Ўзбекистон | 12:47 / 25.05.2021
11774
2 дақиқада ўқилади

Урганч тумани СЭО томонидан ўтказилган танловда раҳбарнинг укасига тегишли корхона ғолиб чиқди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси, махсус ахборот порталига жойлаштирилган очиқ маълумотлар асосида, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг (СЭОЖСХ) Хоразм вилояти бошқармаси Урганч туман бўлими томонидан ўтказилган танлов натижаларини ўрганди.

Аниқланишича, 2020 йил ноябрь ойида СЭОЖСХ Хоразм вилояти бошқармаси Урганч туман бўлими бошлиғи лавозимига Икром Болтабоевич Атаниязов тайинланган. 2021 йил 26 мартда бўлим биноси ва ҳожатхонасини жорий таъмирлаш учун танлов эълон қилинган ва 7 апрель куни ўтказилган.

Қиймати 225,5 млн сўм бўлган жорий таъмирлаш ишлари учун ўтказилган танловда «ЖК» МЧЖ ғолиб сифатида танлаб олинган. Ўрганиш давомида мазкур корхона устав фондидаги улушлари, юридик шахслар реестрига кўра, тўлиғича бўлим бошлиғи Икром Атаниязовнинг укасига тегишли эканлиги аниқланган.

«Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб, давлат буюртмачиси, стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамияти ва корхонаси билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлган хўжалик юритувчи субъект давлат харидларини ёки энг яхши таклифларни танлаб олишнинг ёхуд тўғридан тўғри музокаралар иштирокчиси бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунининг 40-моддасида давлат харидлари жараёнида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Шунга асосан, СЭОЖСХ Хоразм вилояти бошқармаси Урганч туман бўлимига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган. Ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра, танлов савдоси бекор қилинган ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-қисм 6-қисмига мувофиқ расмийлаштирилган маъмурий иш ҳужжатлари тегишли суд органига ўтказилган.

Мавзуга оид