Жамият | 14:06 / 25.05.2021
11719
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда «Дамас» ва «Камаз» ўртасида содир бўлган тўқнашувда икки киши вафот этди, яна икки киши оғир тан жароҳатлари олди

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида «Дамас» ва «Камаз» машиналари ўртасида содир бўлган тўқнашувда икки киши вафот этган. Яна икки киши оғир тан жароҳатлари билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, кеча, 24 май тунда соат 02:15 лар чамасида М41 Бишкек-Душанбе-Термиз халқаро автомобил йўлининг Шўрчи тумани Гулистон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 1501-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Денов-Шўрчи йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Камаз» юк машинаси йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетган ва ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Дамас»ни уриб юборган.

Оқибатда, «Дамас» ҳайдовчиси ва унинг ёнида бўлган йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Бундан ташқари, «Дамас»да йўловчи сифатида кетаётган икки нафар шахс, улардан бири 8 ёшли қиз бўлган, оғир тан жароҳатлари билан Шўрчи туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса туфайли «Дамас» машинасига жиддий зарар етган. Шунингдек, «Камаз» ҳам йўл четидаги зовурга ағдарилиб кетган.

Суриштирувларда маълум бўлишича, «Камаз» ҳайдовчиси юк машиналарини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани бир йил аввал олгани ва етарли малакага эга бўлмагани аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 24 май куни эрталаб А373 Тошкент-Андижон-Ўш халқаро автомобиль йўлининг Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтган қисмида ҳам аянчли йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Оғир юк ортган юк машинаси темир йўл кесишмасида тўхтаб турган еттита (!) машина билан тўқнашган. Оқибатда, 7 нафар одам вафот этган, 14 нафар киши оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мавзуга оид