Жаҳон | 10:40 / 25.05.2021
6246
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Ryanair самолётини портлатиш таҳдидига алоқаси йўқлигини маълум қилди  

Фото: AFP

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Минскда фавқулодда қўндирилган Ryanair самолётини портлатиш билан таҳдид қилгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда ҳаракат вакили Фавзи Барҳум маълум қилди.  

Аввалроқ Беларусь транспорт ва коммуникациялар вазирлигининг авиация департаменти директори Артем Сикорский Минск аэропорти электрон почтасига ҲАМАС жангарилари номидан самолёт миналаштирилгани ҳақида хабар келганини маълум қилганди. Шундан кейин самолёт Минскда қўндирилган.  

«ҲАМАС Беларусь баёнотига қарамай, самолётнинг мажбурий қўндирилишига алоқаси йўқ. Биз ҲАМАСни ёмонотлиқ қилишга ва Фаластин халқи ҳамда унинг қонуний кураши қўллаб-қувватланишига халақит қилишга интилувчи шубҳали ташкилотлар қўллайдиган усуллардан фойдаланмаймиз», деб айтилган Барҳум баёнотида. 

Эслатиб ўтамиз, 23 май куни Минск аэропорти матбуот хизмати Афинадан Вильнюсга учган самолёт «миналаштириш» ҳақидаги хабардан сўнг мажбуран қўндирилганини маълум қилганди. Самолёт бортида Беларусда экстремистик деб тан олинган NEXTA Telegram-каналининг собиқ муҳаррири ва асосчиларидан бири Роман Протасевич бўлган. У самолёт қўнгач қўлга олинган.

Мавзуга оид