Ўзбекистон | 08:38 / 25.05.2021
4226
4 дақиқада ўқилади

Метрода йўловчи ташиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи норматив ҳужжатлар амалда мавжуд эмас - Агентлик

Фото: KUN.UZ

Йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситалари хавфсизлиги – транспорт компанияларининг йўловчилар олдидаги асосий вазифаларидан бири. Аммо, кейинги вақтларда пойтахт аҳолиси ерости транспортида тез-тез муаммоларга дуч келмоқда. Йўловчилар томонидан суратга олинаётган видеоролик кейинчалик ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, пойтахт аҳолиси орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўляпти.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан пойтахт метрополитени йўловчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида олиб борилган ишлар натижаларига кўра, истеъмолчиларга бевосита метрополитенда йўловчиларни ташиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи норматив ҳужжатлар (“Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги қонундан ташқари) амалда мавжуд эмаслиги маълум бўлди. 

“Ҳолбуки, мамлакатимизда темир йўл, ҳаво ҳамда автомобил транспортларида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қонун билан аниқ тартибга солинган. Агентлик, шунингдек, Россия, Қозоғистон, Украина ва бошқа мамлакатларнинг метрополитендан фойдаланиш ва эскалаторда ўзини тутиш қоидалари, йўловчилар хавфсизлиги, багаж ва қўл юкларини ташиш ҳамда уларни сақлаш тартиби, тижорат объектлари ва рекламаларни жойлаштириш тартиблари бўйича тажрибаларини ўрганди. Бундай ҳужжатлар истеъмолчилар учун очиқ манбаларда берилган”, дейилади маълумотда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, агентлик Транспорт вазирлигига истеъмолчилар ҳуқуқлари ва хавфсизлигини тўлақонли таъминлаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар тақдим этган:

1. Йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш нуқтайи назардан метрополитенда йўловчилар, багаж ва юк багажи ташиш қоидаларини ишлаб чиқиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжат шаклида тасдиқлаш ҳамда унда қуйидагилар: йўловчи ва ташувчи ҳуқуқ ва мажбуриятлари, авария ва техник носозликлар юзага келганда амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар (батафсил ёритган ҳолда), авария ва техник носозлик сабабли хизмат кўрсатиш тўхтатилганда йўловчига етказилган зарарларни (шу жумладан тўланган пулларни) қоплаб бериш аниқ тартиби ва механизмлари; йўловчи-истеъмолчилар билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби; метрополитенда йўловчи хавфсизлигини таъминлашнинг давлат кафолатларини назарда тутиш зарур;

2. Моддий-техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, метрополитен хизматларининг санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда кўрсатилишини ҳамда йўловчилар ҳаёти, соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, унинг мол-мулкига зарар етказмаслигига кафолат берилиши имкониятларини таъминлаш;

3. Аҳолининг ахборот хабардорлигини янада ошириш, хизмат кўрсатиш қоидаларини тушунарли (видеографикли, анимацияли) тарзда йўловчиларга етказиш, шу жумладан бекат ва вагонлардаги мониторларда мунтазам равишда бериб бориш.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Шунга кўра, ижрочи (ташувчи)нинг айби билан йўловчи белгиланган манзилга етказиб қўйиш таъминланмаган тақдирда ижрочи йўловчини белгиланган бошқа транспорт воситаси орқали белгиланган манзилга етказиб қўйиш ёки йўловчи томонидан тўланган пул маблағларини қайтариш чораларини кўриши шарт, дейилади агентлик маълумотида.

Мавзуга оид