси 1 апрел куни Бухоро вилоятидаги тадбиркорлар билан учрашгани ва комиссия вилоятдаги 907та тадбиркорлик субъектидан «обнал иши» бўйича 47 миллиард сўмлик солиқ ундирувини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилганини ёзганди. Сардор Умрзоқов комиссия қарорига нисбатан ДСҚнинг хатти-ҳаракатига ўз муносабатини билдирди.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган «Тошкент 5 ташаббус» тадбирлари доирасида инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ёшлар билан учрашди. Учрашувда Kun.uz мухбири Умрзоқовга ҳукумат комиссияси қарори юзасидан савол билан мурожаат қилди.

Kun.uz: — 24 апрель куни сизнинг бошчилигингиздаги ҳукумат комиссияси Бухоро вилоятидаги тадбиркорлар билан учрашганди ва комиссия вилоятдаги 907та тадбиркорлик субъектидан «обнал иши» бўйича 47 миллиард сўмлик солиқ ундирувини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилганди. Давлат солиқ қўмитаси ҚҚС бўйича ундирув бекор қилинмаганини, тадбиркорларга солиқни бўлиб тўлашга имкон берилганини маълум қилди. Бироқ бу комиссия қарорининг ижроси эмас. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

С.У: — Ҳақиқатан бундай қарор қабул қилинган. Бу қарор ижросини Вазирлар Маҳкамаси қошидаги алоҳида тузилган инспекция ва Бош прокуратура назоратга олиши керак. Сиз айтган гапингиздан кейин бориб топшириқ бераман. Улар менга ҳисобот беради. Лекин ҳукумат комиссиясининг қарорлари ҳамма учун мажбурий. Президентимизнинг фармонлари билан алоҳида белгиланган. Комиссия қарорлари белгиланган муддатда бажарилмаган бўлса, буни бажармаган масъулларга тегишли чоралар кўрилади.

Aввалроқ, Kun.uz Сардор Умрзоқов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси Бухоро вилоятида фаолият юритадиган 907та тадбиркорлик субъектига «обнал иши» юзасидан юклатилган 47 миллиард 133 миллион сўмлик ҚҚС ундирувини бекор қилиш тўғрисида қарор чиқаргани ҳақида мақола эълон қилганди.

Бироқ ДСҚ қўмита бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини ноқонуний камайтириш натижасида ҳосил бўлган солиқ қарздорлигини мажбурий ундирувга қаратиш чораларини кўргани, ундирув бекор қилинмаслигини, балки солиқни бўлиб тўлашга имкон берилганини маълум қилди.

Иқтисодчи Юлий Юсупов эса ДСҚ ҳукумат комиссияси қарорини бажаришдан бош тортганига эътибор қаратганди.

Мавзуга оид